Мақолалар

Оилавий муаммолар ечими – меҳр

Аллоҳ таоло эрлар ва хотинлар ўзаро муроса ва тотувлик билан яшаши учун улар ўртасида иноқлик ва муҳаббат туйғуларини ҳам пайдо қилди. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Унинг аломатларидан (бири) сизлар таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун ибрат-аломатлар бордир” (Рум сураси, 21-оят).

Келинлар эса қайноналарини ўз онасидек яхши кўриб, ҳурмат кўрсатиши, уларни ғанимат билиб, дуоларини олишга ҳаракат қилиши керак. Бу эрнинг ҳам розилигига сабаб бўлади. Қўлини кўксига қўйиб чой узатган келинига қараб, қайнонанинг қалбида меҳр мавжланди. Дастурхондаги ноз-неъматларнинг энг сараларини оила шажараси давомчисини юрагининг тагида кўтариб юрган келинининг олдига суриб қўя бошлади. Бу жуда оддий, лекин ҳар куни мамлакатимиздаги миллионлаб оилаларда содир бўладиган бахтли лаҳзалар. Бундай манзара оила муҳитига таъсир ўтказиб, оиланинг бошқа аъзолари ўртасида ҳам меҳр-оқибатни мустаҳкамлайди.

Келин оиланинг бошқа аъзолари каби ошхона ишларида, уй-жой ва ҳовли озодалигини тартибга солишда, ёши катталарнинг хизматини қилишда ёрдам бериши талаб этилади. Хонадон аъзоларининг касб-у кори, шароитдан келиб чиқиб, бошқа ишларга ҳам хисса қўшиши мумкин.

Қайнона ва келин ўртасидаги алоқалар гўзал ва чиройли бўлгани қандай яхши. Лекин, иккиси ўртасидаги муносабатлари инқироз кўчасига кириб қолган вақтда ҳеч бўлмаганда инсонийлик нуқтаи назаридан маҳалла олдида, фарзандлар қаршисида ақл ва зийраклик билан ҳаракат қилиш лозим.

Айрим қайноналар келинларига зулм қилишлари ҳам ҳеч кимга сир эмас. Баъзи ўзига ҳаддан зиёда бино қўйган қайноналар ўзларини бамисоли бир қироличадек, келинларини эса чўридек ҳисоб қиладилар. Арзимас сабаблар билан келинларини турткилайверадилар. Келин сал ухлаб қолса, ёки қайнонанинг оёқ кийимини тўғрилаб қўймаган бўлса, ёки ҳадеганда бўйида бўлавермаса, бошидан тегирмон тоши юргизадилар. Оилаларнинг бузилишига ёки қайнона-келин муносабатларининг ёмонлашишига кўпинча арзимаган “деди-деди” гаплар ҳам сабаб бўлади. Ҳеч қайси келин янги уйига келганда, уларга нисбатдан ғараз ниятлар олиб келмаса керак ёки уларни беҳурмат қилишни ўйламаса керак.Улар гўёки ёшни ҳолга ўхшайди, уни эгри ўзишига йўл қўймай, меҳр билан суғориб, кўп йиллик тажрибага эга аёл сифатида муаллимлик қилса, тушунмовчиликлар юзага келмасмиди.    

Баъзан бу дунёнинг ҳеч нарсага арзимайдиган моддий бойликларидан кўра ёнимиздаги яқинларимизни асрашни ўрганишимиз керак. Ҳамма инсон ҳам ҳато қилади, кечира олиш эса ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Меҳр эса ҳар қандай муаммоларнинг оддий ечими ҳисобланади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кичикларимизга раҳм қилмаган, катталаримизни ҳурмат қилмаган, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтармаган киши биздан эмас(Имом Термизий ривояти).

Кечиримли бўлиш динимизда мақталган сифатлардан ҳисобланади. Ўзгани кечириш нафсга ёқмаса ҳам, бу катта можароларнинг олдини олади, келгусидаги хотиржамликни таъминлайди.

Шундай экан, қайноналар ёш келинларидан ўтган камчилик ва хатоларни кечира билишлари ҳам олижаноблик саналиб, ёшларнинг тўғри йўлга тушишига ёрдам беради. Оилада қайноналар ёши улуғ, тажрибали бўлганлари учун ёшларга имкон бериши, билмаганларини ўргатиши, бағрикенглик қилишлари даркор. Айни пайтда келинлар ҳам хатоларини тан олиб, қайноналардан узр сўрашлари уларнинг ҳурматлари ортишига олиб келади. Оила ҳаёти ҳеч қачон бир текис фақат шоду хуррамлик, бахт-саодатдан иборат бўлмайди.

Баъзида қайноналар фарзандларининг бахтли бўлиши йўлида ўзларининг баъзи ҳойи-ҳавасларидан воз кечишларига ҳам тўғри келади. Қачонки, эр-хотин биргалашиб оила тотувлиги йўлида курашсагина қийинчиликларни енгиш осон кечади, оила хотиржамлигига эришади.

Азал-азалдан дунё аҳллари бизнинг ўзбек хонадонларимизда кексаларга, ота-оналарга ҳурмат, эру-хотин, қайнона-келин муносабатлари, қариндошлар, қўни-қўшнига яхшилик, урф-одат анъаналаримизга ҳавас билан қараб келишган. Буларнинг барчаси Исломий одобларимизнинг маҳсули деб биламиз. Аллоҳ таоло барчамизни аҳл ва иноқликда ҳаёт кечиришимизга муваффақ қилсин!

 

Абдумажид АЛИМОВ,

Китоб туманидаги “Туябоши”масжиди имом-хатиби

Read 1793 times

Мақолалар

Top