Мақолалар

Давомат – дарс самарадорлиги гарови

Ўзбекистон давлат бюджетининг қарийб 60 фоизини ижтимоий соҳаларга йўналтирадиган саноқли мамлакатлар сирасига киради. Ҳозирда ёшларга яратилган имкониятлар, мактаб ва коллежларда кўзни қувонтирадиган шароитларни кўриб Яратганга шукрлар айтасиз. Минг афсуски, шундай шароитлардан фойдаланиш ўрнига кўчаларда тентираб юриб, мактаб ва коллежларга бормаётган ёшларимиз учраб турибди. Бундайларни кўрганда бесамар ўтаётган вақтга ачинасиз.

Муҳтарам юртбошимиз Қашқадарёга борганларида Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ва вилоят бош имом хатиби Раҳматилла Усмоновга дарсларни мунтазам қолдириб келаётган талаба ёшлар билан суҳбатлар ўтказиш юзасидан кўрсатмалар бердилар. Ана шу асосда  диний ходимлар  тадбирлар ўтказиб келмоқдалар.

Аждодларимиз: “Ёшликда ўрганилган илм тошга битилган каби мустаҳкам бўлади”, деганлар. Ватандошимиз Имом ал-Бухорий ҳаётини илмга бахшида этиб: “Илмдан бошқа нажот йўқ ва ҳеч қачон бўлмайди” деб, инсон дунё ва охиратини обод қилиш  учун   илм излаши керак эканини уқтирдилар. Демак, шундай юртнинг фарзандларининг илмсиз бўлиб қолишга ҳаққи йўқ. Ёшларимизнинг баҳор фаслидек бебаҳо даврини бефойда нарсаларга сарфлашларига йўл қўймаслик керак.

Илм Аллоҳни танитади. Шу ўринда бир ибратли воқеани  келтирамиз: Машҳур  ёзувчи  Абдулла  Қодирий   “Меҳробдан чаён” романини ёзиш олдидан Шайх Исмоил Махдумдан маслаҳат олиш ниятида Наманганга келади. Суҳбат чоғида Абдулла Қодирий Шайх Исмоил Махдумдан ёшларни дунёвий илмларга қандай қизиқтириш кераклиги ҳақида маслаҳат сўрайди. Шунда у киши Қуръони каримнинг “Ғошия” сурасидаги оятлардан келтириб, “Ахир, улар туяларга қараб, қандай яратилганига (зоология), осмонларнинг қандай кўтариб қўйилганига (астрономия), тоғларнинг қандай тикланганига (жўғрофия) ва Ернинг қандай ёйиб – текислаб қўйилганига (минерология) боқмайдиларми?!” дебдилар-да, ана шундай қилиб, диний илмга дунёвий илмни боғлаб ўргатиш кераклигини тушунтирибдилар. 

Мактаб ва коллежларда ўқувчи ёшлар “илмни инсонларга фойда етказиш учун ўрганаман”,  деб ният қилса, ҳам илм ўрганди, ҳам савоб олади.

Устозларимиз ўргатганидек;  “дарс” сўзи араб тилида “درس”

“д” – давомат (доим бўлиш);

“р” – риёзат (машаққат чекиш);

“с” – соғлом ва саломат бўлиш деган маъноларни англатади.

  Обидхон Икрамов,

ЎМИ Наманган вилоят вакили  ўринбосари, “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

Read 6733 times

Мақолалар

Top