Мақолалар

Динда саволим бор: Таҳорат ҳақида (Жаноза намозларида фақат таҳорати бор кишилар қатнашишлари керак-ми?)

— “Мусулмон банда таҳорат олганида тана аъзолари покланишидан ташқари гуноҳлари ҳам кечирилади”, деб эшитганмиз. Бунга далил бўлувчи ҳадислар бор-ми?

— Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким таҳоратни мукаммал адо этса, гуноҳлари танасидан, ҳатто тирноқлари остидан чиқиб кетади”, деганлар (Имом Муслим, Имом Насоий, Имом Аҳмад, Имом Табароний, Имом Байҳақий ривояти).

Одатда, очиқ аъзолардаги кирлар ёпиқ турган ёки тирноқ остида йиғилган кирларга нисбатан осон покланади. Тирноқ остидаги кирларни тозалаш учун алоҳида эътибор талаб этилади. Бу ерда банда тирноғи остидаги гуноҳлар ҳам кечирилиши айтилмоқда. Бу эса таҳорат сабабидан Аллоҳ ва банда ўртасидаги кичик гуноҳларнинг биронтаси ҳам қолмай кечирилишига далолат қилади.

Абу Умома розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Агар мусулмон банда таҳорат қилса, гуноҳлари қулоғидан, кўзидан, икки қўлидан, икки оёғидан чиқиб кетади. Агар ўтирса, гуноҳлари кечирилган ҳолда ўтиради” (Имом Аҳмад, Имом Табароний “Авсат”да ва Имом Байҳақий ривояти).

Банда таҳоратини рисоладагидек бажарса, қулоғи, кўзи, қўли ва оёғи содир этган гуноҳлари кечирилади. Агар у таҳорат қилиб бўлса, биронта ҳам гуноҳи қолмайди.

Абдуллоҳ Сунобиҳий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Агар мўмин банда таҳорат қилиб, оғзини чайса, оғзидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар бурнига сув олиб қоқса, бурнидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар юзини ювса, юзидан, ҳатто икки кўзининг четидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар икки қўлини ювса, қўлидан, ҳатто қўлининг тирноқлари тагидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар бошига масҳ тортса, бошидан, ҳатто икки қулоғидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар икки оёғини ювса, оёғидан, ҳатто оёғининг тирноқлари остидан гуноҳлари чиқиб кетади. Сўнгра масжидга бориши, (ўқиган) намози унга қўшимча (савоб) бўлади” (Имом Насоий, Имом Ибн Можа, Имом Молик, Имом Аҳмад, Имом Ҳоким ривояти).

Маълумки, таҳорат билан намоз банда гуноҳларига каффорат бўлади. Агар таҳоратни мукаммал қилиб, хушу билан намоз ўқилса, бу намоз орқали банда кўп ажрларга эришади.

 

— Ёш болалар Қуръони каримни таҳоратсиз ушласа бўлади-ми?

 Баъзи уламолар, ёш болалар Қуръони каримни таҳоратсиз ушласа бўлади, дейишган. Шундай бўлса-да, улар Қуръони каримни ҳурматлаш, эъзозлаш руҳида вояга етишлари учун уларга Қуръон одобларини, уни таҳоратсиз ушлаб бўлмаслигини, шунинг учун таҳорат билан ушлашлари лозимлигини ўргатиш зарур.

 

— Маҳсига масҳ тортиш ҳақида маълумот берсангиз? Маҳсида оёқ терласа, ҳидланса таҳорат бузилади-ми?

— Исломда инсонлар учун осонлаштирилган амаллардан бири таҳоратда оёқни ювиш ўрнига оёқ кийимга, яъни махсига масҳ тортишдир. Аммо ғусл вожиб бўлган киши оёқ кийимини ечиб ювади. Махси деб оёқнинг ошиғини беркитадиган оёқ кийимга айтилади. Оёқ кийими бўлган махсига масҳ тортиш шариатимизда жоиздир. У эркак ва аёл учун баробар, уларга хоҳ сафарда бўлсин, хоҳ муқимликда қишин-ёзин масҳ тортишга рухсат этилади.

Махсига масҳ тортиш шартлари:

1-Оёқнинг ошиқларини беркитган бўлмоқлиги.

2-Оёқнинг кичик бармоқларидан учтаси кўринадиган миқдорда йиртиқ бўлмаслиги.

