Мақолалар

“Ҳеч нарсага ўхшамаслигини қалбга жо айлаб...”

Болалик олами – беғубор. Уларнинг наздида, онаси дунёдаги энг меҳрибон аёл. Отаси эса мислсиз паҳлавон.

Тўнғич фарзандимиз кичик ёшида ажойиб саволлар берарди.

– Дадажон, аждаҳони енга оласизми? – дерди у болаларга хос самимийлик ила.

– Ҳа, болам, уни ёлидан тутиб отиб юборамиз, – деб кўкрак кериб қўярдим.

– Уҳ, динозаврни ҳам енгасизми? – дерди тўлқинланиб.

– Динозавр нима бўлибди, мана бундай қилиб бир тепамиз, учиб кетади, – дердим. У менинг тепкимни еган динозаврнинг учиб бориб бирор тошгами бошқа нарсагами урилиб йиқилганини тасаввур қилиб қиқирлаб куларди.

Мен унга бундай катта гапларни айтар эканман, унинг мени аждаҳо-ю динозавр билан ҳеч қачон юзлаштира олмаслигига ишончим комил эди. Ҳа, мен ўта ростгўй эдим, ахир, йўқ нарсани енгишдан осон иш бор эканми. У бўлса ҳамон савол беришда давом этарди:

– Худони ҳамми?

– Астағфируллоҳ. Худо аждаҳони ҳам, динозаврни ҳам, бизни ҳам яратган. У бизга ҳаммадан меҳрибон... Ҳеч қачон, ҳеч кимга бундай савол бермагин, хўпми? – дердим ваҳимага тушиб.

– Хўп бўлади. Ўзи, Худо жуда катта бўладими, оёқлари билан анави уйни босиб ўтиб кета оладими, – деб тўққиз қаватли уйга ишора қилар эди.

– Унинг қўллари ва оёқлари одамнинг ёки бошқа бирор мавжудотнинг аъзосига ўхшамайди. Унинг қиёфаси қандай эканини фақат Ўзи билади, – дер эдим.

Шу билан гапимиз тугарди-ю, назаримда, бола қандайдир мавҳумот ичида қолгандек бўларди.

Бир оз улғайганидан сўнг Худонинг зотидан фикр юритмаслик мусулмон одоби эканини тушуниб қолди. Аммо, барибир, шайтон инсоннинг ақлига Аллоҳ қандай экан? Борлигининг ибтидоси ва интиҳоси йўқ бўлган зот қанақа экан? деган саволларни солади. Пайғамбаримиз бир ҳадиси шарифларида бундай андишадан қутулмоқни: “Шайтон инсонга “уни ким яратди, буни ким яратди, ерни ким яратди, кўкни ким яратди?” деб васвасага солади. Одам “Ҳаммасини Аллоҳ яратди” деб жавоб бергани заҳоти “Аллоҳни ким яратди?” деб туғёнини кучайтиради. Одам боласи ўша заҳоти “Мен Аллоҳга ва Расулига иймон келтираман” дея Аллоҳга сиғинсин” (Табароний), деб тушунтирганлар.

Улуғларимиз инсон ўз миясига бундай хаёллар келишига қаршилик қила олмаслигини айтаркан, бу каби ўйлар ақлига келгани заҳоти уларни тарк этишга ҳаракат қилиб: “Ё Роббим, мени бундай ўй-хаёллардан Ўзинг асра!” дея дуо этсин, дейдилар.

Муқаддас китобларимизда Аллоҳ таолони бир яратиқ каби тасаввур қилиш куфр экани айтилган. Масалан, “Аллоҳ Арши аълодаги курсига ўтирди” дейилса, ҳеч нарсага ўхшамаган Аллоҳни инсонга ёки бошқа бирор мавжудотга ўхшатиш бўлиб қолар экан. Аллоҳ қандай қилиб азалий дея фикрлаш ҳам Аллоҳ қандай пайдо бўлди? Уни ким яратди? каби саволларнинг туғилишига сабаб бўларкан... Шунинг учун Аллоҳ яратган нарсаларни тафаккур қилиб, Унинг зотини тасаввур қилмаслик керак экан.

Аллоҳ яратган асарларнинг моҳиятини англаш борасида фикр юритиб, Унинг қудратининг буюклигини, санъатининг улуғлигини англамоқ Аллоҳнинг зикридир, дейди олимларимиз. Хусусан, Имом Раббоний ҳазратлари Аллоҳни исмлари ила зикр этаркан, Унинг ҳеч бир нарсага ўхшамаслигини қалбга жо айлаб зикр қилишни тавсия қилган эканлар.

Дамин ЖУМАҚУЛ,

журналист

 

Read 8619 times
Tagged under

Мақолалар

Top