Мақолалар

Қуддусдаги вазият бўйича  Ўзбекистон мусулмонлари идораси муносабати

 

 Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар, Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга

беҳисоб салавоту саломларимиз бўлсин.

 

Тинчлик буюк неъмат, инсон ҳаётининг бирламчи шарти. Шунинг учун ҳам қадимдан барча халқлар тинчликни асраш учун моли-ю жони билан курашиб келган. Аммо воқелик тинчликни кўплаб мамлакатлар учун ҳали ҳануз орзу бўлиб қолаётганини кўрсатмоқда. Ҳозирда мамлакатлар осойишталигига рахна солувчи омиллар турлича, давлатлар ўртасидаги низоли вазиятлар, миллий ва этник қарама-қашиликлар ва ҳакозо.

Бугунги кунда дунёнинг айрим давлатлари амалга ошираётган турли ниқоблар остидаги зўравонлик, қўпорувчилик ва босқинчиликка асосланган ҳатти-ҳаракатлар ҳеч бир меъёрга тўғри келмайди. Давлатлар ва халқлар ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг умумэътироф этилган умуминсоний қоидалар ва халқаро ҳуқуқий нормалар асосида ташкил этилиши тинчлик ва барқарорликнинг энг муҳим шартидир.

Бугунги таҳликали даврдаги шундай ҳолатлар ҳар бир ақли расо кишидан доимо огоҳлик ва хушёрликни, содир бўлаётган ҳодисаларга зийрак кўз билан қарашни талаб этади.

Тинчлик, омонлик ва хотиржамлик шунчалик улуғ неъматки, унинг қадрини фақатгина шу неъматдан, Худо сақласинки, маҳрум бўлганларгина тўлиқ англайди.

Ким ўлур ҳолатга етса, ул билур жон қадрини.

Йўқса, шинам кўчаларда бамайлихотир юриш қаёқда? Она-Ватан бўйлаб ҳатто ярим кечада бўладими, ўз қишлоғидами, юртининг хоҳлаган гўшасида бўладими ҳадиксиз юриш қаёқда эди?

 Бу бебаҳо неъматнинг улуғлигиданки, ҳазрат Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам  ҳадиси шарифларида қайта-қайта таъкидлаганлар. Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий саллалоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир киши келиб:

‒  Эй, Аллоҳнинг Расули, дуоларнинг қай бири афзалроқ? –  деб сўради.

–  Парвардигорингдан дунё ва охиратда афв ва офият(тинчлик, хотиржамлик)ни сўра, – жавоб бердилар жаноб Сарвари коинот саллалоҳу алайҳи ва саллам.

Иккинчи куни келиб яна:

–  Эй, Аллоҳнинг Расули, дуоларнинг қай бири афзалроқ? –  деб сўради.

–  Парвардигорингдан дунё ва охиратда афв ва офият(тинчлик, хотиржамлик)ни сўра, – жавоб бердилар яна.

Учинчи куни келиб яна:

–  Эй, Аллоҳнинг пайғамбари, дуоларнинг қай бири афзалроқ? –  деб сўради.

–  Парвардигорингдан дунё ва охиратда афв ва офият(тинчлик, хотиржамлик)ни сўрайвер. Бас  қачонки сенга дунё ва охиратда афв ва офият берилса, батаҳқиқ нажот топибсан – жавоб бердилар жаноб Сарвари коинот саллалоҳу алайҳи ва саллам (Имом Термизий ривояти).

Шу кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Шарқий Қуддусдаги мўмин-мусулмонлар учун энг табаррук минтақада нотинчликлар давом этаётганидан жиддий ташвишдадир.

Жаҳон ҳамжамияти Фаластин-Исроил муаммосини халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ, тинч йўл билан ҳал этилиши зарурлигини бот-бот таъкидламоқда. Зеро, Ислом дини – аввало, тинчлик ва дўстликка, аҳиллик ва бирдамликка ҳамда бағрикенгликка даъват этади.

