Мақолалар

Исломий бағрикенгликка тарихий гувоҳлик

Муқаддас динимизнинг асоси бўлмиш Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримизга етган илоҳий кўрсатма орқали инсоният тарихида ҳали мисли кўрилмаган тенглик, бағрикенглик ва адолат намуналарини Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг ҳаётларида ва у кишининг содиқ издошлари бўлмиш рошид халифалар даврида бутун инсоният ҳайратда қоладиган инсонпарварлик ғояларини тарқатдилар.

Тарихда бўлиб ўтган кўпдан-кўп қонли урушлар миллий ва диний низолардан келиб чиққани маълум. Аксар ҳолларда бир дин вакиллари ўзлари эътиқод қиладиган диндан бошқа диндагиларни йўқ қилишга, уларнинг муқаддасотларини оёқ ости қилишга ҳаракат қилган. Инсоният  тарихидаги оғир фожеаларга сабаб бўлган хатолардан сабоқ чиқармасдан XXI асрда ҳам бундай урушларни турли баҳоналар топиб мусулмонлар яшайдиган ҳудудларда аланга олдириш виждонли одамларнинг иши эмас.

  Ислом ғайримуслимларга бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келган. Маълумки, Ислом дини вакиллари бурунги самовий динлар (яҳудийлик, насронийлик) вакилларига  ҳурмат ва эҳтиром кўрсатган. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қонун билан мустаҳкамлаб қўйган. Маданият ва анъаналарига эҳтиром билан қараган. Асрлар давомида бу қоидаларга амал қилиб яшаган мусулмонлар бир-бирига ва ҳатто ораларида яшайдиган ажнабийларга, аҳли зиммага ҳам бағрикенгликнинг мислсиз намуналарини кўрсатиб, бутун инсониятга ибрат бўлди. Жумладан, қуйида келтирадиганимиз тарихий воқелик фикримизни тасдиқлайди.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ўз халифаликларини ўта мушкул ишдан бошлашларига тўғри келди. Бу иш аввалги халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга қарши қилинган суиқасдга боғлиқ эди. Қотил Абу Луълуъа ўзини-ўзи ўлдиргани билан иш битиб қолмаган эди. Балки бу қотиллик ёлғиз унинг ўзининг иши эмаслиги ошкор бўлган эди. У ҳолда унинг шерикларини тутиб, жазолаш мушкул иш эмас-ку, дейишингиз мумкин. Ҳа, бу унчалик мушкул иш эмас эди. Аммо иш бошқачасига айланиб, ниҳоятда чигаллашиб кетган эди. Масалани равшан англашимиз учун уни батафсил ўрганиб чиқмоғимиз лозим бўлади.

Ўша машъум куни Абу Луълуъа ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуни ва яна ўн уч саҳобийни ҳамда ўзини ўзи пичоқлаб ташлаганидан сўнг ҳамма нима бўлгани билан қизиқа бошлади.

Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу Абу Луълуъанинг ханжарини кўришлари билан: «Буни кеча Ҳурмузон ва Жуфайнада кўрган эдим. «Бу билан нима қиласизлар?» десам, «Гўшт кесамиз, биз гўштни тиш билан узиб емаймиз», деб жавоб беришди», дедилар.

Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ўғиллари Абдурраҳмон эса, Абу Луълуъа, Жуфайна ва Ҳурмузонларнинг бир нарсани пичирлашиб маслаҳат қилиб ўтирганларини, уни кўриб, ўринларидан турганларида ўша ханжар ерга тушиб кетганини айтди.

Ҳамма Абу Луълуъа, Жуфайна ва Ҳурмузон учовлари маслаҳат билан Умар розияллоҳу анҳуга суиқасд уюштирганларини гумон қила бошлади. Ҳамма уларнинг кимлигини, уларга тегишли маълумотларни суриштира бошлади.

Абу Луълуъа ал-Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳунинг қули бўлиб, асли мажусий, исми Феруз эди. У Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳу билан маълум маблағ тўласа, озод бўлишига келишган эди. У Умар розияллоҳу анҳунинг олдиларига келиб, харожнинг кўплигидан шикоят қилган, Умар розияллоҳу анҳу: «Харожинг кўп эмас», деганларида аччиғи чиққан эди.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу одатда, асирларнинг Мадинага киришларига изн бермас эдилар. Муғийра ибн Шўъба: «У одамларга манфаатли кўп ишларни билади. У темирчи, наққош, нажжордир» деб, уни Мадинага киритишга изн сўраган, Умар унга изн берган эди.

