Мақолалар

Силаи раҳм: қуда ҳам қариндошдир

Ҳанафий мазҳаби фақиҳлардан Бадриддин Айний роҳимаҳуллоҳ «Умдатул Қорий» деган асарида силаи раҳмнинг фазилатини таърифлаб, «Силаи раҳм – насабдошларга, қариндошларга ҳамда қуда-андаларга яхшилик қилишдир», деганлар.

Демак, динимизда ниҳоятда юксак қадрланадиган, ҳатто инсоннинг умрига баракот берадиган ибодат ҳисобланмиш силаи раҳмнинг таърифига қуда-андалар ҳам қўшиляпти. Бунинг маъноси шуки, гарчи улар анча узоқда бўлсалар ҳам, ҳатто сизга ёмонлик қилсалар ҳам, уларга лутф-карам қилиш, меҳрибонлик қилиш, ҳолларидан хабар олиш керак бўлар экан.

“Лутф” сўзи аслида ўзи арзимаса ҳам, марҳамат кўрсатишни англатади. Аллоҳ таолонинг Ал-Латиф исмининг маъноларидан бирида шунга ҳам ишора бор, яъни бу – бандалари арзимаса ҳам, уларга лутф кўрсатувчи деган сифатдир. Бандалар жаннатга киришга арзимайди, уларнинг гуноҳи кўп. Лекин Аллоҳ таоло уларга лутф кўрсатиб, марҳамат қилиб, жаннатга киритади. Қариндош-уруғчиликда ҳам худди шундай. Аллоҳ асрасин, мабодо қуда-андалар уруш-жанжал қилса ҳам биз силаи раҳм эътиборидан келиб чиқиб, уларга лутф кўрсатмоғимиз, азбаройи қариндошлик ҳаққи-ҳурматидан кечирмоғимиз лозим экан. Чунки Аллоҳ таоло Қуръонда қудаларни ҳам қариндош деб атаган экан. Қондан ташқари, қариндошлик собит бўладиган ягона йўл – никоҳ, яъни қуда-андачилик йўлидир.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

Юнусобод тумани бош имом-хатиби

Read 7354 times
Tagged under

Мақолалар

Top