Мақолалар

Муҳаррам ойи ва Ашуро кунининг фазилати

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Муҳаррам ойи рамазон ойидан кейин турадиган энг ҳурматли ойдир. Бу ой ҳижрий сананинг бошланиш ойидир. Динимизда бу ой уруш ҳаром қилинган ойлардан бири ҳисобланади. Ашуро куни эса муҳаррам ойининг ўнинчи кунидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда рўза тутишга тарғиб қилганлар. 

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Аллоҳнинг Расули, Рамазондан кейин қайси ойда рўза тутишимга буюрасиз», деди. Шунда у зот: «Агар Рамазондан кейин рўза тутмоқчи бўлсанг, муҳаррам ойида тутгин. Чунки у Аллоҳнинг ойидир, унда бир қавмнинг тавбасини қабул қилган яна бошқа қавмларнинг ҳам тавбасини қилади», деб жавоб бердилар».

Имом Термизий ривоят қилган.

 

Ашуро кунининг фазилати

Ашуро кунининг фазилати ҳақида қуйида баъзи ҳадисларни келтирамиз.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида яҳудийларнинг Ашуро куни рўза тутаётганини кўриб: «Нима бу? (яъни, нима учун бу кун рўза тутяпсиз?)», - дедилар. Улар: «Бу яхши кундир. Бу кунда Аллоҳ таоло Бани Исроилга душманларидан нажот берган. Шунинг учун Мусо рўза тутган», - деб жавоб беришди. Шунда у зот: «Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман», - дедилар ва шу куни рўза тутдилар ҳамда бошқаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар.

Имом Бухорий ривоят қилган.

 

Ҳишом Ибн Урва отасидан ривоят қилади:

Оиша розияллоҳу анҳо: «Қурайш қавми жоҳилиятда Ашуро куни рўза тутар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам у кунда рўза тутардилар. У зот Мадинага келганларида ҳам у кунда рўза тутдилар ва рўза тутишга буюрдилар. Рамазон рўзаси фарз бўлганидан кейин Ашуро кунида рўза тутмай қўйдилар. Шундан кейин у кунда хоҳлаган киши тутаверарди, хоҳлаган киши тутмасди», дедилар.

Имом Бухорий ривоят қилган.

 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу Ашуро куничалик бирор куннинг рўзасини ҳамда ушбу Рамазон ойичалик (бирор ойни) савоб талабида бошқасидан афзал билганларини кўрмаганман», - деди».

Имом Бухорий ривоят қилган.

 

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ашуро кунининг рўзасини олдинги йил (гуноҳлари)га каффорат бўлишини Аллоҳ таолодан умид қиламан», - дедилар».

Имом Термизий ривоят қилган.

 

Бундай улкан савоб Аллоҳ таолонинг фазли-раҳматидир. Зеро, Аллоҳ таоло шундай деган: «... Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади. ...» (Ҳуд сураси, 114-оят) Уламолар беш вақт намоз, жума намози, Рамазон рўзаси ҳамда мазкур рўзалар каби фазилатли ибодатлар аввал кичик гуноҳларга каффорат бўлади, кейин эса катта гуноҳларни ҳам ювади, сўнгра банданинг даражаси кўтарилишига сабаб бўлади, деганлар. Бу Аллоҳнинг раҳматидир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган: «...Ва раҳматим эса, ҳамма нарсани қамраган». (Аъроф сураси, 156-оят).

 

Ҳа, азизлар, Аллоҳ таолонинг раҳмати кенгдир. Бир кунлик рўза билан бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлиши Аллоҳ таолонинг бандаларига фазли-раҳматидир. Бандалар бундай улкан савобни осонлик билан қўлга киритиш мумкинлигига шубҳа билан қарамасликлари керак. Аксинча, муҳаррам ойи, айниқса, Ашуро кунида имкон қадар кўпроқ ибодат қилиб, фойдаланиб олишлари лозим бўлади.

 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутиб, бошқаларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, ахир, бу – яҳудийлар ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку?», - дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар келаси йили бўлса, албатта, тўққизинчи куни ҳам рўза тутамиз», - дедилар».

