Мақолалар

Ватан остонадан бошланади

Севинчи ичига сиғмай бораётган Ноила опа ишдан келди-ю ошга уннаб кетди. Чунки бугун ажойиб байрам – ўғли Қодиржон диплом олади.

Ота касбига меҳр қўйган Қодиржон университетнинг кимё-биология факультетини тамомлади. Ота-онанинг хурсандчилигини кўрсангиз эди. Ахир беш йил давомида фарзанд ўқитиш: ўзи емай фарзандига едиришнинг, ўзи киймай фарзандига кийдиришнинг ўзи бўларканми.

Дастурхон атрофида оила жам бўлиб ўтирганда онаси Қодиржонинг  кўнгли ёришмаётганини сезди.           

– Ҳа ўғлим, тинчликми? Хаёлинг паришон? Бугун ўзинг орзу  қилган касб эгаси бўлдинг... – деб сўради ўғлидан.

– Ҳа... ойижон шундайку-я, лекин...

– Нима лекин?

– Менга Сариосиё туманининг чекка қишлоғига мактабга йўлланма беришди.

– Вой болама, шунга хафа бўласанми? Майли, баҳонада кўрмаган жойларни кўриб келасан. Тоғли жойлар, қишлоқ ҳавоси енгил бўлади дейишади, балки тақдиринг қўшилган бўлса, бахтинг ҳам...

– Қўйинг, ойи...

Қодиржонни қишлоққа туман халқ таълим бўлимидан бир жувон бошлаб борди. Уларни бўйдор, гавдали, кафтлари нақд чақалоқнинг калласидек келадиган қишлоқ оқсоқоли – “қаҳрамон”ота ва мактаб директори кутиб олди.

Барот отани “қаҳрамон” ота дейишганича бор экан: ота қишлоқнинг чекка сўқмоқ йўлидан бораркан қора дори кўтариб келаётган учта наркобизнесга дуч келиб қолади ва учаласини ҳам ер тишлатиб, оёқ-қўлини боғлаб Ички Ишлар бўлимига топширди. Шу-шу Барот отани қишлоқ аҳли “қаҳрамон” ота деб айтишади.

Қодиржонни вақтинча қишлоқ чеккасидаги эски калхўз идорасига жойлаштиришди. Идоранинг этаги чегарага туташган. 

Сокин, сўлим қишлоқ. Оқшом супада ётаркан осмонда юлдузлар чарақлаган, узоқдан итларнинг акиллаши, бақаларнинг қуриллаши, майин шабадада теракларнинг шитирлаши эшитилади.

Одамларини айтмайсизми, нақадар самимий ва меҳмондўст. Кунда-кунора ёш болалар келиб  “Муаллим ака, бизникига юринг” дея меҳмондорчиликка чақириб кетади.

Сентябрь келиб дарслар ҳам  бошланди. Қодиржоннинг одати қизиқ, ишдан келади-ю, онасидан юққанми, қирга чиқиб табиат манзарасини чизади. Кунлар шу зайлда ўтаркан бир воқеа сабаб Қодиржоннинг ҳаёти ўзгариб кетди. Одатдагидек расм чизиб ўтираркан, ёнида пайдо бўлган иккита йигитни пайқамай қолди.

– Ассалому алайкум, ҳорманг, рассом ака. – деди улардан бири.

– Ваалайкум ассалом, бор бўлинг, – деди қўққисдан берилган саломдан чўчиб кетган Қодиржон.

– Ўҳ-ҳў, жуда чиройли чиқибди.

– Ҳа... расм чизиш севимли машғулотим

– Рассом ака, сизга бир таклиф билан келгандик. Биз доривор гиёҳлар савдоси билан шуғулланамиз. Аммо чегара  расмиятчилигига ҳушимиз йўқ. Хўп десангиз, бугун тунда ҳамкорларимизга  гиёҳларни сизни ҳовлингизда берсак. Бу хизмат ҳаққингиз, – дея бир даста пулни тутқазишди унга.

– Бўпти ёрдам бераман. Хизмат ҳаққи керакмас, фақат қари онамга озгина доривор ўт берасиз,- деди Қодиржон зийраклик билан. “Нима учун яширин йўллар билан, яна кечаси? Бу ишда бир сир борга ўхшайди” деган ўй ўтди Қодиржоннинг хаёлидан.

Қодиржон дастурхон тузади, дўппидеккина ош ҳам дамлади. Тун яримдан оққанда  ҳовли этагидан замбилдек келадиган иккита қопни елкалаган йигитлар кириб келди.

– Меҳмон атойи худо дейдилар, бир пиёла чой ичмасангиз хафа бўламан,– деди Қодиржон тузалган дастурхонга ишора қилиб. Йигитлар ҳар қанча шошилса-да, тўкин  дастурхонни кўриб, иштаҳалари очилиб  кетди.

– Ҳа, майли  икки дақиқа.

– Меҳмонларим, азизларим, – деб Қодиржон жимирлаб турган “пепси-кола”дан уч пиёла  симирди. У меҳмонларга пиёлаларга сузиб қўйилган “пепси”ни узатаркан, ўзини чарчаганга солиб, чўнтагидаги диктафоннинг “ёзув” тугмасини босди ва ёстиққа ёнбошлаб  хуррак ота бошлади.

– Ғўра экан-у бу.

– Қопига келишганимиздекми.

– Ҳа.

– Бу ерда қанча? Сўрашяпти.

– Бўпти, кетдик.

Улар супадан қўзғалмоқчи бўлганида вужудлари титраб, пешоналаридан муздек тер чиқиб кетди.

Қодиржоннинг зийраклиги туфайли юз кг афғон опиум моддаси ушлаб қолинди.

Эртаси куни мактабда йиғилиш бўлди. Йиғилишга мутасадди ташкилотлардан раҳбарлар келишди. Полковник Шамсиев Қодиржонга ҳукуматимиз томонидан берилган ташаккурнома ва совғаларни топшираркан, Ички ишлар бўлимига ишга қабул қилингани тўғрисидаги буйруқни берди.

Ҳа... доно халқимиз: “Хоин қони челакка, Ботир қони юракка”, деб бежиз айтмаган.

Бу заҳри қотил неча-неча ёшларнинг жувонмарг бўлишига, маънавиятимизга болта урилишга,  гўдакларнинг майиб-мажруҳ туғилишига сабаб бўлиши мумкин эди.

Ҳа, азизлар чегараларимиз мустаҳкам, аскарларимиз зийрак. Лекин, тинчлигимизни асраш борасида Барот отадек, Қодиржондек фидойилик кўрсатиш барчамизнинг Ватан олдидаги муқаддас бурчимиздир. 

Тойиржон ТУНГАТОВ,

Чиноз туманидаги  “Ҳазрати Али” жоме масжиди имом-хатиби 

Read 11212 times

Мақолалар

Top