Мақолалар

Келин-куёвлик бахти

 بِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ

  • Маҳр
  • Хотиннинг эрдаги ҳақлари
  • Эрнинг хотиндаги ҳақлари
  • Эр оила  раҳбари
  • Талоқ нима?
  • Никоҳ одоблари
  • Оилавий муносабатларда масофани сақлаш
  • Оила ҳақида ҳадислар
  • Оила ҳақида ҳикматлар 

Ҳурматли  куёв ва келин!  Аллоҳ таоло бир-бирингизни илоҳий никоҳ риштаси билан боғлаб, оила қуриш арафасида турар экансиз, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Аллоҳ таолодан никоҳингизни муборак ва абадий бўлишини, бахтли ҳаёт кечиришингизни тилаб, ҳаётингиз давомида  амал қилишингиз лозим бўладиган  тавсияларни тақдим этади.

Ислом дини бўйича эркак ва аёл ўртасидаги шаръий никоҳ билан турмуш қуриб,  наслини давом эттириш мўмин-мусулмонлар учун энг муҳим ишлардан саналади. Шунинг учун ҳам ислом таълимотида оила қуриш, фарзандли бўлишга тавсия ва тарғиботлар кўп.

Ислом динида никоҳ – бу Аллоҳнинг амри, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари билан, мўмин-мусулмонларнинг гувоҳлигида боғланадиган муқаддас алоқа воситасидир. “Никоҳ” – жамланиш, яқинлашиш, қўшилиш маъноларини билдириб, инсонни  ҳаромдан сақланишини таъминлайди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Рум сураси 21-оятида марҳамат қилади:  “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир”.

Никоҳ инсон ҳаётидаги энг муҳим бурилиш нуқтаси саналади. Чунки, алоҳида яшаган икки инсон ҳаёти никоҳдан кейин бирлашади. Никоҳ билан икки вужуд, икки қалб бир тан, бир жонга айланади. Буни “оила” дейилади. Муҳаббат билан қурилган оила аъзолари ҳузур-ҳаловатда яшайди. Оиласи тинч инсон қалби хотиржам бўлади. Муваффақият сари илк қадам оиладан бошланади. Зеро, ўз уйини фароғат қасрига айлантиролмаганлар оиладан ташқарида ҳам бахтга, ютуққа эришолмайди. Оилали бўлиш инсоният наслининг кўпайиши ва қиёмат кунигача боқий бўлиши учун лозим бўлган ҳақиқий йўлдир.

Жамиятнинг бир бўлаги бўлган оилани яратиб, зурриёт қолдиришдек улуғ неъматга сазовор бўлинади. Оиланинг тинчлиги ва хотиржамлигига эса эр-хотин орасидаги ўзаро ҳурмат, ишонч, меҳр-муҳаббат орқали эришилади. 

МАҲР

Ислом динида никоҳнинг ўзига хос жиҳатларидан бири эрнинг аёлга маҳр беришидир. Шариатда маҳр – оила қуриш олдидан келинни хурсанд қилиш, унинг кўнглини куёвга мойил қилиш мақсадида, шахсан келиннинг ўзига берилиши лозим бўлган муайян маблағ, тақинчоқ ёки шунга ўхшаш мулк бўладиган, ҳалол нарсалардир. Берилган маҳр келиннинг шахсий мулки ҳисобланади.

Эр томонидан хотинга бериладиган “маҳр”  пул-маблағ ёки қимматбаҳо тақинчоқлардан ёҳуд кийим-кечак каби ашёлардан иборат бўлиши мумкин. Маҳр никоҳ олдидан куёвнинг келинга берадиган совғаси бўлиб,  ундан эр-хотин ўртасида бир-бирига меҳр-муҳаббат пайдо бўлиш умид қилинади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Нисо сурасининг 4 оятида:

”Хотинларга маҳрларини мамнунлик билан берингиз!...”, - деб амр қилган.

