Мақолалар

Аёлни асраш – келажакни асрашдир

Аёлни муҳофаза қилиш учун унинг ҳаёти ва саломатлигига таҳдид солувчи омиллар нима эканини англаб ана ўшаларни бартараф қилиш керак. Шундай таҳдидлардан бири бу – суицид, яъни ўз жонига қасд қилишдир. Аёл киши табиатининг нозиклиги, эҳтиросларга тез берилувчанлиги сабаб, баъзида ўзини ҳалокатга ташлайди. Аммо динимиз таълимотига кўра, киши ўзига ҳам, ўзгага ҳам зарар етказиш мумкин эмас. Айниқса, ўзини ўзи ўлдириш оғир гуноҳлар қаторида зикр қилинган. Аллоҳ таоло Қуръони  каримда: “Ва ўзингизни ҳалокатга ташламанг” (Бақара сураси, 195-оят), деб марҳамат қилган. Ўз жонига қасд қилишнинг оғир гуноҳ экани ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ўз жонига бирор нарса билан қасд қилса, қиёмат куни ўша нарса билан азоб берилади”, деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу ҳадисни ривоят қилди: “Тоғ устидан ўзини отиб  ўлдирган одам жаҳаннамга киради ва жаҳаннам тубга шўнғиб кетади-да, у ерда мангу қолади. Заҳар ичиб ўзини ўлдирган одам, (ўша) заҳари қўлида, уни ичиб, жаҳаннам оловида абадул-абад қолади. Бирон бир темир билан ўзини ўзи ўлдирган одамнинг қўлида ўша темири бўлиб, мангу қоладиган жаҳаннамда қорнига суқиб туради” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Аслида мўмин одам дўзахда абадий қолмаслиги бошқа ҳадисларда айтилган. Юқоридаги ҳадисда ўзини ўлдирганларга абадий азобининг хабари берилишининг боиси шуки, бундай кимсалар имонини сақлаб қолиши ва мўмин ҳолда жон бериши мушкул. Ўз жонига қасд қилиб, дунёдан имонсиз ўтдими, бу унинг абадий азобга дучор бўлишига олиб боради. Шунинг учун ҳам барча олиму уламолар, фозилу фузалолар дунёдан ўтаётган чоқда иймонни сақлаб қолиш ташвишини қилганлар. Алишер Навоий ҳазратлари:

                        Нақди жон чиққанда иймон гавҳарин кўнглимга сол.

                        Айлагил жондин жудо, лек этма иймондан жудо,

дея илтижо қилган.

Модомики, ўзини ўлдириш иймонсизликка ва абадий азобга олиб борар экан, унинг энг катта гуноҳлардан бири эканига шак-шубҳа йўқ. Зеро, инсон дунёга саодат учун келади. Қуръони каримда икки дунё саодатини сўровчилар мадҳ этилган. Динимиз таълимотида, бу дунё деб, у дунёни ёки у дунёни деб, бу дунёни ташлаб қўйиш мумкин эмаслиги таъкидланган.       

Шундай экан, умримизнинг ҳар дақиқасини, ҳар сониясини ғанимат билиб, уни фақат хайрли ва савобли ишлар учун сарф этиш муҳим бурчимиздир. Айниқса, баркамол авлодни вояга етказишда беқиёс ўринга эга бўлган мунис аёлларимизни турли таҳдидлардан, ўзини ўлдириш каби даҳшатли иллатдан муҳофаза қилиш долзарб вазифадир. Зотан, аёл саломатлиги фарзанд камолининг, фарзанд камолоти эса миллат тарққиётининг муҳим гаровидир.

     Наргиза ОДИЛОВА,

    Хадичаи Кубро ўрта махсус ислом билим юрти мударрисаси

Read 12005 times

Мақолалар

Top