Эй муштипар оналар, эй муҳтарам оталар, Яратган Эгамиз сизларни шундай номлар билан аталишга насиб этган. Шу билан бирга сизнинг зиммангизга юксак масъулият юклатилди. У бўлса фарзанд тарбияси масъулиятидир. Одатда кўп инсонлар онгида фарзанд тарбияси – бола туғилиб, оёққа туриб улғайганидан, 5-6 ёшларга кирганидан кейин бошланади. Унгача ўз ҳолига қўйиш керак, уни тарбиялаб ўтиришнинг фойдаси йўқ, барибир ҳали кўп нарсани тушунмайди, деб ўйлайди. Яна баъзилар эса, то болалари қайсарлик қилаверганини, ножўя, одоб-ахлоқ чегарасидан чиқувчи ҳатти-ҳаракат, тўс-тўполон ва шўхлик қилаверганини кўргандагина “Ана энди тарбия қилиш вақти келди” ёки “Фалон домланинг олдига олиб бориш керак, бир оғзига тупуриб қўйсин” ёки “Ия, бу болага бир адабини бермаса бўлмайдиган бўлипти-ку” ёки “Фалончи ука ё фалончи опа, фарзандимни бир тарбияламасангиз бўлмайди, ҳайронмиз кимдан бундай ёмон тарбияни ўрганмоқда, жуда бетарбия бўлиб кетибди” каби турли ҳайротомуз гапларни гапиришади. Аслидачи, тарбияни қачондан бошлаш керак?
Қадимдан ота-боболаримиз бундай масъулиятли вазифани юқори савияда бажарганлар. Улар фарзанд тарбиясини ҳали фарзанд туғилишидан олдин бошлаганлар. Улар фарзанд тарбиясини аввало ўзларини тарбия қилишдан бошлаганлар. Авваламбор, Аллоҳ таоло буюрган ишларни адо қилиб, қайтарган ишлардан тийилганлар. Луқмаларига қаттиқ эътибор қаратганлар. Керак бўлса, шубҳали таомларни ейишдан ўзларини сақлаганлар. Оғизларини ҳар қандай ножўя сўзлардан, ғийбату бўҳтон, дунёга ҳам охиратга ҳам фойдаси бўлмайдиган оддий гап-сўзлардан ҳам эҳтиёт қилганлар. Бировларни алдамаганлар. Бошқаларнинг мулкига тажовуз қилмаганлар. Инсонларнинг кўнглига озор етказмасдилар. Кўзларини нопок жойлар, беъмани манзаралар, бегона аёлларга хиёнаткорона қарашлардан сақлаганлар. Уйларида озгина егулик бўлса ҳам унга қаноат қилиб фақат ҳалолдан топишга, фақат ҳалол касб қилишга интилганлар. Демак биринчи навбатда ўзларига эътибор бериб, сўнг покиза хонадондан ўзларига муносиб келин қидирганлар. Албатта, аждодларимиз Аллоҳ таоло пок зотларга фақат пок жуфтларни ато қилишини жуда яхши билганлар.
Она-момоларимиз ҳам худди юқорида айтилган сифатлар билан сифатланган, иболи ҳаёли бўлганлар. Эркакларнинг ишларига аралашмасдилар. Ўз ўринларини жуда яхши билганлар. Кўчаларда йиғилиб олиб бировларни ғийбат қилиш, орқасидан бўхтонлар тўқиш, ёлғон гапларни ёйиш, бировларнинг сирларини ошкор қилиш, бировларнинг айбу нуқсонларини гапириб баҳс қилиш, вақтини бекорчи нарсалар билан зое қилиш, дунё ва охиратга фойдаси бўлмаган нарсаларга қизиқиш каби пасткашликлардан ҳазар қилардилар. Унинг ўрнига ота-оналарининг юмушларига қарашиш, уйни саранжом тутиш, бўш вақтларида китоб мутолаа қилиш билан ўтказардилар. Мана шундай покиза аёлларга юқоридагидек пок эркакларни Аллоҳ таоло жуфт қилган эди. Мана шундоқ покиза оилалардан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Наср Фаробий, Маҳмуд Замахшарий, Ибн Сино, Алишер Новоий, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби аждодларимиз дунёга келдилар ва бутун дунёни ҳайратга солдилар.
