Мақолалар

Марҳумлар хотираси

Муқаддас Ислом динимизда инсоннинг туғилишидан олдинги ҳақ-ҳуқуқларидан тортиб, то вафот этгандан кейинги ҳаётидаги ҳуқуқларигача тўла-тўкис баён қилинган. Инсоннинг вафотидан кейинги ҳақларидан бири уни яхшилик билан эслаш, хотиралаш ва ҳаққига хайрли дуо қилишдир. Аллоҳ таоло Ислом умматини ўзидан олдин ўтганлари ҳаққига дуо қилганлар деб васф қилган ва мақтаган:

 وَالَّذِينَ جَاءُوا مِنْ بَعْدِهِمْ يَقُولُونَ رَبَّنَا اغْفِرْ لَنَا وَلِإِخْوَانِنَا الَّذِينَ سَبَقُونَا بِالْإِيمَانِ وَلَا تَجْعَلْ فِي قُلُوبِنَا غِلًّا لِلَّذِينَ آَمَنُوا رَبَّنَا إِنَّكَ رَءُوفٌ رَحِيمٌ 

“Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари иймон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Раббимиз! Аллбатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!” (Ҳашр сураси, 10 оят).

Ушбу оятда мусулмонлар ўтмишдаги иймондошлари учун Аллоҳ таолога дуо қилишлари, мағфират сўрашлари айтилмоқда. Ислом умматининг асосий қисми асрлар оша ушбу одобга содиқ қолиб келди. Имом Насафий ўзининг “Мадорикут танзил ва ҳақоиқул таъвил” номли тафсирида келтиришича, Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) оятда зикр қилинган кишилар ҳақида: “Бу жамоага қиёматгача Исломда таваллуд топганлар барчаси киради”, деган эканлар.

Имом Абуллайс Самарқандий “Баҳрул Улум” тафсирида қуйидагиларни ёзади: “Бу оятда мўминлар зиммасига ўзларидан олдин ўтган биродарлари учун Аллоҳдан мағфират сўрашлари бурч эканига далил бордир. Шунингдек, ундан мўминлар ўзларининг ота-оналари ва таълим берган муаллимлари ҳаққига ҳам истиғфор айтиши кераклиги келиб чиқади”.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳам ўтган инсонлар ҳақида фақат яхши гап айтиш, уларни яхшилик билан эслашга буюрганлар. Буюк ватандошимиз имом Абу Исо Термизий улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Умардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ўтганларингизни яхшиликларини тилга олинглар, ёмонликларидан тийилинглар”, деб марҳамат этганлар. У зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзлари доимо ўтган азизларини эсга олиб турардилар. Оналарининг қабрини зиёрат этардилар. Ҳар ҳафта Мадинадаги Бақиъ қабристонига чиқиб, у ердаги марҳумларга салом бериб ва ҳақларига дуо қилардилар. Бир неча йил олдин вафот этиб кетган жуфти ҳалоллари Ҳадича онамизни (розияллоҳу анҳо) тез-тез эсга олиб, яхшиликларини зикр қилардилар. Гоҳида қўй сўйдирганларида уни тақсимлаб, “Бундан фалон, фалон аёлларга ҳам беринглар, улар Ҳадичанинг дугоналари эди”, деб, уларга ғўштдан насиб улашардилар. 

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) вафот этганларидан кейин у зотнинг таълим-тарбияларини олган саҳобаи киромлар ҳам ушбу таълимотларга амал қилдилар. Масжидга кирганларида масжид чеккасида жойлашган равзаи муборакка келиб, Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) алоҳида салом берардилар. Саҳобалар нафат Пайғамбаримизни (соллаллоҳу алайҳи васаллам), балки бошқа ўтиб кетган саҳобаларни ҳам фақат яхшилик билан эслардилар, уларга нисбатан  доимо яхши фикр айтардилар, яхши гумонда бўлардилар.

Ушбу анъана асрлар оша Ислом динига эътиқод ва амал қилиб келаётган бизнинг халқимиз ахлоқига ҳам сингиб кетган. Ўтган кишиларимизни “марҳумлар” дейилишининг ўзи бунга ёрқин мисолдир. Чунки “марҳум” сўзининг маъноси Аллоҳнинг раҳматига сазовор бўлган, раҳматли деган маънони англатади.

Марҳумларни эслаш, уларнинг ҳақларига дуо қилиш, савоблар етказиш каби халқимизда урфга айланган амалларнинг барчаси Ислом дини тушунчалари асосида жорий бўлган. Динимиз ақидасига кўра, инсон ўлганидан сўнг унут бўлиб, йўқ бўлиб кетмайди, балки танаси чириб кетса-да, руҳи барҳаёт қолади. Тана тупроқдан бўлгани учун тупроққа қоришиб кетади, аммо руҳ Аллоҳ таолонинг ҳузуридан бўлгани боис, Аллоҳ таолонинг даргоҳига қайтади. Бизларнинг қиладиган хайру эҳсонларимиз, дуоларимиз ана ўша руҳга қаратилган бўлади. Тирикларнинг дуоси туфайли ўтганларнинг охиратдаги даражалари кўтарилади, руҳлари хушнуд бўлади. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда айтилишича, руҳлар оламида бир кишининг даражаси ўз-ўзидан кўтарилиб қолар экан. Шунда у: “Эй Роббим, бу қанақаси бўлди, ҳеч қандай амал қилмасам ҳам даражам кўтарилиб қолибди”, дер экан. Шунда унга: “Сенинг ҳаққинга дунёдаги яқинларингдан бири дуо қилган эди, дуоси қабул бўлди ва сенинг бу ердаги даражанг кўтарилди”, дейилар экан.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозим, марҳумларни ёдга олиш юқорида айтилган эътиқод ва тушунчалар асосида бўлиш керак. Аммо марҳумларга сиғиниш, улардан мадад сўраш, уларга назрлар аташ динимизда йўқ. Ислом дини ўтганлардан ёрдам ёки дуо сўрашга эмас, балки уларга савоб бағишлашга, ҳақларига дуо қилишга ўргатади.

Уламоларнинг таъкидлашларича, пайғамбарларнинг, солиҳ кишиларнинг, авлиёларнинг қабрларига Аллоҳ таолонинг раҳмати тушиб туриши тажрибаларда кўрилган. Шу боис, бундай жойларга борганда кишилар ўзларида қандайдир руҳий ҳаловат, хотиржамлик сезадилар. Аммо шунда ҳам уларнинг ҳақларига дуо қилиш, ибрат олишдан ортиқ ишлар мумкин эмас.

Хулоса ўрнида, Аллоҳ таоло ўзининг охирги ва қиёматганча боқий қолувчи дини Исломда, сизу биз мўмин-мусулмонлага дастурул амал қилиб нозил қилган илоҳий таълимотда ўргатган дуони сўраб қоламиз: “Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари иймон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Раббимиз! Аллбатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!”       

Жалолиддин ҲАЙДАРАЛИ ўғли

ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,

 “Новза” жоме масжиди имом хатиби

Read 10964 times
Tagged under

Мақолалар

Top