Мақолалар

Аразлашиш - ёмон одат

Ўзига хос хулқлар ва ҳиссиётлар билан зийнатланиб яратилган инсон зоти ҳаёти давомида турли ҳолатларга дуч келади. Инсон табиатида  ҳалимлик, босиқлик, камтарлик, сабрлилик, ҳаё, андиша каби  яхши хулқлар қаторида ғазаб, аразлашиш, гина-кудрат каби иллатлар ҳам мавжуд.

Бу иллатлар кўпинча инсонни ноқулай аҳволга солиб қўяди. Хусусан, аразлашиш – инсон ҳаётида кўп учрайдиган иллатлардан. Баъзан шайтоннинг гапига кириб, баъзан нафсимизга эргашиб ёки бошқа сабабларга кўра яқин инсонлар билан низолашиб қоламиз...

Хўш, инсон бу иллатларга қарши курашиш учун қаердан маънавий озиқ олиши ва қандай намуна асосида ўз хулқини шакллантириши мумкин? Шубҳасиз, бу масалада муқаддас динимиз кўрсатмаларига мурожаат қиламиз.

Ҳишом ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:  “Мусулмон мусулмон билан уч кундан ортиқ гаплашмай юриши ҳалол эмас. Шу иккаласи аразлашган ҳолатларида ҳақ йўлдан четлашган бўлади. Улардан қайси бири аввал яхшилик, меҳр-шафқат қилиш томонига ўтса, гуноҳига каффорат бўлади. Улар шундай гаплашмай юрган ҳолича дунёдан ўтсалар, иккаласи ҳам жаннатга абадий кирмайди. Агар улардан қайси бири салом берса, иккинчиси жавоб қайтармаса, салом берганига фаришта ва жавоб қайтармаганига эса, шайтон жавоб қайтаради", деганлар.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу: "Сизларга садақа ва рўзадан ҳам хайрлироқ бир нарсани айтайми? Бир-бирига адовати қаттиқ бўлган ёки аразлашган икки кишини яраштирмоқдир", дедилар. (Ал-адаб ал-муфрад)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Душанба ва пайшанба кунлари жаннат эшиклари очилади. Аллоҳга ширк келтирмаган ҳар бир банда мағфират қилинади. Илло, биродари билан адовати бўлган кишиникидан бошқа. Шунда: “Бу иккови ярашгунча кутиб туринглар. Бу иккови ярашгунча кутиб туринглар” деб айтилади”, дедилар (Муслим ривояти).

Юқоридаги ҳадислардан маълум бўладики, мусулмон киши уч кундан ортиқ гаплашмай юриши мумкин эмас. Аразлашиб, бир-бирини хафа қилиб юрган кишини Аллоҳ таоло яхши кўрмас экан. Ҳар биримиз бу ҳадислардаги насиҳатларни сидқидилдан қабул қилиб, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга муносиб уммат бўлайлик.

Қўни-қўшнилар, қариндош-уруғлар орасида аразлашган кишилар бўлса, уларни яхшиликка буюриб, яраштириб қўяйлик, бирор дўстимиз билан орамизда араз ёки гина бўлса биринчи бўлиб салом бериб, чиройли муомала қилиб, ўзимизнинг юксак маънавиятли, маданиятли мусулмон эканимизни исбот қилайлик!

Холмурод РАҲИМОВ,

Хожа   Бухорий    ўрта   махсус ислом билим юрти тарбиячиси

Read 6898 times

Мақолалар

Top