Ал-Ақсо масжиди Ислом дини манбаларида келтирилган уч муқаддас масжиддан биридир. Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки: “Уловлар фақат учта масжид томонгагина жиҳозланади: Масжиди Ҳаром, менинг ушбу масжидим ва Масжиди Ақсо”.

Қуддус шаҳрида жойлашган муқаддас макон – Масжиди Ақсо ёхуд Байтул Мақдис Маккадаги Масжидул Ҳаромдан кейин қурилган энг қадимги масжид. Ушбу табаррук масканлар мўмин-мусулмонлар учун доимо азизу мукаррамдир.

Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни аввал Масжидул Ақсо томонга юзланиб ўқидилар. Ўн уч йиллик Макка даври тўлиқ шундай ўтди. Мадина шаҳрига ҳижрат қилганларидан кейин ҳам мазкур масжид қиблаликда давом этди. Фақат ўн олти ой ўтибгина қибла Макка шаҳридаги Ҳарам томон ўзгарди.

Манбаларда қайд этилишига кўра, уни Одам алайҳиссалом барпо этган. Замонлар ўтиб эса Иброҳим алайҳиссалом уни қайта тиклаган. Кейин Исҳоқ ва Ёқуб алайҳиссаломлар унга масъул бўлдилар. Сўнг Сулаймон алайҳиссалом томонидан масжид янгидан қад ростлаб ҳозирги кўринишга келди.

Исро кечаси Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Макка шаҳридан Қуддусга – Ақсо масжидига сайр эттирди. Бу ҳақида: “Ўз бандасини тунда Масжиди Ҳаромдан атрофини баракотли қилиб қўйганимиз Масжиди Ақсога оятларимизни унга кўрсатиш учун сайр эттирган Зот (ўзига нолойиқ сифатлардан) покдир” (Исро, 1).

Исро кечаси Набий алайҳиссалом Маккадаги Масжиди Ҳаромдан чиқиб, фаришта Жаброил алайҳиссалом билан Қуддус шаҳрига бордилар. Масжиди Ақсода барча пайғамбарларга имомлик қилиб намоз ўқиб бердилар.

Демак, Масжидул Ақсо Ислом динининг шиор маконларидан бири, икки қибланинг биринчиси, учта асосий масжидлар сирасидан, мусулмонларга тегишли муборак маскан. Ўз навбатида ушбу минтақада бошқа дин вакиллари учун ҳам табаррук ҳисобланган зиёратгоҳлар мавжуд. Шундай экан минтақада зўравонлик, жабру ситамга чек қўйилиши ҳамда бундан буён шафқатсизлик ва қон тўкилишига йўл қўймаслик жуда ҳам муҳим ҳисобланади.

Зеро, Ислом дини инсонларга озор беришдан қайтаради. Нафақат инсон зотига, балки, чумолига ҳам озор бериш, ҳаттоки, азият берувчи бирор сўз айтишдан ҳам қайтаради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳозирги қалтис вазиятда давлатлар, миллатлар ва элатлар ўртасидаги низоларни тинч йўл билан ҳал этиш энг тўғри йўл, деб ҳисоблайди. Айни вақтда, мўмин-мусулмонларни мавжуд воқеликни Қуддусдаги вазият билан боғлаган ҳолда ноўрин баҳс-мунозаралар, ихтилоф ва тушунмовчиликлар келтириб чиқаришга, нотўғри хатти-ҳаракатларга даъват қилаётган фитналардан эҳтиёт бўлишга чақирамиз.

Таъкидлаш жоизки, Шарқий Қуддусдаги нотинч вазият барчамизнинг дилларимизни оғритди, руҳониятимизни маҳзун қилди. Бундай пайтларда мўминнинг мўминдаги ҳаққи дуо қилишдир. Зеро, дуо нажот ва қалқондир. Яратган Парвардигордан илтижо қилиб сўраймизки, бутун дунё, хусусан мусулмон оламида тинчлик ва офиятни барқарор этсин, Ер юзидаги барча мўмин-мусулмонларга омонлик, нусрат ва қалбларига сакинат ато этсин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Read 2508 times

Мақолалар

Top