Мақолалар

Қиёматда соябон бўладиган амал

Ислом шариатида инсон эгалик қилган нарсаларнинг барчаси  ўзининг мулки бўлиб, унга ҳеч ким дахлдор бўла олмайди. Лекин муқаддас динимиз инсонга вожиб тарзда бир неча нафақаларни юклаган. Мисол учун закот бериш, аҳли аёлига ва болаларига инфоқ қилиш ота-онага яхшилик қилиш каби. Шунингдек, мустаҳаб бўлган нафақаларга ҳам мусулмонларни чорлайди. Бундай хайрли ишларга инсонларни ундайдиган бир неча оят ва ҳадислар мавжуд. Қуъони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

مَثَلُ الَّذِينَ يُنْفِقُونَ أَمْوَالَهُمْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ كَمَثَلِ حَبَّةٍ أَنْبَتَتْ سَبْعَ سَنَابِلَ فِي كُلِّ سُنْبُلَةٍ مِائَةُ حَبَّةٍ وَاللَّهُ يُضَاعِفُ لِمَنْ يَشَاءُ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ

Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб  беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир.  (Бақара сураси, 261 оят)

Ўйлаб кўринг! Аллоҳ таоло билан савдо қилган инсон зарар қилиши мумкинми!

Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан ҳар бирингиз билан Аллоҳ таоло ўртада таржимон бўлмасдан туриб гаплашади. У ўнг тарафига назар солади ва рўпарасида ўтдан бошқа нарсани кўрмайди. Бас бир хурмо бўлаги билан бўлса ҳам дўзахдан сақланинглар” деганлар  (Бухорий ривояти).    

Садақа ва эҳсонларнинг фойдаси нафақат уни бажарувчи кишининг ўзига бўлади балки, бутун жамиятга ва барча мусулмон умматига манфаати бор. Бундай яхшиликлардан бири Аллоҳ таолонинг ғазабини қайтаришдир.  Бу борада Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Махфий садақа Аллоҳ таолонинг ғазабини сўндиради” деганлар (Термизий ривояти).

Берилган инфоқларнинг яна бир натижаси, садақа қилувчи кишига қиёмат кунида шу қилган садақасини соясида бўлади. Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги гапларини эшитдим: “Ҳар бир киши тоинки инсонлар орасида ажрим бўлмагунча садақасининг соясида бўлади” (Ибн Ҳиббон ривояти).  

Касалликларига шифо излаб юрган инсонлар садақада жисмоний касалликларга шифо борлигини билармикинлар. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан  Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Касалларингизни садақа билан даволанглар”, деганлар (Байҳақий ривояти).

Ибн Шақиқ шундай дейди: бир киши Ибн Муборакга тиззасидан олган жароҳатига етти йилдан буён даво излаётганини, турли дори – дармонларни синаб кўрганини, табибларга мурожаат қилганини. Буларнинг бирортаси фойда қилмаганини айтди. Шунда ибн Муборак унга: “Борибда инсонлар сувга эҳтиёж бор жойда қудиқ қазиб сув чиқаргин. Умид қиламанки, у ердан булоқ чиқиб сени тиззангдан келаётган қонни тўхтатса”, деди. Ҳалиги киши бу ишни бажарди ва дардига шифо топди.

Шунингдек, садақа инсоннинг қалбий касалликларини ҳам даволайди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қалбининг қаттиқлигидан шикоят қилган кишига: “Агар қалбинг мулойим бўлишини ҳоҳласанг, унда мискинларни таомлантир, етимларнинг бошини сила” деганлар (Аҳмад риаояти).                       

Ҳа, садақа ва саҳийликнинг биз айтиб ўтгандан ташқари ҳам жуда кўплаб  яхшилик ва фойдалари бор.  Айтиб ўтганимиздек бундай яхшиликлар кишининг шахсиятидан ташқари жамиятнинг барча кишиларига манфаат олиб келади. Бироқ баъзи инсонлар орасида саҳоватни фақат бой кишилар қилиши керак деган хато тушунча бор. Аслида биз айтиб ўтган фазилат ва хислатлар барча мусулмонлар эга бўлиши керак бўлган амаллардир. Зеро, бундай яхшиликларга барча мусулмонлар соҳиб бўлишга ҳақлидирлар. Баъзан киши “мени мол-давлатим бўлмаса қандай қилиб садақа қилишим мумкин. Гоҳида ўзим садақага муҳтож бўлиб қоламанку”, деб айтиши мумкин.  Бунга жавобан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзларини келтиришимиз ўринлидир. Имом Насоийдан ривоят қилинган ҳадисда У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Бир дирҳам юз минг дирҳамдан устун келди, дедилар. Шунда саҳобалар “Қандай қилиб?,”, деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир кишининг икки дирҳами бор эди. У буларнинг бирини садақа қилди. Бошқа бир киши ҳазинасига борди ва у ердан юз минг дирҳам олди ва садақа қилди”, дедилар.

Шундай экан мусулмон инсон ҳаёти мобайнида доимо бошқаларга яхшилик қилишига одатланмоғи, уларнинг кўнглини олишга интилиши зарур. Бирор нарса беришни имкони бўлмаган тақдирда уларга чиройли муомила қилиб, очиқ юз билан қарши олиш ҳам яхшилик ва садақанинг бир кўринишидир. Чунончи ҳадис шарифда шундай марҳамат қилинади: “Биродарингни рўпарасида табассум қилишинг сен учун садақадир”.

Яшнаров Муҳаммадхон

 Новза жоме масжиди имом-ноиби

Read 5711 times

Мақолалар

Top