Мақолалар

Ҳар бир яхшилик – ибодат

Ислом динидаги ибодатлар маълум бир амаллар билан чекланиб қолмасдан балки ижтимоий манфаати бор бўлган ҳар қандай ишни яхшилик қилувчи киши одамлар мақтови, уларнинг орасида обрў-эътибор орттириш мақсадида қилмаган экан, энг афзал ибодатлардан бири деб ҳисобланади.

Қайғуда қолган одамнинг кўз ёшларини аритиш, бошига мусибат тушганнинг мусибатини енгиллатиш, қалби ўксикнинг қалбига сурур бағишлаш, оч одамга таом едириш, мазлумни ҳимоя қилиш, золимнинг қўлини қайтариб қўйиш, қарзини узолмай юрганга кўмаклашиш, фарзандлари кўп камтар камбағалга ёрдам бериш, йўл тополмай турганга йўл кўрсатиш, илмсизга илм ўргатиш, мусофирга бошпана бериш, бирор ҳайвондан ёмонликни даф этиш, кўчада йўловчиларга озор берадиган нарсаларни олиб ташлаш, тирик жонга манфаат еткариш кабиларнинг барчаси тўғри ният билан қилинса, ибодат, Аллоҳга яқин қиладиган ишлар бўлади.

Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга рўза, намоз ва садақанинг даражасидан кўра афзалроқ ишнинг хабарини берайми?” дедилар. Саҳобалар: «Ҳа!», дейишди. У зот алайҳиссалом: «Одамлар ўртасини ислоҳ қилишлик» деганлар (Имом Термизий ривояти).

Яна бир ҳадиси шарифда: «Кимда ким бир беморнинг аҳволидан хабар олгани борса, самодан туриб бир нидо қилгувчи: «Яхши бўлгин, қадаминг ҳам яхши йўлни боссин ва Жаннатдан ўз манзилинга эга бўлгин!» дея нидо қилади» (Имом Термизий ривояти). Бошқа ҳадисда: «Кимда ким бир беморнинг аҳволидан хабар олгани борса токи ўтиргунича раҳматга шўнғиб борайверади. Энди қачон ўтирадиган бўлса, раҳматга ботиб кетган бўлади», деганлар (Аҳмад, Баззор ва Ибн Ҳиббоннинг “Саҳиҳ”ида ривоят қилинган).

Ислом бу амалларни қилишга тарғиб қилади. Мусулмонни Жаннатга яқин қиладиган ва дўзахдан узоқ қиладиган кундалик вазифалар қаторига қўшади.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Бандани дўзахдан нима йироқ қилади?» деб сўрадим. У зот: «Аллоҳга иймон келтириш», дедилар. Мен: «Иймон билан бирга бирор амал ҳам борми?» дедим. «Аллоҳ сенга мулк қилиб берган нарсадан бермоқлигинг», дедилар. «Эй Аллоҳнинг набийси, агар беришга ҳеч нарса топа олмайдиган фақир бўлсачи?» дедим. «Амри маъруф ва наҳйи мункар қилади», дедилар. «Агар амри маъруф ва наҳйи мункар қилишга қурби етмасачи?» дедим. «Ундай бўлса, овсарга ёрдам берсин» дедилар. (яъни, қўлидан иш келмайдиган нодонга ҳунар ўрганиши учун ёрдам берсин). Мен: «Эй Расулаллоҳ, айтингчи, агар бирор бир ишни уддасидан чиқа олмайдиган бўлса нима қилсин?» дедим. У зот: «У ҳолда мазлумга ёрдам берсин», дедилар. Мен яна: «Эй, Аллоҳнинг набийси, айтингчи, агар мазлумга ёрдам бериш қўлидан келмайдиган заиф бўлса нима қилади?» дедим. У зот: «Биродаринга ҳеч бир яхшилик қолдиришни истамайсанми? Одамларга озор бермасин», дедилар. Мен: «Айтингчи эй, Аллоҳнинг расули, агар шу ишни қилса Жаннатга кирадими?» дедим. У зот: «Қайси бир мўмин ана шу хислатлардан бирини талаб қиладиган бўлса, у хислат унинг қўлидан тутиб Жаннатга олиб қиради», дедилар» (Имом Байҳақий ривояти). 

Ислом шу сингари ҳар бир мусулмонни рағбатлантиради. Бу ибодатларни фақат бойларга хос бўлган молиявий, фақат кучлиларга хос бўлган жисмоний, фақат зиёлиларга тегишли бўлган маданий ибодатлар жумласидан ҳам қилган эмас. Аксинча барча инсоният учун бирдай мажбурият қилиб қўйди. Уни ҳар бир инсон тоқатига қараб адо этади, унда бою камбағал, кучлию кучсиз, авому уламо муштаракдир.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Инсонда олтмиш учта бўғим бор. Бас, у ана ўша бўғимларнинг ҳар бири учун садақа бермоғи лозимдир» дедилар. Одамлар: «Ундай бўлса, бу ишга кимнинг тоқати етар эди, эй Аллоҳнинг расули?» дедилар. (Улар молиявий садақа деб ўйлаган эдилар). У зот: « Масжиддаги балғамни кўмиб қўясан ва йўлда ётган нарсани олиб ташлайсан..» дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Кишининг биродарига қилган табассуми, қулоғи кар одамнинг эшитишига ёрдамлашиши, кўзи ожиз одамни етаклаши, тушунмай турган одамнинг тушунишига ёрдамлашиши, маслаҳат сўраган кимсага маслаҳат бермоғи, ёрдам сўраб турган мусибатзада дардига шерик бўлмоғи, кучсизларга қўли билан ёрдам бермоғи ва бу бошқа кўплаб амалларни садақалар қаторига қўшиб келган ва уларни буюк ибодат ва энг яхши садақа деб санаган.

 

Абдурауф Ёрбеков,
Сирдарё вилояти бош имом-хатиби ўринбосари

Read 1817 times

Мақолалар

Top