Мақолалар

Виждон эркинлиги ҳуқуқини мустаҳкамлаш йўлида дадил қадам

Мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг маънавий ҳаётидаги янгиланиш жараёни, туб ўзгаришлар самараси ўлароқ динга бўлган муносабат тубдан ўзгарди.

Собиқ совет тизимининг атеистик сиёсатига барҳам берилди, виждон эркинлиги қонун орқали кафолатланди. Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланиши, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиши, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан мустаҳкамланди.  

Шунинг баробарида давлатчилигимиз демократик ривожланиш йўлини танлади. Ўзбекистон Республикасининг мустақиллик йилларидаги тараққиёт тажрибаси мусулмон жамиятларида миллий ўзликни англаш ва исломий уйғониш жараёнлари бир-бири билан алоқадор тарзда, ҳатто бир-бирига киришиб кетган ҳолда кечади, деган хулосанинг тўғрилигини тасдиқламоқда. Дарҳақиқат, миллий ўзликни англаш билан боғлиқ турфа жараёнларни диний қадриятлардан айро ҳолда тасаввур этиш мушкул. 

Айни пайтда Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунини янада такомиллаштириш юзасидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг виждон эркинлиги ҳуқуқини мустаҳкамлаш, диний эътиқодини амалга оширишда дуч келаётган муаммоларни бартараф этиш, диний ташкилотлар фаолиятини тартибга солиш, динлараро ва миллатлараро низолар келиб чиқишининг олдини олишга хизмат қилади.  

Мазкур қонунни янада мукаммал ҳолатга келтиришдан кўзланган асосий мақсад виждон эркинлиги кафолатларини кучайтириш, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқини таъминлашнинг янги механизмларини жорий этиш, шунингдек, давлатнинг дин ишлари бўйича сиёсатини такомиллаштиришдан иборат.  

Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунининг янги таҳририда диний соҳада қонун ҳужжатларида қўлланиладиган асосий тушунчаларга таъриф берилиши, виждон эркинлигини таъминлаш соҳасида асосий устувор йўналишлар белгилаб берилиши, диний ташкилот раҳбарлигига кўрилаётган чет эллик фуқаро номзодини Дин ишлари бўйича қўмита билан келишиш талаби чиқариб ташланиши, диний ташкилот раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши тўғрисидаги талаб бекор қилиниши каби киритилган янгилик ва ўзгаришлар диққатга сазоворлир. 

Айниқса, диний ташкилотларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларни таъминлашнинг қўшимча кафолатлари, шу жумладан, юқори турувчи орган ёки судга мансабдор шахсларнинг диний ташкилотларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузувчи қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) бўйича улар судга мурожаат қилганда, давлат божини тўлашдан озод этилиши мустаҳкамлаб қўйилиши давлатимизнинг демократик ислоҳотлар йўлида халқ учун хизмат қиладиган ўзгаришлардан бири, деб ҳисоблаш мумкин.  

Бундан ташқари, давлат хизматлари кўрсатишнинг электрон тизимга ўтиш орқали диний ташкилотни тузиш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби ўрнатилиши ҳам юридик ва жисмоний шахсларга бирмунча қулайликлар яратиши шубҳасиздир. Шунингдек, қонунда жамоат тартибини сақлаш, бошқа фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи, ахлоқи, ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш мақсадида бир қанча қоидалар ўз аксини топганлиги хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини, тенгликни ва эркинликни таминлашга хизмат қилади.  

Мухтасар айтганда, Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунини такомиллаштириш юзасидан қабул қилинган янгиланиш ва ўзгаришларга бўлган эҳтиёж ва зарурият ўтган давр мобайнида ўз тасдиғини топиб, қонундаги қабул қилинган янгилик ва ўзгаришлар халқ манфаатлари йўлида хизмат қилади.  

 

Дилафрўз КОМИЛОВА,  

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

“Ижтимоий-гуманитар фанлар” кафедраси доценти, юридик фанлар доктори.

Read 1369 times

Мақолалар

Top