Мақолалар

“Мўминнинг тили қалби орқасидадир”

Инсон болалигидан тил воситасида атрофдаги оламга мурожаат қила бошлайди. Яхши-ёмонни ажрата бошлаган сари тили кўп нарсаларга сабаб бўлишини ҳам ҳис қилади. Гоҳида гапириш кераклигини, гоҳида гапириш ўзига офат келтиришини билади.

Халқимизда тил хусусида жуда кўплаб ҳикматлар, мақоллар айтилгани тил хусусида жуда эътиборли бўлиши лозимлигини билдиради.  “Нонни катта тишласанг ҳам, гапни катта гапирма”, “Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир”, “Аввал ўйла, кейин сўйла” каби халқ мақоллари бежизга айтилмаган.

Динимизда ҳам тилга катта эътибор берилган. Ҳатто охират куни энг пушаймон бўладиганларнинг аксари тиллари сабабли қилган амаллари бўлиши оят ва ҳадисда келтирилган.

Ҳикматларда “Мўминнинг тили қалби орқасидадир” деб айтилади. Чунки мўмин инсон аввал ўйлаб кейин сўзлайди. Акс ҳолда ўз гарданига оғир гуноҳларни ортиб олишини, инсонлар орасидан оқибат, ишонч  кўтарилишига сабабчи бўлиб қолишини билади.

Тилдан келадиган офатларнинг баъзилари қуйидагилардир:  

Ёлғончилик. Одамлар ёлғончидан узоқроқ бўлишга ҳаракат қилади. Унинг гапларига ишонмайди. Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мақомининг юксалишига сабаб бўлган сифатларидан бири – у зотнинг амин яъни ишончли шахс ўлароқ танилганлари эди. Шу боисдан динни етказа бошлаган вақтларида ҳатто душманлари ҳам у зотнинг айтларини ёлғонга чиқаришга ботина олмай сеҳргар мажнун деб туҳмат қилишди.

Қуръони Каримда: “Ёлғонни фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиганлар тўқирлар. Ана ўшаларнинг ўзлари ёлғончидирлар” (Наҳл 105), деб ҳақиқий ёлғончилар таърифланган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Иккиюзламачи мунофиқ кимсаларнинг биринчи сифати, улар гапирса ёлғон гапиради”, деганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Мўмин қўрқоқ бўладими?” деб сўрадилар. “Ҳа”, дедилар. “Мўмин бахил бўладими?” “Ҳа”, дедилар. “Мўмин ёлғончи бўладими?”   “Йўқ”, дедилар

Уч ўринда ёлғон ишлатиш жоиз экан:

уруш вақтида ватанни асраб қолиш учун;

одамларнинг орасини ислоҳ қилиш учун;

Оилани ислоҳ қилиш учун. Эр-хотин ажрашиб фарзандлар ота-онасиз қолмасин деган ниятда.

Ғийбат. Киши биродарини ўзи эшитса хафа бўладиган хусусиятлар билан эслаб гапиришига ғийбат дейилади. Ғийбат шундай нарсаки, у одамларнинг айбини очиб қўяди. Одамлар орасига совуқчилик солади.

Қуръони каримда: “Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими?! Ёмон кўрдингизми?! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи меҳрибон Зотдир” (Ҳужурот 12), дейилади.

Барро деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга шундай хитоб қилдиларки, ҳатто хутбаларини уйда ўтирган аёлларга ҳам эшиттирдилар. “Эй тилида ймон келтириб, қалбида иймон келтирмаганлар жамоаси! Мусулмонларни ғийбат қилманглар ва уларни айбини очманглар кимки биродарини айбини очса, Аллоҳ унинг айбини очади. Аллоҳ кимнинг айбини очса, уйининг ичида уни шарманда қилади”

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам“Ғийбат нима эканини биласизларми?” деганларида саҳобалар “Аллоҳ ва Расули билгувчироқдир”, дейишди. “Ёмон кўрадиган нарсаси билан биродарингни зикр қилмоғинг”, дедилар. Шунда “Айтган нарсам биродаримда бўлса-чи” дейилганда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Айтаётган нарсанг биродарингда бўлса ғийбат қилибсан. Агар айттган нарсанг биродарингда бўлмаса бўҳтон қилибсан”, дедилар.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен осмонга кўтарилганмда бир қавмнинг олдидан ўтдим. Уларнинг мисдан тирноқлари бўлиб, юзлари ва кўкракларини тирнашар эди. Шунда мен биродарим Жаброил, анавилар кимлар деб сўрадим. У “Улар шундай одамларки, кишилар гўштини еб (ғийбат қилиб), уларнинг обрўларига бўҳтон қилишарди”, дедилар.

Ғийбат олти ўринда жоиз бўлар экан:

Қозига шикоят қилиб борганда жавобгарнинг зулми, ёмонлиги хақида гапириш;

бирор кишини ёмон ишдан қайтариш мақсадида унга гапи ўтадиган одамга унинг ёмон одатларини етказиш;

мусулмонларни жамоасини ёмонликдан асраш учун. Бунинг ўзи бир неча кўринишда бўлиши мумкин: оилада, никоҳ масаласи. сиздан дўстингиз, яқинингиз хақида сўралган унинг кимлигини аниқ таърифлаш чоғида камчиликларини айтганда; тижоратда, сафарда, омонат қўйиш каби ишларда маслаҳат сўраган одамга холис етказиш.

ёмон қилиқли одамнинг ёмонликларидан ён-атрофдаги одамларни огоҳликка чақириб унинг феълидаги ноқисликни айтиш;

таниб олиш учун. Бир одамни унинг лақаби ё нуқсони орқали таниш мумкин ҳолларда унинг нуқсонини, лақабини таниш учун айтиш. Нуқсонни кулиш учун айтиш ҳаром.

Туҳмат. Ўзаро муносабатларнинг ёмон томонга оғиб кетишга, бунинг орқасидан кўплаб уруш-жанжаллар, келишмовчиликлар чиқишига олиб борадиган яна бир тил офати бўҳтондир. Шариатда ҳам дунёвий қонунчиликда ҳам туҳмат қилган шахсга жазо жорий қилинганидан туҳматчининг икки дунёда оқибати ёмон бўлишини билиш мумкин. Туҳмат ғийбатдан фарқли ҳолда киши биродарида йўқ нарсани унга нисбат бериш билан бўлади. Йўқ нарсани нисбат берувчи кимсанинг қалбида инсонларга нисбатан раҳм-шафқат йўқлиги, ўзининг фойдаси учун ҳар қандай қабиҳликка тайёр шахс эканини билса бўлади. Бундай одамларнинг динимизда гувоҳлиги қабул қилинмаслиги туҳмат нақадар оғир иш эканини англатади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алаҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин” дедилар”.

Ушбу маънодаги ҳадислардан киши беҳуда гапни кўп гапирса виқорининг кетишига сабаб бўлиши аён бўлади.

Одамлар орасида тарқалган тил офатлари, айниқса, ёшлар орасида қандай ривожланганига эътибор бермоқ даркор. Уларни жамиятга, дину диёнатга фойда келтирадиган гапларни гапиришга ўргатиш керак.

Аллоҳ таоло барчамизни тил офатларидан сақлаб, жамиятда манфаатли кишилардан бўлишимизни насиб этсин!.

 

Раҳимжон МАРҲУМОВ,

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом-хатиби

Read 7334 times

Мақолалар

Top