Бу буюк зотларнинг бу даражада комил инсон бўлиб етишишларига биринчи навбатда ота-оналари сабабчи бўлганлар. Юқорида айтганимиздек, ота-оналар тарбияни ҳали жуфт бўлишларидан олдин ўзларини тарбиялашдан бошлаганлар. Фарзанд кўрганларидан кейин ҳам янада ўзларига кўпроқ эътибор берганлар. Ҳар қандай гуноҳ ишлардан йироқда бўлишга ҳаракат қилганлар. Келажакда фарзандлари буюк инсон бўлиши, бутун инсониятга манфаат етказадиган бўлишини истаганлари учун ҳам фарзандларига ўзларининг юриш-туришлари, гўзал одоб-ахлоқлари, чиройли муомалалари билан ўрнак бўлганлар. Бунинг ўзи ўсиб бораётган фарзандлар учун катта тарбия ҳисобланган. Бир ҳикматли сўзда: “Болаларингни тарбияси биланг шуғулланма, барибир улар сенга ўхшайдиган бўлади. Сен ўзингни тарбияла!”, деб айтилгани ҳам бежиз эмас. Мабодо фарзандлари дунёга келганларидан кўп вақт ўтмай, бундай солиҳ ота ёки оналари вафот топиб қолган тақдирда, ўша оталарининг ҳурматидан Аллоҳ таоло фарзандларига чиройли тарбия топадиган ва келажакда солиҳ инсон бўлиб вояга етадиган муҳитни яратиб берган. Натижада солиҳ ота-онадан етим қолган бола ота-онаси орзу қилгандек, буюк инсон бўлиб етишарди. Тарих китобларини ўқиган инсонларга бу айтилган гаплар тўлин ойдек маълумдир. Бу гапларни айтишимиздан мақсад биз ана шундай зотларнинг авлодларимиз. Биз улардек бўлишга интилишимиз керак. Доимо ҳар бир анжуманларда улар ҳақида гап кетганда оғзимиздан бол томиб ана шундай ота-боболаримиз билан фахрланамиз. Лекин қачонгача фақат уларнинг ютуқлари билан фахрланишда давом этамиз. Нима учун ана шундай зотларга муносиб бўлишга интилмаймиз. Нима учун у зотларнинг ҳаёт йўлларини ўзимизнинг кун тартибимиз, ҳаёт йўлимиз ва оиламизда татбиқ қилмаймиз. Мен бу гапларим билан, ана шу зотларга муносиб авлодлар бўлишга биргаликда интилайлик, деб айтмоқчиман. Келажак ёшларимиз қўлида экан, ана шундай ёшларни тарбиялашда авваламбор ўзимиз ўрнак бўлайлик. Муҳтарам биринчи Президентимиз: “Мен ёшларимизга мурожаат қилар эканман, уларга доимо: “Биз буюк аждодларимиз билан фахрланишимиз, ғурурланишимиз керак”, деб айтаман. Айни вақтда “Фақат ғурурланишнинг ўзи етарли эмас, келинглар, ўзимиз ҳам, худди улар каби, мана шу бебаҳо меросга ўз ҳиссамизни қўшайлик!” деб такрорлайман”, деб айтганлар. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз нутқларида худди шу маънодаги гапни айтганлар: “Эришилган ютуқлар ўзимизники, унга маҳлиё бўлиб ўтириш бизга ярашмайди”.
Хулоса қилиб айтганда, фарзанларимиз бизнинг келажагимиз ва эртанги кунимиз экан, келажагимиз ўз қўлимизда. Уни чиройли ва мустаҳкам барпо қилиш муҳим вазифа саналади. Бу йўлда ҳар-бир ота-она фарзанд тарбиясига аҳамият қаратиб, айтиб ўтилган камчиликлардан тегишли хулоса чиқариши ва уларни тарбиялашда аждодларимиз тутган йўлини ўзига намуна қилиб олиши керак.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти тарбиячи-мударриси Ахунджанов Рустам