Демак, бахтли ҳаёт қуришни мақсад қилган келин куёвлар биргаликдаги турмушнинг дастлабки кунлариданоқ бир-бирларига меҳр мухаббатли бўлишлари, моддий ва маънавий бойликни бир-бирларидан аямасликлари ва шундай самимий муносабат  абадий давом этиши истагида бўлишлари зарурлиги билинади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам маҳр миқдори камтарона, куёвга малол келмайдиган даражада бўлиб, келин ҳам бу борада эрига оғир тушмасликка ҳаракат қилишига тарғибот қилганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қизлари Фотима розияллоҳу анҳони ҳазрат Алига узатаётганларида бўлажак куёвда маҳр учун ҳеч нарса йўқлиги маълум бўлади. Шунда вазиятдан чиқиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳазрат Алига: “Совутингни бера қол”, деган эканлар. Никоҳдан кейинги ҳаётларида совут керак бўлиб қолса, Фотимадан омонатга сўраб олиб турар эканлар. Бир ҳадиси шарифда: “Кимки маҳр учун икки кафти тўла талқон ёки хурмо берган бўлса, жуфти халолга лойиқ бўлибди” – дейилган (Имом Абу Довуд). Маҳр учун қимматбаҳо буюмлар ёки тилла-кумуш тақинчоқларни  бериш одатлари қабул қилинган. Зеро, бахтли турмуш қуриш учун фақат моддий нарсаларнинг ўзи кифоя эмас, балки маънавий бойлик ҳам асосий мақсад бўлиши лозим.

Қуръони карим оятларида ва  Ҳадиси шарифларда маҳрнинг маълум бир миқдори меъёр сифатида белгиланмаган, балки кейинги асрларда мужтаҳид уламолар томонидан шароит ва урф-одатлардан келиб чиқиб “маҳри мисл” деган қоидани ишлаб чиқилган.

Агар никоҳ пайтида маҳр миқдори белгиланган бўлса, шунча миқдор берилади,  белгиланмаган ҳолда маҳр мисл бериш вожибдир. Аёлнинг опалари, аммалари ва амакиларининг қизларига берилган маҳр миқдори маҳри мисл бўлиб, уларнинг бокираликда, ахлоқ, ақл, илм, одоб, ёш, диёнат ва гўзалликда тенглиги эътиборга олинади. Аёлнинг айтилган қариндошлари бўлмаса, маҳалладош тенгларига берилган маҳр миқдори унинг маҳри мисли бўлади.

 Бизнинг мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ маҳрнинг энг оз миқдори тилладан бўлса – бир динор (бугунги кунда 4,25 гр тилла – 650-700 минг сўм), кумушдан бўлса, ўн дирҳам деганлар.

Маҳр ҳар кимнинг имкон даражасида бўлиши ҳам мумкин экан. Ҳадиси Шарифда “Харажати енгил никоҳ сербаракалидир”, дейилади (Имом Аҳмад).

Мазкур далиллардан келиб чиқиб,  ислом шариати никоҳ тўйлари харажатини ҳам  имкон даражасида камтарона бўлишини тавсия этади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан бири уйланган вақтда “Бир қўй сўйиб тўй қилиб бер”, - деганлар.

Аммо айрим вилоят ва туманларда куёв томондан келинга маҳр бериш ўрнига “қалин”  пули бериш одати ҳозирга қадар давом этмоқда. Шариатимизда “қалин” пули бериш тўғрисида бирор бир кўрсатма ёки тавсия йўқ. Шунинг учун шаръий никоҳда айтилган маҳрдан ташқари “қалин” пули бериш ўрнига келинга бериладиган маҳрга кўпроқ диққат ва эътиборли бўлсак, албатта ёш оилаларнинг иқтисодий ва молиявий ҳолатларини яхшиланишига ва мустаҳкамланишига кўмак берган бўламиз. 

