Мақолалар

ПОРАНИ “ҲАДЯ” БИЛАН АДАШТИРМАНГ

Жамият тараққиётининг таназзулга учраши ва фуқароларнинг ислоҳотларга бўлган ишончи йўқолишининг сабабларидан бири порахўрликдир. Ўзгалар молини ноҳақ йўл билан ейиш бу иллатнинг бир кўриниши. Ота-боболаримиз бундай луқмадан қаттиқ ҳазар қилган, гуноҳ ҳисоблаган. Ҳолбуки, динимизда бировнинг молини ўзлаштириш ҳаром дея таърифланган.

Ҳаётда турли эҳтиёж ва заруратлар мавжуд. Шундай ҳолатларда инсон ҳамкорга, қўллаб-қувватловчи ва таскин берувчига муҳтожлик сезади. Мана шу эҳтиёжмандлик ортидан ўрнатилган муносабатлар ҳалоллик ва тўғрилик асосига қурилиши лозим. Акс ҳолда оқибати хайрли бўлмайди. 

Пора — ўзгалар молини ноҳақ ейишнинг бир кўриниши. Унинг арабча маъноси “ришва” бўлиб, ислом уламолари: “Пора — киши ўзи ҳақли бўлмаган нарсага эришиши ёки зиммасида лозим бўлган нарсадан қутулиши учун тақдим этган мол ёки манфаатдир”, деб таъриф берадилар. У пул шаклидагина эмас, бирор ишни бажариш ёки бажармаслик орқали ҳам манфаатни ҳосил қилиш эканини англатади.

Пора берувчи қинғир йўллар билан ўз мақсадига эришишга уриниши туфайли ўзгалар ишончини суистеъмол қилинишига, натижада бундан норози кайфиятдаги қатламнинг вужудга келишига сабабчи бўлади. Порани “ҳадя”, “совға” сифатида берилди”, дея ўзини оқлашга одатланганлар адашадилар. Берувчи “кўнгилдан чиқди”, “атадик” каби “чиройли” сўзлар билан қабиҳ режаларини амалга оширади. Исломда “ҳадя”нинг аниқ таърифи шуки, бирор инсонга нафи тегиши мақсадида ниманидир (савобдан бошқа ҳеч қандай манфаатни кўзламай) беришидир. Порахўр эса ўз қилмиши билан динига, иймонига, виждонига, ишониб топширилган вазифасига, халқига, энг асосийси “яхшилик қиляпман” дея оиласи, фарзандларига хиёнат қилаётганини англаб етмайди.

 Ачинарлиси, аҳолининг кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган қатламига давлат томонидан бериладиган маблағларни ажратишда ҳам айрим мутасадди шахсларнинг қўштирноқ ичидаги ҳадяларга кўз тикиб қолаётганидир. Имом Муслим Адий ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир ҳадисда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимни бирор ишга бошлиқ қилсак ва у игнадек нарсани яширса, Қиёмат куни омонатга хиёнат қилгани учун жавобгарликка тортилади”, дедилар. Шунда ал-Ансор қабиласига мансуб қора танли бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Расу­ли! Менга топширган ишингизни (закот ва садақа йиғиш вазифасини) қайтариб олинг”, деб айтди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сенга нима бўлди?” — деб сўраганларида ҳалиги одам: “Сиз шундай-шундай деганингизни эшитдим”, дея юқоридаги сўзини келтиради. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳозир яна қайтариб айтаман, кимни бирор ишга бошлиқ қилсак, озиниям, кўпиниям яширмай олиб келсин. Нимани берсак, уни олсин. Нимадан қайтарсак, уни олишдан ўзини тийсин”, дедилар. Динимиз кўрсатмаларида, порахўрлар ва уларнинг разил мақсадли ҳамтовоқлари, қилмишидан қайтиб, чин дилдан тавба қилмаса, дунё ва охиратда ниҳоятда оғир жазолар кутиб тургани ҳақида оят ва ҳадислар орқали жиддий огоҳлантирилган. 

Хулоса ўзимиздан. Динимизда пора берувчининг ҳам олувчининг ҳам азобга дучор бўлишдаги даражаси баравар. Бу каби ижтимоий-салбий иллатдан халос бўлиш ва уларга қарши курашишда ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилишимиз лозим. 

 

Акмалхон АҲМЕДОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси.

"Hamkor press" газетаси 2021 йил 25 феврал, 4-сон

Read 2237 times
Tagged under

Мақолалар

Top