Мақолалар

Эл корига яраб яшаш - олий саодатдир

Инсон доимо меҳр-эътиборга талпиниб яшайди. Кимдандир яхшилик кўрсанг, ширин сўз эшитсанг, кўнглинг тоғдек кўтарилади. Ҳар бир замон ва маконга салоҳиятли муқаддас динимиз исломда ўзгаларга эътиборли бўлиш, уларга ғамхўрлик кўрсатиш ва доимо улар билан самимий мулоқот қилишга тарғиб қилган. Бунинг акси бўлган эл корига ярамаган, уларни қадрламаган, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя қилмаган инсон бу дунёда иззат-икром топмаслиги, кексайган чоғида обрў-эътиборга эга бўлмаслиги ҳамда у дунёда жаннатга эриша олмаслиги ҳақида эслатмалар баён қилинган.

Инсонларнинг ҳожатларини чиқариш ўтган барча пайғамбарларнинг хулқидир.

  Ўз қавмини зулмидан қўрқиб, жонини асраб қолиш учун узоқ ерларга бош олиб кетган йигитни эсланг! Сафари давомида ортидан етиб олиб ўлдиришларидан қўрқиб, дам ҳам олмай кетаётган пайтда бир ҳолатни кўрди-ю дини ва ҳақиқий йигитлик хислати уни сафарини тўхтатишга мажбур этди. Жонини асрашдан ҳам муҳимроқ бўлган ўша кўрган нарсаси нима экан, дейсизми? Қўйларини суғормоқчи бўлган икки қиз эркакларга аралашмасдан ҳаё қилиб, чўчиб турганини кўрган эди. Бу йигит ўша икки қизни на танир ва на уларда ҳожати бор эди. Лекин йигит ўша икки қизга ёрдам бериб, Роббиси Аллоҳнинг ҳузурида ажрга эга бўлиш фурсати пайдо бўлганини ҳис этди. Шу заҳоти уларнинг ўрнига қўйларини суғориб берди. Бу ёрдами учун улардан на иш ҳақи сўради ва на раҳмат эшитишни кутди. Шунчаки қуёшнинг қаттиқ ҳароратидан сақланиш учун четдаги бир дарахт соясига бориб ўтирди. Бу йигит ким эканини биласизми? Бу йигит Аллоҳнинг энг улуғ  улул-азм пайғамбарларидан бири Мусо алайҳиссалом эдилар.

  Бу қиссани Аллоҳ таоло Қуръон каримда шундай баён этади:

فَخَرَجَ مِنْهَا خَائِفًا يَتَرَقَّبُ قَالَ رَبِّ نَجِّنِي مِنَ الْقَوْمِ الظَّالِمِين21  َ وَلَمَّا تَوَجَّهَ تِلْقَاءَ مَدْيَنَ قَالَ عَسَى رَبِّي أَنْ يَهْدِيَنِي سَوَاءَ السَّبِيلِ22 وَلَمَّا وَرَدَ مَاءَ مَدْيَنَ وَجَدَ عَلَيْهِ أُمَّةً مِنَ النَّاسِ يَسْقُونَ وَوَجَدَ مِنْ دُونِهِمُ امْرَأتَيْنِ تَذُودَانِ قَالَ مَا خَطْبُكُمَا قَالَتَا لَا نَسْقِي حَتَّى يُصْدِرَ الرِّعَاءُ وَأَبُونَا شَيْخٌ كَبِير 23ٌ فَسَقَى لَهُمَا ثُمَّ تَوَلَّى إِلَى الظِّلِّ فَقَالَ رَبِّ إِنِّي لِمَا أَنْزَلْتَ إِلَيَّ مِنْ خَيْرٍ فَقِيرٌ24

