Мақолалар

Ҳаёт ўтган кунлар эмас, балки эсда қолганларидир

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида шундай деганлар:

Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса улуғ насибани олибди”(Абу Дардо розияллоҳудан Термизий ривояти).

Дарҳақиқат, уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнг одамларни ҳаққа чақирадиган, жоҳилларга таълим берадиган, адашганларни йўлга соладиган ва бидъатларнинг ҳалқ орасига кириб келишини олдини оладиган зотлардир. Улар шу билан бирга ушбу меросни келгуси авлодга муносиб тарзда узатувчи устоз ва мураббийлар ҳамдир.

Ўзбекистон ислом аҳлининг устози, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросхўри, муқаддас динимиз маърифати, илму зиёсини кенг тарғиб этувчи, одамларни солиҳ амаллар сари, тинчлик севарликка, инсон парварликка, эзгу ишларга даъват қилиб, бутун умрини ана шу шарафли ишга бахшида этган зот Усмонхон Темурхон ўғли Алимов ҳазратлари фоний дунёдан боқий ҳаётга риҳлат қилдилар.

Инсон дунёга келар экан Аллоҳ таоло ато қилган умр неъматини эъзозлаб, ҳаётдан кўзланган мақсадга эришиши лозим. Кимдир бу неъматни беҳуда, зарарли нарсаларга сарф қилса, айрим инсонлар уни яхшилик ва эзгулиика сарф этади. Ҳатто, дунёдан ўтганидан сўнг ҳам бу каби зотларнинг умр йўли келгуси авлодга ўрнак, намуна ва сабоқ бўлади. Устоз Усмонхон ибн Темурхон анашундай зотлардан эди. Зиёли оилада вояга етган устоз диний илмга бўлган муҳаббати боис дастлаб Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида, кейинчалик Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, Марокашнинг “Каравийн” дорил фунунида таҳсил олганлар.

Меҳнат фаолиятини Имом Бухорий жоме масжидида имом-ноиби вазифасида бошлаб, сўнгра ушбу масжиднинг имом-хатиби сифатида фаолият юритган. 2000-2006 йилларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакили, бош имом-хатиби бўлиб меҳнат қилган. 2006 йилдан буён эса Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимида ишлаб келаётган эдилар.

Суюкли Набиййимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Қиёмат куни Одам боласининг қадами Робби азза важалланинг ҳузуридан то У Зотундан беш нарса ҳақида сўрамагунича узилмас: умридан, уни нимага сарфлагани ҳақида; ёшлигидан, уни нимада ўтказгани ҳақида; молидан, уни қаердан касб қилди-ю, нимага инфоқ қилгани ҳақида ва илмига қандай амал қилгани ҳақида”, деганлар (Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан Термизий ва Табароний ривоят қилишган).

Марҳум устозимиз Аллоҳнинг умр неъматини Ўзи рози бўладиган амалларга сарф этдилар. Ёшликларидан илмтолиби, меҳнат фаолиятида эса фақат динимиз ривожи, мусулмонлар манфаати билан машғуллик. Шу ўринда айрим мисоллар билан бўлишишни истадим. Усмонхон Алимов Имом Бухорий жоме масжидида имом-хатиб сифатида ишлаб юрган кезлари халқимизнинг диний илмга бўлган иштиёқини кўриб, ўша пайтдаги Пайариқ тумани ҳокимяти билан келишилган ҳолда масжид қошида диний мадраса ташкил қилган ва ўзлари устозлик қилган эди. Ўқув биноси, ўқув анжомлари, дарсликлар, устозларнинг ойлик маошлари ва талабаларни ётоқ хона ҳамда иссиқ овқат билан таъминлаш йўлида куну тун сайъҳаракатда бўлганлар. Ушбу илм даргоҳи 2008 йилга қадар ўрта махсус билим юрти сифатида фаолият олиб бориб, юртимизга бирнеча юзлаб олимлар, имом-хатибларни етказиб берди.