ЭР-ХОТИННИНГ ЎЗАРО  ҲАҚЛАРИ

Хотиннинг эрдаги ҳақлари 

  • Никоҳдан кейин аёлнинг ҳаққи эрига ўтгани боис, оилада эр хотинига нисбатан хушмуомала бўлиши,  фаровон ҳаёт кечиришда энг яқин маслакдоши бўлиши  ва аёлига озор етказмаслиги лозим.   Бу билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларига амал қилган бўлади. Имом Термизий ривоят қилган ҳадиснинг маъноси шундай: "Сизларнинг энг яхшиларингиз хотинларига яхшиларингиздир".
  • Эр хотинга бериши лозим бўлган маҳрни қанча бўлса-да, тўла бериши керак. Маҳр танҳо хотиннинг ҳаққидир.
  • Эр хотини учун уй-жой қилиб бериб, уни зарур уй жиҳозлари билан таъминлаши лозим. Ўзи еганда едириб, ўзи кийганда кийимлар олиб бериши керак. Аёли учун нафақа бериши яхши амаллардандир. Имом Бухорий ва Муслим "Саҳиҳ"ларида шундай келган: "Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом дедилар: "Сен Аллоҳ таоло розилигини истаб қилган ҳар қандай харжинг учун ажр оласан. Ҳатто хотининг оғзига солган бир луқма таоминг учун ҳам сенга ажр бор".
  • Эркак хотинининг кўнглини кўтариш учун у билан ҳазиллашиши, кўнгил кўтарадиган сўзлар айтиши муҳим, чунки бундай ишлар аёл дилини қувончга тўлдиради.
  • Эр хотинининг иффатини сақлаши лозим. Хотинини ҳаромдан ҳимоя қилиш эрга вожибдир. Бу ўз хоҳишини хотини эътиборга олишини истаганидек, хотиннинг хоҳишини, хусусан, қўшилиш чоғида эътиборга олиш билан бўлади. Эр хотини ундан қонгунича шошмаслиги керак.
  • Эркак аёлининг ор-номусини ҳимоя қилиш мақсадида аёлини қизғаниши, гуноҳга етакловчи ҳар қандай ҳолатга бепарво бўлмаслиги керак. Рашкни зулм даражасигача кўтариш керак эмас. Ўзаро ишонч ва меҳр билан оила тинчлигини сақлаш лозим.
  • Эр хотинига шаръий ҳукмларни, жумладан таҳорат, ғусл, ҳайз, намоз, рўза ва бошқа амалларни ўргатиб бориши зарур. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир”.
  • Ҳаётда бўладиган тушунмовчиликларда эр хотинига насиҳат қилиб, одоб ўргатиши керак. Бу ҳаракати билан эр хотинини ўзига бўйсиндириши учун эмас, балки Аллоҳ ризолиги учун бўлса, ўз самарасини беради.
  • Эр хотинни на сўз билан ва на феъли билан сўкиб, айблаб, ҳақоратлаб, ёмонлаб пастга урмаслиги, унинг жисмию хулқини, оиласию яқинларини камситмаслиги керак. Зеро, бу мусулмон ахлоқига мутлақо тўғри келмайди. 

Эрнинг хотиндаги ҳақлари

  • Хотин шариат буюрган ҳар бир ишда эрига итоат этиши ва барча ишларда  яхши муомалада бўлиши лозим.
  • Хотин ҳар бир ишни эридан сўраб қилиши керак. “Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу ва салламдан: “Одамларнинг аёл кишида ҳаққи энг улуғи қайси?, деб сўрадим. “Эрининг”, дедилар”. (Имом Насаий).
  • Хотин эрининг ҳузурида унинг рухсатисиз нафл рўза тутмаслиги даркор. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аёл киши учун эрининг ҳузурида унинг изнисиз рўза тутиши ва унинг изнисиз уйига бировни киритиши ҳалол эмас”, дедилар”. (Имом Бухорий, Имом Муслим,  Имом Довуд,  Имом Термизий).
  • Хотин эри ҳохлаган вақтда, ўзининг шаръий узри бўлмаса, унинг жинсий эҳтиёжини қондириши керак. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Қачон эр хотинини ўз ҳожати учун чақирса, у дарҳол гар таннур олдида турган бўлса ҳам келсин”, дедилар”. (Имом Термизий, Имом Насаий).
  • Хотин Аллоҳ таоло берган насибага рози бўлади, эрига инжиқлик қилавермайди, ҳожатидан ортиқ нарсаларни эридан талаб қилмайди, балки сабр-қаноат қилиб, эрининг ризқ топишдаги машаққатларини қадрлайди.
  • Аёл эри ҳузурида ҳушмуомала бўлиш билан бирга, чиройли кийинган, зийнатланган ҳолда бўлиши керак. Бу нарса эр қалбига хурсандчилик, руҳига сокинлик бағишлайди.