Абу Луълуъа ўз қавмининг болаларини кўрса, уларни тўхтатиб, бошини силар ва: «Умар менинг жигаримни еди» ёки «Араблар менинг жигаримни еди», дер эди.

Кунлардан бир куни Умар розияллоҳу анҳу Абу Луълуъага:

«Менга сенинг агар истасам, шамол билан ун тортадиган тегирмон қилиб беришинг мумкинлиги айтилди», дедилар.

У Умарга пешонасини буриштириб қаради-да:

«Мен сенга бир тегирмон қилиб берайки, тилларда достон бўлсин!» деди. У қайтиб кетганидан сўнг Умар ўзи билан бирга бўлган одамларга:

«Бу қул менга дўқ уряпти-ку», дедилар.

Кейин Али ибн Абу Толибга қараб:

«Сен нима дейсан?» дедилар.

«Эй мўминларнинг амири, у сизга дўқ қилмоқда», дедилар ҳазрати Али.

Жуфайна эса асли насроний бўлиб, Саъд ибн Абу Ваққос уни маълум ҳақ эвазига одамларга ўқиш-ёзишни ўргатиши учун Мадинага олиб келган эди.

Ҳурмузон асли мажусий бўлиб, форснинг катталаридан эди. У кўп марта мусулмонлар билан сулҳ тузиб, қайта-қайта хиёнат қилган ва охири қўлга тушганда Умар билан гаплашмоқчилигини айтгандан сўнг олиб келинган, ўлимдан қўрққанидан, Исломни қабул қилган эди.

Мазкур уч кимса халифа Умар розияллоҳу анҳуни қасддан ўлдирганига ҳеч қандай шубҳа қолмаган, иллат қаерда эканини ҳамма англаб етган эди.

Ҳазрати Умарнинг кичик ўғли Убайдуллоҳ ҳамма гапни эшитди. У отасининг жароҳати нима бўлишини кутиб турди. Беш кун давом этган муолажалар наф бермади ва Умар розияллоҳу анҳу вафот этдилар.

Убайдуллоҳ отасининг вафотидан кейин қиличини қўлига олиб, Ҳурмузонникига борди. Унинг қорнига қилич санчиб, ўлдирди.

Кейин Жуфайнаникига бориб, уни икки кўзи орасидан чопиб ташлади.

Охири Абу Луълуъанинг хонадонига борди. У ердаги шерикларини ҳам ўлдирмоқчи эди. Абу Луълуъанинг қизи отасининг силоҳларини беркитаётган экан, унга ҳам қилич солди. У ҳам ўлди.

Кейин кўчага чиқиб: «Отамнинг қонида кимнинг айби бўлса, ҳаммасини ўлдираман!» деб эълон қилди.

Ўша вақтда Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу Мадинанинг волийси эдилар. У киши Убайдуллоҳни ушлаб, қамашга амр қилдилар. Уни ушлаб, Саъд ибн Абу Ваққоснинг уйига қамаб қўйишди. Унга қўриқчилар қўйилди. Убайдуллоҳнинг иши бўйича халифа сайланганидан сўнг ўша халифа ўз ҳукмини чиқариши керак эди. Халифа сайланиб бўлиши билан ҳамманинг эътибори Убайдуллоҳ ибн Умарнинг ишига қаратилди. Бу жуда ҳам нозик ва ҳассос бир масала эди.

Халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу кенгаш мажлисини чақирдилар ва Убайдуллоҳ ибн Умарни назарда тутиб:

«Менга исломда ёриқ пайдо қилган анави ҳақида маслаҳат беринглар», деди.

Ҳақиқатда Убайдуллоҳ ибн Умар ниҳоятда қалтис ишни қилган эди. Исломда қасос олиш учун қотилни ўлдириш бор. Бир кишини кўпчилик ўлдирса ҳам, қасос олиш учун уларнинг ҳаммасини ўлдириш ҳам бор. Шунингдек, ўлдирилган шахс аҳлининг қотилни ўлдириш, афв этиш ёки дия олишга ҳам ҳақлари бор. Лекин бу ишларнинг ҳаммасини ҳукумат қилиши керак. Ҳеч ким ўзича қасос олиши, ўзича ҳукм чиқариши мумкин эмас. Убайдуллоҳ ибн Умар ҳукуматнинг кўрадиган чорасини кутиб ўтирмай, айбдорларни ўзи ўлдирди.