3-Юрган вақтда оёқдан ечилиб кетадиган даражада бўлмаслиги.

4-Сув ўтмайдиган бўлиши. Бугунги кундаги пайпоқларга масҳ тортиш жоиз эмас.

5-Камида бир фарсах (тахминан 8 километр) миқдордаги йўлни босиб ўтиши билан йиртилиб кетмаслиги.

6-Махсини тўла таҳоратли ҳолда кийган бўлмоқлиги ҳам шарт.

Масҳ тортишнинг фарзи қўлнинг кичик бармоқ учтаси миқдорича икки қадамнинг устига ҳам қўл билан силамоқликдир. Оёқнинг остига ё ёнларига масҳ тортиш дуруст эмас.

Масҳнинг муддати таҳорат бузилган вақтдан бошланади. Муқим учун масҳ ториб юриш муддати юқоридаги пайтдан бошлаб бир кеча-кундуз, яъни 24 соат, мусофир учун юқоридаги вақтдан бошлаб уч кеча-кундуз, яъни 72 соат ҳисобланади.

Маҳсида оёқ терласа, ҳидланса таҳорат синмайди. Аллоҳ билгувчи!

— Жаноза намозларида фақат таҳорати бор кишилар қатнашишлари керак-ми?

— Жаноза намоз бўлгани боис, аввало унинг учун намоздаги каби поклик шарт, яъни жаноза ўқимоқчи бўлган киши аввало таҳоратли бўлиши, усти-боши ҳам пок бўлиши керак. Таҳоратсиз ҳолда ёки нопок кийим билан жанозага қулоқ қоққан киши жанозадан бенасиб бўлишдан ташқари қаттиқ гуноҳкор ҳам бўлади, жаноза намозига ва маййитга нисбатан ниҳоятда ҳурматсизлик қилган бўлади. Шунинг учун, жанозага қатнашадиган одам албатта, таҳоратли бўлиши лозим. Таҳоратсиз ҳолда сафга аралашиб, таҳоратлиларнинг намозига халал бермасликлари керак.

 

— Баъзида таҳоратсиз ҳолда бирор маъракага кириб ўтишга тўғри келади. Шундай пайтда Қуръон тиловат қилишга тўғри келиб қолса, қандай йўл тутиш керак?

— Маълумки, таҳоратсизлик икки хил – катта ва кичик таҳоратсизлик бўлади. Инсон жунуб бўлса, эҳтилом бўлса, буни катта таҳоратсизлик дейилади. Ундай одам ғусл қилиши вожиб бўлиб, Қуръонни ёддан ҳам ўқиши мумкин эмас. Аммо жунуб бўлмаган, ғусл қилиши вожиб бўлмаган, балки кичик таҳоратсиз бўлган бўлса, бундай одам Қуръонни ёддан тиловат қилса бўлади. Аммо савоби оз бўлади. Шунинг учун савобим кўп бўлсин деган киши таҳорат қилиб олиши керак.

 

— Айрим кўп қаватли уйларда ҳожатхона ва ювиниш хонаси бир жойда бўлади. Шу ерда таҳорат олиш мумкин-ми?

— Хожатхонанинг ахлати оқиб кетадиган бўлса, ўша ерда таҳорат қилса бўлади. Бугунги кўп қаватли уйлардаги ва оқава суви турмайдиган хоналардагига ўхшашларда ҳам.

 

— Масжидларда намоздан олдин жамоат бўлиб таҳорат олишади. Шунда одамлар ўзаро гаплашишади. Лекин таҳорат вақтида гапириш жоиз эмас, деб эшитдик. Шу тўғри-ми?

— Айрим уламолар таҳорат олаётган вақтда гапириш макруҳ, деган фикрни билдиришган. Аммо уларнинг макруҳ деган сўзлари шаръий истилоҳдаги макруҳ бўлмай, балки луғавий, яъни бундай қилмаган афзал, деган маънодадир. Аммо яхшиликка чорловчи ёки ёмонликдан қайтарувчи сўзларни гапириш макруҳ эмас. Таҳорат олишда тил ва кўнгилнинг Аллоҳ таоло зикри ёки ҳар бир аъзони ювишда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган дуолар билан машғул бўлиши мустаҳабдир.

Таҳорат олаётганда эҳтиёждан ортиқ сув ишлатмаслик, уст-бошга сув сачратмаслик кераклиги ҳам муҳимдир.

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Read 2491 times

Мақолалар

Top