“Бас, у қўрқувга тушиб, (атрофни)  кузатган  ҳолда у ердан  чиқиб, деди: “Эй, Раббим!  Ўзинг менга (бу) золимлар қавмидан нажотбергин!”(21) Қачонки, Мадян (шаҳри) томонга равона бўлгач,  деди: “Зора, Раббим мени тўғри йўлга ҳидоят этса”. (22) Қачонки, Мадяннинг суви (қудуғи)га етиб келгач, у жойда бир тўп одамлар (чорваларини) суғораётганларини кўрди ва улардан берироқда икки аёл (ўз қўйларини) қўриқлаб турганларини кўриб: «Сизларга не бўлди?» – деди. Улар: «Биз, то подачилар (молларини) қайтармагунча, суғора олмаймиз*. Отамиз эса қари чол», – дедилар. (23) Шунда (Мусо) уларга (қўйларини) суғориб берди. Сўнгра (бир четдаги) сояга бориб (ўтириб), деди: “Эй, Раббим! Мен учун нима яхшилик (ризқ) туширсанг, ўшанга муҳтождирман”(24)  (Қасос сураси, 21-24-оятлар).

  Мусо алайҳиссаломнинг қилган бу яхши амаллари бекор кетмади. У зот амалига ҳақ сўрамадилар. Амалларининг ҳақини Аллоҳдан умид қилдилар ва Аллоҳ буни берди:

فَجَاءَتْهُ إِحْدَاهُمَا تَمْشِي عَلَى اسْتِحْيَاءٍ قَالَتْ إِنَّ أَبِي يَدْعُوكَ لِيَجْزِيَكَ أَجْرَ مَا سَقَيْتَ لَنَا فَلَمَّا جَاءَهُ وَقَصَّ عَلَيْهِ الْقَصَصَ قَالَ لَا تَخَفْ نَجَوْتَ مِنَ الْقَوْمِ الظَّالِمِين  25َ قَالَتْ إِحْدَاهُمَا يَا أَبَتِ اسْتَأْجِرْهُ إِنَّ خَيْرَ مَنِ اسْتَأْجَرْتَ الْقَوِيُّ الْأَمِينُ 26 قَالَ إِنِّي أُرِيدُ أَنْ أُنْكِحَكَ إِحْدَى ابْنَتَيَّ هَاتَيْنِ عَلَى أَنْ تَأْجُرَنِي ثَمَانِيَ حِجَجٍ فَإِنْ أَتْمَمْتَ عَشْرًا فَمِنْ عِنْدِكَ وَمَا أُرِيدُ أَنْ أَشُقَّ عَلَيْكَ سَتَجِدُنِي إِنْ شَاءَ اللَّهُ مِنَ الصَّالِحِينَ 27

“Сўнгра, улардан (икки қиздан) бири ҳаё билан юриб келиб: “Отам сени бизларга (қўйларимизни) суғориб берганинг ҳақини бериш учунчақирмоқда”,– деди. Бас, (Мусо Шуайбнинг ҳузурига) келиб, унга ўз қиссасини, сўйлаб бергач, у: “Қўрқмагин! Сен золимлар қавмидан нажот топдинг”, – деди. (25) (Қизлардан) бири: “Эй, ота, уни (ишга) ёллагин! Зеро, сен ёллайдиган (бу) яхши киши кучли ва ишончли кишидир”,–деди. (26) (Шуайб) айтди: Менга саккиз йил ишлаб беришинг бадалига мен сенга мана шу икки қизимдан бирини никоҳлаб бермоқчиман. Энди, агар ўн йилни битирсанг (ўн йил ишлаб берсанг) ўзингдан (марҳамат)дир. Мен сени қийнашни истамайман. Иншоаллоҳ, менинг солиҳ кишилардан эканимни билурсан.  (Қасос сураси, 25-27-оятлар).

  Инсонларнинг ҳожатини чиқариш, уларнинг оғирини енгил қилишнинг мукофоти хавфу хатардан кейинги омонлик, фақирликдан кейинги бойликдир. Булар дунёдаги мукофотлар холос. Охиратдаги мукофотар эса нақадар улуғ.