         Эй Аллоҳнинг Расули, аёлларнинг қандоғи энг яхшисидир?-дейилди. “Қачон назар солса, сурур бағишлайдигани. Қачон амр қилса, итоат қиладигани ва эрига ўз жонида ва молида у ёқтирмайдиган нарса ила хилоф қилмайдигани”- дедилар.

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қачон эр ўз хотинини тўшагига чақирса-ю, у келишдан бош тортса, уни фаришталар тонг отгунча лаънатлаб чиқурлар”, дедилар” (Имом Бухорий,  Имом Муслим,  Имом Довуд).

  ЭР  ОИЛА  РАҲБАРИ

Шариатда оила раҳбарлиги айнан эркакларга юклатилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

“Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир” (Нисо, 34).

Эркак киши гавда тузилиши, руҳий ва жисмоний жиҳатлари билан аёлга нисбатан афзал қилиб яратилган. Оилада бўладиган ҳар қандай муаммоларга эркаклар босиқлик, вазминлик  билан ечим  топадилар. Оиланинг моддий томондан таъминлаш ҳам эркаклар зиммасидаги бурчдир.

Аёлини, фарзандларини моддий томондан таъминлашни ўз бурчи деб биладиган эркакларнинг шу йўлдаги ҳалол ҳатти-ҳаракатлари ҳам ибодат даражасида бўлиб,  бунинг учун ажр-у савобга эришади.

Оиладаги раҳбарлик – бу аёлига ёки фарзандларига зулм қилиш эмас, балки шариат кўрсатмасига биноан уларни  моддий таъминлаш ва  ҳимоя қилиш бурчидир.

Аёл ҳам ўзининг аёллик вазифаларини шариат кўрсатмасига биноан олиб борса, икки дунёда ажр мукофотларга эга бўлади.

ТАЛОҚ НИМА?

Турмуш қурган ва турмуш қуриш арафасида бўлган ҳар бир мусулмон фарзандлари никоҳ-талоқ масалаларидан хабардор бўлиши шарт. Ёшларимиз эр-хотинлик муносабатларига путур етказадиган ушбу нозик масалага енгил қарамоқдалар, билиб-билмай, тушуниб-тушунмай, арзимаган оилавий можаро сабабли ўз жуфти ҳалолига нисбатан “талоқ” лафзини ишлатиб қўймоқдалар. “Талоқ” сўзи айтилганда Аллоҳнинг Арши ларзага келади. Талоқ Аллоҳнинг ёмон кўрган ҳалолларидан бўлиб, у охирги чора сифатида жорий қилингандир.

ТАЛОҚ - луғатда бўшатиш, қўйиш маъноларини, шаръий истилоҳда эса, “эр-хотин ўртасидаги никоҳ ақдини бузиш” маъносини англатади. Ислом шариати таълимотида гарчи, баъзи ҳолатларда талоқ қилишга ижозат берилган бўлсада, лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам талоқ беришни Аллоҳ ёқтирмаслиги айтилган. Ибн Умар рjзияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳалол нарсалар ичида Аллоҳга ёқимсизи талоқдир”, - деб марҳамат қилганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Ибн Можа ривоятлари).

Демак, Аллоҳ таоло талоқ лафзининг ишлатилишини, оилаларнинг бузилиб пароканда бўлишини хоҳламайди. Қуръони каримда ҳар қандай ҳолатда ҳам никоҳни сақлаб қолишга, оилани бузмасликка буюриб: “Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки), балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин”, - деган (Нисо сураси, 19-оят).