Кенгаш аъзоларидан бўлган Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: «Убайдуллоҳ ибн Умарни қатл қилиш керак», деган гапни айтдилар.

Баъзилар: «Кеча Умар, бугун ўғли ўлдириладими?!» дедилар.

Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу: «Убайдуллоҳ ибн Умар бу ишни халифа сайланмаган вақтда қилди. Шунинг учун уни ҳукуматнинг ҳаққига тажовуз қилди, дейиш мумкин эмас. Ундан қасос олиш шарт эмас», деган фикр билан чиқди.

Халифанинг сўнгги қарори: «Уларнинг валийси менман, мен хун тўланишини ихтиёр қилдим. Уни ўз молимдан тўлайман», дейиш бўлди.

Имом Тобарий Шуъайбдан, у Сайфдан, у Абу Мансурдан қуйидагиларни ривоят қиладилар:

«Ал Қумознинг (Хурмузоннинг ўғли) отасининг қатли ҳақида гапираётганини эшитдим. У айтди:

«Мадинада ажамлар бир-бирлари билан дардлашиб турар эдилар. Феруз (Абу Луълуъа) отамнинг олдига келди. У ўзининг икки бошли ханжарини ўзи билан олволган экан. Унинг қўлидан олиб кўриб: «Бу юртларда буни нима қиласан?» деди. «У билан кесаман», деди. Буни бир одам кўриб қолиб, Умар мусибатга учраганида: «Мана шуни Ҳурмузонда кўрган эдим. Уни Ферузга бераётган эди», деди.

Убайдуллоҳ ибн Умар келиб, уни қатл қилди. Усмон иш бошига келганида мени чақириб, ундан қасос олишимга имкон берди. «Эй болам, мана бу отангнинг қотили, унга биздан кўра сен ҳақлироқсан. Уни олиб бориб, қатл эт», деди. Мен уни олиб чиқдим. Ер юзида ким бўлса менга учраб, уни афв қилишимни сўрарди. Мен уларга:

«Менга уни қатл қилиш жоизми?» дедим.

«Ҳа», дедилар ва Убайдуллоҳни сўкдилар.

«Сизлар уни ҳимоя қилишингиз жоизми?» дедим.

«Йўқ», дедилар ва яна уни сўкдилар.

Аввало, Аллоҳ учун, қолаверса, ўшалар учун уни тарк қилдим. Улар мени кўтариб олишди. Аллоҳга қасамки, уйимга одамларнинг боши устида етиб бордим».

Бундан ҳамманинг Убайдуллоҳ ибн Умарнинг ўлдирилмай қолишини чин дилдан тилагани, аммо шариат ҳукмига итоат қилиб, жим тургани аён бўлади.

Мана бу «Ислом адолати» дейилади. Айбдор тараф тайин. Улар халифа Умар розияллоҳу анҳу­нинг жонига қасд қилганлари аниқ бўлган. Ҳатто бирорта қариндошлари ҳам келиб, халифадан Убайдуллоҳ ибн Умарни жазолашни талаб қила олмаганлар. Чунки улар ҳақиқатни билардилар. Эҳтимол, бу фитнада уларнинг баъзилари иштирок ҳам этгандир.

Шунинг учун Ҳурмузон, Жуфайна ёки Абу Луълуъанинг қизининг қасосини сўраб кела олмадилар.

Шу боисдан ҳам ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳукм чиқаришда «Уларнинг валийси менман», дедилар. Шундай бўлса ҳам, Ҳурмузоннинг ўғлини ўзлари чақириб, Убайдуллоҳ ибн Умарни унинг қўлига топширдилар.

Биргина шу мисолнинг ўзиданоқ динимиз – адолат дини экани намоён бўлади, муқаддас динимизни ниқоб қилиб бегуноҳ одамларни қатл этаётган, одамлар гавжум жойларда масжидларни, бозорларни портлатиб юбориб динимизни ёмон отлиқ қилаётган  манфур кимсаларнинг қилмишлари динимизга қанчалик ёт эканини кўрсатади. Айниқса, ўзларини манхажи салафи солиҳлармиз деб иддао  қилаётган террорчи тўдаларга асл салафи солиҳларимиз қандай адолатли, шафқатли инсонлар бўлганини, уларнинг даъволари салафи солиҳларимиз тутган йўлларига мутлақо зид эканини исботлайди.

Д.АБДУҚОДИРОВ,

Фахриддин Ар-Розий ўрта махсус ислом билим юрти  мудири   

Read 5366 times
Tagged under

Мақолалар

Top