  Кимда-ким инсонларнинг оғирини енгил қилса, Аллоҳ таоло ўша инсоннинг оғирини енгил қилади. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм ҳам қилмас, ўз ҳолига ташлаб ҳам қўймас. Ким ўз биродари ҳожати (ни раво қилиш)  йўлида бўлса, Аллоҳ унинг ҳожати(ни раво қилиш)  йўлида бўлади. Ким бир мусулмонннинг ғамини аритса, қиёмат кунида Аллоҳ унинг ғамларини кетказади. Ким бир мусулмоннинг айбини яширса, қиёмат кунида Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини яширади”. (Бухорий ривояти.)

Яхши ишларни қилиш, одамларни ҳожатларини раво қилиш балоларни қайтаради. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким қийналган одамга енгиллик қилса, Аллоҳ таоло унга дунёда ҳам охиратда ҳам енгиллик қилади”.

Бундан ташқари, бу хулқ жаннатга энг биринчи киривчи кишиларнинг хулқидир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта дунёда яхшилик аҳли бўлганлар охиратда ҳам яхшиллик аҳлидирлар. Жаннатга энг аввал кирувчилар яхшилик аҳлларидир”, -  деб марҳамат қиладилар. (Табароний ривояти)

Яхшилик қилиш нажот топиш сабабларидандир. Аллоҳ таоло “Ҳаж” сурасининг 77- оятида шундай марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا ارْكَعُوا وَاسْجُدُوا وَاعْبُدُوا رَبَّكُمْ وَافْعَلُوا الْخَيْرَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ 77

“Эй, имон келтирганлар! Рукуъ қилингиз, сажда қилингиз ва Раббингизга ибодат қилиб эзгу иш қилингиз – шоядки, нажот топсангиз!”.

Яхшилик қилмаган инсон нажот топмайди. Аммо, ояти каримада айтилганидек, аввал истиқомат сўнг яхшилик қилиш керак.  Бу иккиси жамланмаса фойда бермайди.

Динимизда мусулмон киши биродарига кўмак берса, Аллоҳ ҳам унга кўмак беради. Агар биродарига раҳм қилса, Аллоҳ унга ҳам раҳм қилади. Ким бир мусулмоннинг айбини яширса,  Аллоҳ унинг гуноҳу айбларини яширади.  Ким бир кишининг мушкулини осон қилса, Аллоҳ унинг мушкулини осон қилади дея таъкидланади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Росули! Инсонларнинг қай бири Аллоҳга севимлироқдир?”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга энг маҳбуб одам - инсонларга энг кўп фойда келтирувчи кишидир. Кейин яна, “Эй Аллоҳнинг Росули! Амалларнинг қай бири Аллоҳга маҳбуброқдир?”, деди. “Аллоҳга энг маҳбуб амал эса бирор мусулмоннинг қалбига хурсандчилик олиб киришинг ёки унинг бирор ғамини кетказишинг, ёки унинг қарзини тўлашингдир. Бир биродарим билан унинг ҳожатини раво қилиш йўлида юришим мана бу масжид (масжиди набавий) да бир ой эътикоф ўтиришимдан афзалдир. Ким ғазабини босса, Аллоҳ таоло унинг авратини беркитади. Ғазабига эрк беришга қодир бўла туриб ичига ютган кишининг қалбига Аллоҳ таоло қиёмат кунида хотиржамлик ила тўлдириб қўяди. Ким биродари билан унинг ҳожати равоси йўлида юрса Аллоҳ таоло қадамлар тояр кунда унинг қадамини собит қилади”, деб  жавоб бердилар. (Табароний ривояти)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари масжиди набавийдек улуғ жойда бир ой эътикоф ўтиришдан кўра бошқа биродарлари ҳожатини раво қилишни афзал билганлар. Демак, бу ишнинг ажру мукофоти жуда улуғ саналади. Аллоҳ бизларни инсонларга кўп фойда келтирувчилардан қилсин.

Жалолиддин Ҳамроқулов,

Тошкент ислом институти “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири

 

Read 5748 times

Мақолалар

Top