Талоқ сўзининг маъносини тушунмай, ҳуда-беҳудага айтавериш гуноҳ саналиши билан бирга, ундай талоқ шариатда эътиборга олинади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уч нарсанинг жиддийси ҳам жиддий, ҳазили ҳам жиддий: талоқ, никоҳ ва итоқ (қул озод қилиш) – деганлар. Мазкур ҳадиснинг мазмунига қараганда, талоқ масаласида ҳазил қилиш ярамайди. Айниқса ёшларимиз шуни яхши билсинларки, зеро ҳазиллашиб, телефонда айтилган ёки телефон  орқали талоқ хабар қилиб юборилганида ҳам бундай талоқ шариатда эътиборга олинади.

Маълумки, эркак киши аёл кишига қараганда табиатан босиқ, мулоҳазали, жаҳли чиққанда ўзини тута оладиган бўлгани боис, талоқ бериш ҳуқуқи эрга берилган. Қуръони каримда бунга: “...Никоҳ ўз ихтиёрида бўлган киши...”, деб ишора қилинган (Бақара сураси, 237-оят). Албатта, оила бошлиғи бўлиш, ўз қарамоғидагиларни нафақа билан таъминлаш, оиланинг шаънини сақлаш эркаклар учун ҳам шарафли ва ҳам масъулиятли бурчдир. Шундай экан, эркаклар ўз ҳуқуқларини суистеъмол қилмасликлари, ажралиш ниятлари бўлмаган тақдирда ҳам талоқ сўзини айтмасликлари лозим.

Тилга эрк бериб талоқ сўзини айтиш номаъқул ишлардан бўлиб, уни айтган киши Аллоҳнинг ғазабини келтирган, шайтонни хурсанд қилган бўлади. Ривоятларда айтилишича, ҳар тонгда шайтон ўз малайларини одамлар орасига юбориб, куннинг охирида уларнинг кун бўйи нима иш қилганлари бўйича ҳисобот олар экан. Шундай кунларнинг бирида малайлардан бири: Мен бугун икки дўстни бир-бирига нисбатан низо чиқариб, қайраб, душманга айлантирдим, дебди. Бошқаси: Мен ака-укани юзкўрмас қилиб юбордим, дебди. Учинчиси: Мен эса икки кишини уруштирдим, оқибатда бири иккинчисини ўлдирди, дебди. Шу тариқа ҳаммалари ўз қилмишларини айтиб беришибди. Шунда шайтон уларга: Сенлар мақтанишга арзигулик ҳеч қанақа иш қилмабсанлар, дебди. Шу вақт малайлардан бири: Мен бугун тинч-тотув яшаётган бир оиладаги эр-хотиннинг орасига тушиб, эрни хотинга қайраб, унга талоқ сўзини айттирдим, дебди. Шунда шайтон унга: Ҳаммасидан ҳам сенинг ишинг мақтовга лойиқ бўлибди, деб ёнига ўтказиб, унга иззат-икром кўрсатган экан. 

НИКОҲ ОДОБЛАРИ

Оила қуришдан кўзланган асосий мақсад – покиза насл қолдиришдир. Эркак-аёл жуфтлигини шаръий асосда бирлаштириб, уларга бир-бирларидан олинадиган лаззат ва манфаатларни эса никоҳ ҳалол қилади.

Шариатимизда ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасига оид йўл йўриқлар ипидан-игнасигача батафсил баён этиб берилган.

Куёв ва келин мустақил ҳаётга қадам қўйишар экан, оила деб аталмиш гўшанинг ўзига яраша сирлари бўлади. Оилавий сирлар фақат оилага тегишли бўлгани боис атрофдагиларга ошкор қилинмайди. Шунингдек, эр-хотинлик одоблари борасида Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда бу масаланинг нозик жиҳатларигача келтириб ўтилади.