Имом Муслим ривоят қилган.

 

Ҳофиз ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: «Бу воқеа охирги вақтларда бўлган. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам авваллари бирор нарсага буюрилмаган ишларда аҳли китобларга мувофиқ бўлишни хоҳлардилар. Айниқса, мушрикларга хилоф бўлган ишларда шундай эдилар. Макка фатҳ бўлиб, Ислом машҳур бўлганидан сўнг аҳли китоблардан ҳам фарқли бўлишни хоҳладилар. Шунинг учун аввалда: «Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман», - деган бўлсалар, кейинчалик улардан ҳам ажралиб туришни истадилар ва Ашуро кунидан олдин ёки кейин яна бир кун рўза тутиб қўйишга буюрдилар».

 

Яна бир ҳадисда эса қуйидагича келган:

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ашуро куни рўза тутинглар ва унда яҳудийларга хилоф қилинглар. Ундан олдин бир кун ёки ундан кейин бир кун рўза тутинглар», - дедилар.

Имом Аҳмад ривоят қилган.

 

Шунга кўра, Ашуро кунининг рўзасига ундан олдин ёки ундан кейин яна бир кунни қўшиб рўза тутиш мустаҳабдир. Ашуро кунининг ёлғиз ўзида рўза тутишда яҳудийларга ўхшашлик бордир деб, баъзи уламолар ёлғиз шу куни рўза тутишни танзиҳий макруҳ (яъни, енгил қайтарилган) деганлар. Лекин аксар уламолар бу кун фазилатли кунлардан ва бу фазилатлардан фойдаланиб қолиш мустаҳабдир деб, ёлғиз шу куни рўза тутишни макруҳ эмас, деганлар.

 

Ашуро куни аҳлига кенглик қилиш

 

Абу Ҳурайра розияллоҳуанҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Ашуро кунида аҳли-аёлига кенглик қилса, Аллоҳ таоло унга йилнинг қолганини кенг қилади», дедилар».

Имом Байҳақий ривоят қилган.

Имом Ҳофиз Суютий бу ҳадисни саҳиҳ деган.

 

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Ашуро куни аҳли-аёлига нафақада кенгчилик қилса,  Аллоҳ унга йилнинг қолганини кенг қилади», - дедилар.

Имом Розий ривоят қилган.

 

Ироқий айтади: «Бу ҳадиснинг бир қанча йўллари бор бўлиб, унинг баъзиларига саҳиҳ деб қарор берилган. Баъзиларига эса, имом Муслимнинг шартига кўра саҳиҳ дейилган.

Аммо Ашуро кунида рўза тутиш ва кенгчилик яратишдан бошқа амалларнинг асли йўқдир.

Жумладан, Ашуро куни кундузи ёки кечаси байрам қилиш, сурма қўйиш, бўяниш каби ишларни жумҳур фуқаҳолар – Ҳанафий, Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалийлар бидъат деганлар.

Бу ишларнинг бирортаси мустаҳаб эмасдир. Бу ҳақда келтирилган ривоятлар бидъатчиларнинг тўқиб чиқарган бидъатлари бўлиб, улар бу амалларни ўзларининг бидъатларини қўллаб-қувватлаш учун тўқиганлар.

Лекин юқорида зикр қилинган ҳадисга биноан, Ашуро куни оиласига кенгчилик қилса, бозорлик қилиб, рўзғорини бут қилиб олса, йилнинг қолган ойлари ҳам баракали бўлиши умид қилинади. Суфён Саврий: «Биз буни тажриба қилиб кўрдик ва ана шундай бўлишини топдик» деган. Суфён ибн Уяйна: «Биз буни эллик ёки олтмиш йил тажриба қилиб кўрдик ва фақатгина яхшилик кўрдик», деган. «Ал-Муҳит» китобида шундай дейилган: Жобир раҳматуллоҳи алайҳ: «Мен қирқ йил тажриба қилдим, бўлмай қолмади», деган.

 

Қудратуллоҳ Сидиқметов

Read 2014 times

Мақолалар

Top