Мақолалар

Ўш шаҳри қозиси: Шайх Усмонхон ҳазрат Марказий Осиё давлатлари муфтийлари пешвоси эди

Маълумки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов раҳимаҳуллоҳнинг вафотлари муносабати билан турли ўлкалардан ўзбек халқи номига таъзия изҳорлари келяпти.
Куни кеча муфтий ҳазратнинг таъзия ва дафн маросимларига қўшни Қирғизистон, Қозоғистон ва бошқа республикалардан бир қатор устозлар, олимлар юртимизга ташриф буюрдилар.
Хабар берганимиздек, 2021 йил 17 август куни Тошкент вилояти Қибрай туманида жойлашган ҳазратнинг хонадонларида таъзия маросими бўлиб ўтади. Қирғизистон давлатининг Ўш шаҳри қозиси, машҳур уламо Убайдулла ҳожи домла Сарибаев, жоме масжиди имом-хатиби Абдулазиз домла ва бир гуруҳ қирғизистонлик аҳли илмлар таъзия маросимига ташриф қилдилар ва марҳум муфтий ҳазратларининг ҳақларига дуолар қилдилар.
Шу куни фазилатли меҳмонлар Тошкент шаҳридаги “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” жоме масжидига Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Нуриддин домла Холиқназаров ҳамроҳлигида ташриф буюрдилар.
Меҳмонлар пешин намозини жамоат билан адо этгач, Қирғизистон халқи томонидан қилинган Қуръони карим хатмоналарининг якуни ўқилди. Қуръони карим хатмоналари муфтий Усмонхон Темирхон ўғли ҳазратлари ва Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳлар ҳақларига бағишланди.
Сўнгра Ўш шаҳри қозиси Убайдулла ҳожи домла сўзга чиқиб, Қирғизистон Республикаси мусулмонлар идораси раиси, муфтий Замир қори Ракиев, шу юртдаги олим-уламолар, қирғиз халқи номидан ўзбек ҳалқига ҳамдардлик йўллаганини изҳор этдилар.
Суҳбат жараёнида меҳмонлар муфтий Усмонхон Алимов раҳимаҳуллоҳнинг гўзал фазилатлари, ибратли сифатлари ва дин йўлидаги хизматларини юқори баҳолаб, марҳумнинг оила аъзолари, сафдошлари ҳамда яқинларига самимий ҳамдардлик изҳор қилдилар. Ўш шаҳри қозиси Убайдулла ҳожи домла муфтий Усмонхон Темирхон ўғли ҳазратлари Марказий Осиё давлатлари муфтийлари пешвоси эканларига алоҳида урғу бердилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1556 times

Мақолалар

Top