Жумладан, Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бунлай марҳамат қилганлар: “Агар бирортангиз ўз аҳлига яқинлик қилишни ирода этган пайтида: “Бисмиллаҳи. Аллоҳумма! Жаннибнаш-шайтона ва жаннибиш-шайтона маа розақтана”, деса, албатта, агар ўшандан уларга фарзанд бериладиган бўлса, унга шайтон ҳеч қачон зарар етказа олмайди (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Абу Довуд, Имом Насаий).

Никоҳнинг одобларидан яна бири эр-хотин орасида бўладиган ишларни бошқаларга айтмасликдир. Бу борада Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қиёмат куни Аллоҳнинг наздида мартабаси энг ёмон одам аёлига яқинлик қилиб, аёли унга яқин бўлгандан кейин сирини одамларга ёйиб юрадиган кишидир”(Имом Муслим, Имом Аҳмад).

Бундан кўриниб турибдики, эр-хотинлик ишларини бошқаларга ошкор қилиш гуноҳ ҳисобланади.

Шариат ҳаром қилган яна бир масала борки, уни ҳар бир эркагу, аёл билиши шарт.

Ҳузайма ибн Собитдан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Аллоҳ таоло ҳақдан уялмайди. Аёлларга орқа йўллари билан қўшилманг”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа бир ҳадиси шарифда эса:“Лут қавми амалини қилган кимсани Аллоҳ лаънатласин”,деб уч бора такрорлаганлар (Ибн Ҳиббон). Демак, ким бу жирканч ишни қилса, охиратда Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум бўлади.

Аллоҳ таоло ҳаром қилган бу ишнинг инсон танасига кўрсатадиган зарарини бугун тиббиёт ҳам таъкидламоқда. Шундай аҳлоқсизлик қилган инсонлар вақт ўтиб ногирон бўлиб қолиши кузатилади.

Шунингдек, ношаръий яқинлик сабабли ўта хавфли касалликларнинг юзага келиш эҳтимоли юқори бўлади. Буларга: ОИТС, сўзак, заҳм ва бошқа венерик касалликлар, Гепатит С, ичаклар саратони, пешоб қопи касалликларини келтириб ўтиш мумкин. Айниқса эркакларда кондидоз касаллиги, ичак вирусларини пешоб йўлларига ўтиши натижасида қовуқ инфекциялари, жинсий заифлик, бепуштлик каби асоратларни келтириб чиқаради.

Шу билан бирга  шариатимиз аёлларга ҳайз чоғида яқинлик қилишдан ҳам қайтаради. Аллоҳ таоло бундай амр қилади: “Сиздан ҳайз тўғрисида сўрамоқдалар. Айтинг: «У (эр ва хотин учун) азиятдир. Бас, ҳайз пайтида хотинларингиздан четланингиз ва то покланмагунларича, уларга яқинлашмангиз! Покланганларидан кейин уларга Аллоҳ буюрган равишда келаверингиз(қовушаверингиз).Албатта,  Аллоҳ (шунгача билмай йўл қўйган хатоларидан) чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади» (Бақара, 222).

Ояти каримада аёлларга ҳайз вақтида қўшилиш ҳаромлиги баён этилган. Чунки мўмин-мусулмон одам бирор аъзосини нажосат билан булғаши ҳаромдир. Аксинча, нажасдан покланиш ва сақланиш фарздир. Ҳайз вақтида қўшилишнинг ҳаромлиги сабабларидан бири фаржнинг қон билан нопок бўлишидир. Шунинг учун ҳайзли аёлга покланмагунча, у билан қўшилиш мумкин эмас.

Фуқаҳолар бу ўринда бундай дейдилар: эркак закари (жинсий органи) сийдик билан булғанган бўлса, уни сув билан тозаламагунча хотини билан қўшилиши мумкин эмас, аёл фаржи (жинсий органи) ҳам сийдик билан булғанган ҳолда, уни ювмай қўшилиш ножоиздир.

