Мақолалар

Пуч ғояларга ишонманг

Меҳнатдан келса бойлик-турмуш бўлар чиройли

(Мақол)

 

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Иброҳим” сураси, 7-оятида шундай марҳамат қилади: “...агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”.

Бугунги кунда   тинч-осуда Ватанни тарк этишга тарғиб қилаётган баъзи кимсаларнинг  чақириғига  қулоқ тутиб, хорижга  йўл олаётган          кишиларнинг  аянчли тақдири  ҳақида интернет,  телевидение ва матбуот нашрлари орқали  хабардор бўлмоқдамиз.

Баъзи    кишилар хорижга ишлаш учун кетиб, у ерда нотўғри талқин қилинаётган  “жиҳод”, “ҳижрат” каби тушунчаларни    ўзига сингдириб, оила аъзоларини ҳам чақириб олиб,  азоб-уқубатларга  гирифтор бўлмоқда. Оқибатда ота-онасининг, қариндош-уруғларининг, маҳалладош  ва   юртдошларининг  юзини ерга қаратмоқда.

Аслида  “жиҳод” сўзи “жидду-жаҳд”, яъни инсон ўз мақсадига эришиш йўлида бор имкониятларини ишга солиб ҳаракат қилишини англатади.  Имом Термизийдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадиси шарифда: “Жиҳоднинг афзали Аллоҳ таолонинг розилигини деб инсон ўз ҳавои нафсига қарши жиҳод қилишидир”, дейилади.

 “Ҳижрат”  -  “бир жойдан иккинчи жойга кўчиш”, “тарк қилиш”дир. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Тили ва қўлидан  бошқалар  азият чекмаган киши ҳақиқий мусулмондир. Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан ҳижрат қилган инсон ҳақиқий муҳожирдир” (Имом Бухорий ривояти).   

   Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: “Ҳижратнинг энг афзали Аллоҳ таоло қайтарган нарсани тарк этмоқликдир”, дейилади (Имом Аҳмад ривояти).

 “Дунё уламолари мурожаати” номли китобидаги  Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратларининг  “Ихлос-эътиқодли  халқимизга айтар сўзимиз” номли мақолада шундай дейилади: “Жиҳодга, шаҳидликка, ҳижратга деб ёшларимиз онгини чалғитиб хорижга кетишни ва жангари гуруҳларга қўшилишни тарғиб қилаётганларнинг баландпарвоз сўзларига ишонманг. Зеро, улар даъво қилаётган исломий жиҳод ҳам, ҳижрат ҳам ёлғон. Бу ватангадоликдан бошқа нарса эмас. Ундай жойларга бориб мўмин-мусулмонларга қарши жанг қилиш оғир гуноҳдир. Борганлар на Аллоҳни рози қилурлар ва на савоб  топурлар. Аксинча, ўша ердаги фитначиларнинг гуноҳларига шерик бўлурлар”.

Халқимиз,  “Қимирлаган қир ошар”, деб бежиз айтмаган.  Бугунги кунда ёшлар  юртимизда яратилаётган шароитлар ва имкониятлардан  оқилона фойдаланса ҳеч қачон ўзга юртга бориб,   ишлаб пул топишга ҳожат қолмайди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Иброҳим” сураси, 34-оятида шундай марҳамат қилади: “Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз...”.

Зеро, неъматлар учун шукр қилиш,  тинч-осойишта  кунларнинг қадрига етиш,  буларни келажак авлодга  етказиш  ҳар бир инсоннинг  зиммасидаги бурчи эканлигини ёддан чиқармаслигимиз лозим.

 

Марям Абдуллаева,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

 

Read 7452 times

Мақолалар

Top