Устоз вилоят бош имом-хатиби сифатида вилоятдаги масжидлар сонини ошишига, улардаги шароитларни яхшилашга, янгиларини бунёд этишга муносиб хизмат қилганлар. Ҳозирги вақтда Самарқанд вилояти бошқа вилоятлардан масжидлар сони бўйича еткчи ўринларда бормоқда. Бу албатта Усмонхон Алимов ҳазратларининг хизматларининг самарасидир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси сифатида иш бошлашлари билан мамлакатимиздаги диний йўналишда ҳам кўплаб ютуқларга эришилди. Ҳатто бу муваффақиятлар халқаро миқёсда ҳам эътироф этилдики, кўплаб халқаро ислом уюшмалари томонидан у кишига унвон ва мартабалар берилди.

Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари йигирмадан ортиқ китоб ва юздан зиёд илмий-оммабоп мақола муаллифи ҳисобланади ҳамда теле, радио дастурларда долзарб мавзуларда чиқишлар қилиб, халқимизни диний-маърифатга ундаб келганлар. Жумладан, у кишининг “Тафсири Ирфон”, “Имом Бухорий – муҳаддислар султони”, “Имом Бухорий баракоти ”, “IX-X асрларда Самарқандда калом илмининг ривожланиши”, “Ҳазрати Имом”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Расулуллоҳнинг муборак васиятлари”, “Расулуллоҳ мўъжизалари”, “Оилада фарзанд тарбияси”, “Сўраган эдингиз” каби асарлари чоп этилган.

Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари томонидан таълиф этилган Қуръони карим маънолари таржимаси ва тафсир китоби – “Тафсири Ирфон” бугунги воқелигимизга мослаб, халқчил тилда, айни чоғда, юксак илмий маҳорат билан таржима ва тафсир этилгани билан янада аҳамиятлидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Қачонки одам боласи ўлса, амали кесилади. Магар уч нарсадан: жорий садақадан, манфаат оладиган илмдан ёки унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанддан кесилмайди”, деб айтганлари келтирилган (Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаганлар).

Ҳадисга муофиқ ҳаёт тарзини ҳазратимизнинг ҳаёт йўлларида кўришимиз мумкин. Масжид ва мадрасаларнинг ташкил этилиши жорий садақа, шогирт ва асарлар - манфаатли илм ва ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд – ҳазратимизнинг Қуръони каримни ҳифз қилган, илм соҳиблари бўлмиш солиҳ фарзандларидир.

Усмонхон ибн Темурхон ҳазратлари ҳаётда ўта самимий, доно, тақводор, камтар эдилар. Оғир, фитнали, мунозарали вазиятларда ҳам босиқлик ва донолик билан иш юритар, адолат билан қарор қабул қилар эдилар.

У зотнинг фазилатлари бисёр. Биз Аллоҳнинг тақдирига розимиз, асло исён қилмаймиз. Ҳазратни кеча охирги манзилга кузатдик. Ҳали бу мусибатдан ўзимизга келаолганимиз йўқ. Ушубу сатрларни ҳам ҳаяжон билан битдик. У кишининг ҳаёт йўллари, амлага оширган ишлари хатга туширилса йирик асар вужудга келади. Келгусида шогирт ва сафдошлари албатта бу ишни амалга оширажак, иншааллоҳ.

Донишмандлар “Ҳаёт ўтган кунлар эмас, балки эсда қолганларидир”, деган эканлар. Мутафаккир олим, муфассир, муҳаддис, тариқат пешвоси ҳазрат Усмонхон Темурхон ўғилларининг самарали ва намунали ҳаёти биз ва келгуси авлод ёдида сақланиб қолади. Ўгит ва сабоқлари, илмий асарлари юртимиз мусулмонлари учун манфаатли бўлади иншааллоҳ.

Аллоҳ субҳанаҳу ватаола муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларини дини мубинимиз йўлидаги беқиёс хизматлари, илм-маърифат, зиё тарқатиш йўлидаги сайъ-ҳаркатларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфирати билан сийласин. Қабрларини жаннат боғларидан қилиб, охиратларини обод қилсин!

Зайниддин Эшонқулов ,

Самарқанд вилоят бош имом-хатиби

Read 1417 times

Мақолалар

Top