Юқоридаги маълумотлардан англашиладики, оилавий муносабатлардаги ҳалол нарсалар маълум. Ҳаром қилинган ишлар ҳам аниқ. Мўмин-мусулмон одам ҳалол амалларни ўзига касб қилиб, ҳаромдан узоқ бўлса, оиласида фаровонликка эришади. Натижада, ҳузур ва ҳаловат топади. Аллоҳнинг розилигига эришади. Аксинча, ҳаром қилинган амалларга яқинлашаркан, савоб қозониш имконини бой бериб, Аллоҳнинг марҳаматидан узоқлашади. Аллоҳ таоло барча мўминларни бундай ёмон оқибатдан асрасин! Муқаддас никоҳ асосида қурилган оиламизни барчамиз учун фароғат ва таскин маскани айласин! 

ОИЛАВИЙ МУНОСАБАТЛАРДА МАСОФАНИ САҚЛАШ

 Эр-хотин орасида никоҳ ақди тузилгандан кейин эр-хотиннинг қариндошлари бир-бирлари учун қариндош ҳисобланади. Аммо  хотин эрнинг эркак қариндошлари билан масофани ушлаб, муомала қилиши ўта муҳим бўлганидек, эркак ҳам хотинининг қариндошлари билан масофани сақлаб муомала қилиши шарт.

Келин ўзи тушган хонадоннинг биринчи бекаси – қайнонасини қайнона деб эмас, “Эримнинг онаси” деб ҳурмат қилсин. Келин қайнонасидан ҳаёт, рўзғор ишларида тез-тез маслаҳат сўраб туриш керак. Келин қайнонасининг олдида эрига суйкаланиб, эркаланмаслиги керак, Эр-хотининг бир-бирларини эркалашлари учун жой ётоқхона ҳисобланади. Эр-хотин қайнонани олдида  бир-бирига суйкалаверса, қайнона ўзини “камситилгандек” ҳис қилади, ўғлини ўзига оғдириб олган келинни ёқтирмай қолади.

Келин овсинлари, қайнэгачи-ю, қайнсингилларга ҳам эътиборли бўлиши, ҳурматини жойига қўйиши керак. Чунки қарс икки қўлдан чиқади.

Келинларга ўгитларимиз, қайнота бўладими, қайноға ёки қайнука бўладими,  уларнинг олдида ҳарир либосларда юрмаслик, ифорлар сепмаслик, бир жойда ёлғиз қолмаслик ҳаракатини қилиш зарур.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аёллар олдига киришдан сақланинг!” дедилар. Шунда ансорий бир киши: Қайни ҳақида нима дейсиз? деб сўради. Унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Қайни ўлимдир, деб жавоб қилдилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Термизий).

 Пайғамбаримиз алайҳиссалом маҳрами бўлмаган аёллар ёнига боришдан қаттиқ қайтарганлар. Қайинлар, яъни эрининг қариндошлари ҳақидаги саволга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қайни ўлимдир”, деб лўнда ва кескин жавоб қилдилар. Бунинг маъноси, Ибнул Амр “Ниҳоя” номли китобда ёзганларидек, “Аёл ўлақолсин, асло бундай қилмасин”, деганидир.

Эрнинг эркак қариндошлари келин олдига эри бўлмаганида кирса, эр-хотин муносабатлари бузилиши мумкин. Чунки эр ўзи билан хотини ўртасидаги сирларидан биронта қариндошининг ҳам огоҳ бўлишини истамайди.

Оилада эркакнинг ўрни муҳим. Оилада хотиржамлик бўлишини истаган эркак онасига бўлган меҳр-муҳаббати билан хотинига нисбатан севгисини бир-биридан фарқлай олиши керак. Онасидан хотини тўғрисида эшитган нохуш гапларни сукут сақлаб эшитади. Рост бўлса,   ақл ва босиқлик билан ечимини топишга ҳаракат қилади.

Эркак онасидан эшитган гапларни хотинига, хотинидан эшитган гапларни, орасида бўлган ўзаро ишларни онасига етказмайди.

Ўз ўрнида эркак ҳам қайнотани-қайнонасини ҳурматини қилсин. Хотини томонидан  аёл қариндошлар билан  масофани сақлаб муомала қилсин. Ҳар бир эркак ва аёл маҳрамларга ва номаҳрамларга кимлар киришини аниқлаб олишлари лозим.

