Мақолалар

Интернет ўйинларининг таъсири

Ҳозир вертуал ўйинлар келтириб чиқараётгн иллатлар, ёшларни ҳалокатга гририфтор этаётгани ва нобуд қилаётгани ҳақида сўз юритмоқчимиз. Шунингдек, Ислом динида бундай ишларга берилмаслик ҳақидаги кўрсатмаларига ҳам тўхталмоқчимиз.

Ҳозирги кунда Америка тиббиёт уюшмаси видеоўйинларга берилиб кетишни ҳам расман ақлий заифлик касалликлари қаторига киритиш арафасида. Шифокорларнинг фикрича, бу касаллик кунига икки соатдан ортиқ ўйин ўйнайдиган ҳар қандай киши саломатлигига хавф солади. Бу интернетдан кўнгилхушлик излайдиганларга ҳам тегишли албатта. Компьютер ўйинларининг керагидан ортиқ машҳур бўлиб, оммалашиб кетгани ва ёшларга салбий таъсири тиббиётчиларни кўпдан бери ташвишга солиб келаётган муаммолардан биридир. Ҳозир дунёдаги жуда кўп минтақалар, жумладан, Европа мамлакатларида интернетга қуллик ҳасталигини даволайдиган махсус шифохоналар кўпаймоқда.

Маълум қилинишига кўра, тадқиқотчи Ҳилмий Хидир Сорий “интернет орқали боғланишнинг ижтимоий муносабатларга таъсири” мавзуида 471 киши ўртасида ўтказган сўровлар натижаларига кўра, интернетга мутелик оқибатида ижтимоий ва руҳий ёлғизлик муаммоси кўпаяётгани аниқланган. Саросима, тушкунлик, хавотир, фарзандларнинг интернет билан машғуллиги сабабли ёш оилалардаги келишмовчиликлар, ёшларнинг оила аъзолари билан алоқалари беқарорлашуви ушбу муаммонинг асосий аломатлари сифатида кўрсатилмоқда. Бунга Устозимиз Айдарбек Тулеповнинг “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” асарида келтирилган воқиани мисол қилиб келтириш мумкин.

Жанубий Кореяда ҳарбий-стратегик ўйинлар қулига айланган 28 ёшли йигит оламдан ўтади. Маълум қилинишига кўра, у уч кун давомида ўйинхонадан чиқмаган экан. Фақат ҳожатхонага чиқиш ва гоҳида озгина мизғиб олиш учун ўйин столидан нари кетган, холос. Бунгача ўғли неча кундан буён бедарак кетганидан хавотирга тушган она ёрдам сўраб, боласининг собиқ ҳаскасбларига мурожаат қилади. Ўғил ўйинларга берилиб кетгани оқибатида бир ой олдин ишдан ҳайдалган эди. Собиқ ҳамкасблар “ўйин бандаси”ни жуда осон топишади. У яқин орадаги ўйинхонада эди. Ўйинлар қули дарҳол уйига етиб бориши кераклиги ҳақидаги илтимосларга: “Ўйиннинг шу босқичини охирига етказиб қўяй, албатта бораман”, - деб жавоб беради. Бироқ бу гапидан бир неча дақиқа ўтиб, у юрак хуружидан ўлади. Ташхисга кўра, юрак хуружи қаттиқ чарчоқ ҳолатининг ҳаддан ортиқ чўзилиб кетиши сабаб юзага келган эди.

Компьютерда соатлаб, кунлаб ўтириб, турли вертуал қўштирноқ ичидаги мукофотчаларни, ютуқларни “қўлга киритган” киши учун улар чинакамига қимматли маъно касб эта бошлайди. Мана шундай балл ва ютуқлар “содиқ” ўйинчилар орасида сотилади, харид қилинади. Бундай ишга эса аямай пул сарфланади. Масалан, “Project Entropia” ўйинига муккасидан кетган австралиялик Дэвид Стор исмли талаба 35 минг АҚШ доллари эвазига  вертуал орол сотиб олади. Бу оролда эски қалъа, бир қанча чўмилиш  ва турли махлуқларни овлаш учун махсус жойлар мавжуд. Лекин бу жойлар фақат тасаввурда, компьютер экранидагина, холос.

Жуда кўп ўйинлар одамларни, ҳайвонларни шафқатсизларча ўлдириш, қон тўкиш саҳналари асосига қурилган. Бундай аянчли лавҳалар нафақат ёшларнинг, ҳатто ёши катталарнинг онгига ҳам жуда кучли салбий таъсир кўрсатмоқда. “GTA”, “Снайпир”, “Қотил”ва бошқа ана шулар каби ўйинларга берилганларнинг баъзилари кейинчалик ҳақиқий қотилларга айланишгани фикримизга яққол далил бўлади.

Бундан ташқари, оммавий ахборот воситалари орқали тез-тез эшитиб қоламиз: Ғарб мамлакатларида мактаб ўқувчилари, ўсмир йигит-қизлар ўз ота-оналари, ўқитувчилари, тенгдошлари ўлимига сабаб бўлишмоқда. Бундай даҳшатли воқеалар Ғарб болаларига вертуал олам бераётган “тарбия”нинг заҳарли меваси экани аччиқ ҳақиқатдир.

Компьютер ўйинлари каби беҳуда ва талофатли ишларга шўнғишни Ислом дини қоралайди. Чунки бунинг натижасида боланинг имон-эътиқоди заифлашиб, шайтоннинг қулига айланади ва унинг найранглари бўйича иш қилади. Оқибатда ўзи ҳам ҳалок бўлади. Шунинг учун ёшларнинг имон-эътиқоди, иродаси мустаҳкам бўлса, турли бемаъни ишларга чалғимайди. Аммо компьютер ва интернет тутқунига айланган инсон бутун умрини тубанликка сарфлайди. Гўёки яратилишдан мақсад йўқдек. Ахир Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг: “Ёки сизларнинг гумонингизча, Биз сизларни беҳуда яратдиг-у, сизлар Бизнинг ҳузуримизга қайтарилмайсизми?!” (Муъминун, 115), - деган ояти шунчаки дунёга келтирилмаганимизни айтиб турибди. Шундай экан, бу ҳақда тафаккур қилиб, ақл юритишимиз лозим.

Аллоҳ таоло юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо қилсин. Турли бало-офатлардан барчаларимизни Ўз паноҳида асрасин.

Тошкент ислом институти 4-курс талабаси

Тожиддинов Абдус Сомад Абдул Босит

Read 7245 times

Мақолалар

Top