Мақолалар

Хотира – муқаддас ва азиз туйғу

Хотира – муқаддас ва азиз туйғу. Хотирлаш бу ҳар бир инсоннинг яқинларини қадрлаш, бу оламдан ўтиб кетган инсонларни эслаш ва уларнинг хаққига дуо қилишдир. Халқимизда “қадр этган қадр топади”, деган нақл бор. Ҳақиқатдан ҳам, инсон ўзгаларга самимиятда бўлиб, ҳурмат-эҳтиром кўрсатса, ўзи ҳам атрофдагиларнинг шундай муносабатига сазовор бўлади. Ватан равнақи, халқ осойишталиги учун хизмат қилган эл фидойилари эса эзгу амаллари сабаб умрбод кишилар ёдидан ўчмайдилар. Номлари ҳамиша эъзоз билан тилга олиниб, хотиралари мангуликка муҳрланади.

Юртимизда ҳар йили “9 май – Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан ушбу осойишта кунларга етиб келишимизда меҳнатини аямаган, тинч ва осуда ҳаёт учун жонини беришга ҳам тайёр бўлган инсонлар хотирланади, авлодларга ибрат сифатида ёдга олинади. Шу билан бирга, бугунги озод ва фаровон кунларга етиб келишимизда ўз ҳиссаларини қўшган нуроний сиймоларимиз зиёрат қилиниб, уларнинг ўтмиш хотираларидан тингланади.

Хотира нафақат жанг майдонларида қурбон бўлганларни хотирлаш, балки фронт ортида фидокорона меҳнат қилган табаррук ёшдаги оталаримиз ва оналаримизга ҳам чексиз иззат ва эҳтиром кўрсатиш айёмидир. Шунингдек, она Ватанимизнинг тараққиётига муносиб улушлар қўшган барча фахрийларимизни эъзозлаш, қадрлаш байрамидир. 

Республикамиз биринчи Президентининг шундай пурмаъно сўзлари бор: “Хотира нафақат ўтмишни унутмаслик, балки бугунги ҳаётимизнинг қадрига етиш, эртанги кунни тўғри тасаввур этиш, демакдир. Хотира инсонни келажакка очиқ кўз билан қарашга ўргатади. Шу боис, бугунги ёшлар оталаримизнинг юртимиз эрки ва озодлиги, миллатимиз равнақи йўлида чеккан заҳматлари, кўрсатган жасоратларини унутмаслиги даркор. Қадрлаш эса, хонадонларимизга файз–барака бағишлаб, қилаётган эзгу ишларимизга оқ фотиҳа тилаб ўтирган қарияларимизнинг ҳурматини жойига қўйишдир. Зеро, мўътабар отахон ва онахонларимизни ҳаётлигида қадрлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир”.

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам: “Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар” – дейдилар. (Имом Термизий ривояти).

Аввало, марҳум ва марҳумаларнинг яхши сифатлар ва хайрли амаллари эсланса, у жойга барака нозил бўлади. Суфён ибн Уяайна р.а. “Солиҳ кишилар эсланган вақтда Аллоҳ таолонинг раҳмати тушади” – дейди.

Яна марҳум ва марҳумаларнинг яхши сифатлар ва хайрли амаллари эсланса, инсонларда бундай хайрли амаллар қилиш истаги ортади. Инсонда яхшиликка ҳаракат қилишга муҳаббат ҳосил бўлади.

Албатта, марҳумларни эслаш билан уларнинг ҳаққига Аллоҳ таолодан раҳмат ва мағфират сўралади. Фарзанд ва ҳар бир инсон ота – онасини ва бошқа қадрдон марҳумларни доимо яхши сифатлар билан эслаш унинг зимасидаги бурчидир.

Таъкидлаш лозимки, ўтган аждодларимизни ҳамиша хотирлаб, бизларга қолдириб кетган бой маданий–маърифий меросларини ўрганиб, уларни ҳозирги ҳаётимизга татбиқ этишимиз ҳозирги давр талабидир.

Хотираси инсонлар қалбида муқаддас сақланадиган одам, ўлимидан кейин ҳам барҳаёт бўлиб қолиш учун зарур ишни қилиб қўйган одамдир, дейишади. Хотира муқаддас деб шуни айтсалар керак.

Шукрки, она диёримиз дориломон кунларга етиб келди. Осмонимиз мусаффо, ҳуррият ва эрк шабадалари эсмоқда. Хонадонларимизда оналарнинг аллалари, фарзандларнинг шодон кулгуси, кексаларимизнинг дуою тилаклари янграб турибди. Ёшларимизга ўзлари хоҳлаган илмларни ва                касб-ҳунарларни эгаллашларига кенг имкониятлар яратиб берилган.             Инсонга бундан ортиқ яна нима керак?

Энди бизлар устозларимиз, боболаримиз таъкидлаганларидек,          ота-боболардан мерос мана шу табаррук тупроқни кўз қорачиғимиздек асрамоғимиз, тинчлик неъмати ҳеч қачон осонлик билан қўлга киритилмаслигини, унинг ортида қанчадан қанча жасур инсонларнинг заҳмати борлигини унутмаслигимиз, Ватан, халқ манфаатини ҳар нарсадан устун қўйиб, порлоқ келажаги учун астойдил ҳаракат қилишимиз, шу замин ва аждодларимизга муносиб бўлишимиз зарур.      

 

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудир муовини  А.Ғаниев

Read 8197 times
Tagged under

Мақолалар

Top