Мақолалар

Осон ва савоби кўп ибодат

Зикр нима? Зикр – савобли, осон ибодатдир. Ақли бўлган ҳар бир ёшу қари ҳам, соғу касал ҳам зикр айта олиши мумкин... Зикр осон дедик. Аммо осон бўлса-да, савоби ҳам оз эмас, кўпдир. Биласизки:

 

Бир марта ишқ ила Аллоҳ деса лисон,

Тўкилар барча гуноҳ мисли хазон!

 

Бир марта «Аллоҳ» дейишнинг, «Лаа илаҳа иллаллоҳ» дейишнинг, «Астағфируллоҳ» дейишнинг савоби кўп. «Аллоҳумма салли ала саййидина Муҳаммад» дейишнинг савоби кўп. Кўплиги аниқ. Чунки, булар ҳақида юзларча ҳадиси шарифлар бор. Сиз ҳам бирор Ҳадис китобини, масалан, «Риёзус Солиҳин»ни ўқисангиз, биласиз. «Риёзус Солиҳин»нинг инглизчаси ҳам, туркчаси ҳам бор, арабчасининг ҳам шарҳи бор.

Китобни ўқиб, зикр ҳақидаги  ҳақиқатларни, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зикрга нақадар боғлиқ, берилганликларини ўрганасиз.

Дастлабки зикр айтишга  далил сифатида кўрсатилган ояти  карима – Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм:

Ё айюҳаллазина омануз куруллоҳа зикран касиро. Ва саббиҳуҳу букратан ва асило – Эй имон келтирганлар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар! Ва эртаю кеч у зотни поклаб, тасбеҳ айтинглар!

Тасбеҳ ҳам зикрнинг бир тури, «Субҳоналлоҳ» демакдир. Оятда Аллоҳни кўп зикр этинг, тасбеҳ айтинг деб буюрилганининг ҳикмати кўп... Сўнг севган, кўп ажру мукофотлар ваъда қилган бандалари  ҳақида ҳам бир ояти карима бор:

Оят «Албатта мусулмон эркаклар ва мусулмон аёллар»... деб бошланади. Оятнинг охирида эса – Аллоҳни кўп зикр қилган эркак ва аёллар ҳам қайд этилиб, уларга Аллоҳ улуғ ажру савоблар тайёрлаб қўйгани, мағфиратига мазҳар қилганини таъкидлайди. Демак, Аллоҳни кўп зикр қилувчиларга ҳам улуғ ваъдалар бор...

Зикр Қуръони Каримнинг саксондан ортиқ ерида буюрилган ибодатдир. Қадру даражаси жуда юксак ибодатдир. Осон ва савоби кўп ибодатдир... Чунки сен Аллоҳни зикр этсанг, эсласанг, Аллоҳ ҳам сени зикр этади, эслайди. Ўйлаб кўр, коинотни яратган, оламларнинг Рабби сени зикр этса! Бандаси учун Аллоҳнинг зикр этиши буюк шараф! Ким билади, бу зикрдан у бандаси нималарга эришади? Таърифлаб бўлмас даражаю мартабаларни қўлга киритиши мумкин!.. Шунинг учун зикр бир вазифангиз бўлади. Зикр вазифаларини бажарасиз.

Зикр вазифаларини бутун мусулмонлар адо этишлари керак лекин ҳар бир киши ҳам муҳим масалаларда ҳаракатчан, фаол, жиддий бўлмайди. Ҳатто оддий ибодатларини ҳам қилмайдилар. Шунинг учун инсонларда камчиликлар бўлиши мумкин.

Биз мусулмончиликка тўлиқ амал қилмоқчи бўлган инсонлар бўлганимиз учун зикр вазифаларини канда қилмаймиз. Бундан ташқари, зикрнинг савоби, хосияти кўп бўлганлиги боис зикр қилувчилар тезда катта муваффақиятларга эришадилар. Тезда Аллоҳнинг севган қули бўлиши мумкин...

"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди

Read 1696 times

Мақолалар

Top