Эр-хотин ўртасида шундай қоидалар борки, уларга амал қилинса бу оила - ҳамма кўрганда ҳавас қиладиган оилалар қаторида бўлади.

  • Ишга кузатаётганда ёки ишга кетаётганда меҳр билан хайрлашиш, ишдан қайтганда эса табассум ва соғинч нигоҳлар билан қарши олиш;
  • Эр хотинига оғир ишларда кўмаклашиши;
  • Бир-бирларига ҳадялар бериб туриш;
  • Эр-хотин ўзаро гаплашиб ўтиришлари учун алоҳида вақт ажратиш;
  • Ҳеч қачон овозни баландлатмаслик, “ғазаб келганда ақл кетиши”ни ҳисобга олиш зарур;
  • Эри ғазабланганда хотин жим туришни ёки хотин бирор нарсадан жаҳли чиққанда уни ҳам оддий инсон эканлигини, унда ҳам ҳиссиётлар борлигини ҳисобга олиб эр ҳам муроса қилиши зарурдир;
  • Тилингиз билан ёки ҳатти-ҳаракатларингиз билан жуфтингизга бўлган муҳаббатингизни кучли эканлигини изҳор қилиб туринг;
  • Ҳар ёмонликнинг боши ёлғон бўлгани боис, ҳеч қачон ёлғон гапирманг;
  • Оила сирларини, айниқса эр-хотин ўртасида бўладиган ишларни атрофдагиларга гапириб юрманг, бу тузатиб бўлмас хатоликларга олиб келади;
  • Эр-хотин бир-бирларига ширин сўзларни айтиши, бу ораларидаги муҳаббатни янада кучайтиришига олиб келади;
  • Оғир дамларда бир-бирларига далда бўлишлари даркордир.

            Аллоҳ таолодан ҳар бир куёв ва келинга мазкур тавсия ва панд-насиҳатларга амал қилиб ҳаёт кечиришларини, икки дунё бахт ва саодатига мушарраф  бўлишларини тилаб қоламиз. Келажакда солиҳ-солиҳа фарзандларни вояга етказишда ўзларининг гўзал  ҳаётларини ибрат тариқасида  кечиришларига тилакдошмиз. 

ОИЛА ҲАҚИДА ҲАДИСЛАР 

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Хотинларнинг энг яхшиси қараганингда кўзингни қувонтирадиган, буюрганингда итоат этадиган, йўқлигингда иффатини ҳамда молингни сен учун асраган аёлдир” (Ибн Аби Ҳотим).

*   *   *

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Агар хотин беш вақт намозини ўқиса, рамазон ойи рўзасини тутса, авратини сақласа ва эрига итоат қилса, жаннат эшигининг хоҳлаганидан киради» (Саҳиҳул-жомеъ).

*   *   *

 Муовия ибн Ҳайда (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Мен: “Эй Аллоҳнинг расули, бизларнинг зиммамиздаги хотинларимизнинг ҳақлари нима?” десам, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўзинг овқатланганда унга ҳам едирмоғинг, ўзинг либос кийганингда уни ҳам кийинтирмоқлигинг ва юзига урмаслигинг. Аллоҳ сени қабиҳ этсин, деб сўкмаслигинг ҳамда уйингдан ташқари жойда аразлашмаслигинг”, дедилар» (Абу Довуд).

*   *   *

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Мўминларнинг имон жиҳатидан комилроғи хулқи яхши бўлганларидир. Сизларнинг яхшиларингиз аёллар билан яхши бўлганларингиздир”, дедилар» (Имом Термизий).

*   *   *

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Дунё ўзи бир матодир. Унинг энг яхши матоси солиҳа аёлдир”, дедилар» (Имом Муслим).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Агар киши хотинини тўшагига чақирса-ю, хотини келмаса ва эри ундан норози бўлиб кечани ўтказса, фаришталар тонг отгунча у хотинга лаънат айтиб чиқишади”, дедилар» (Муттафақун алайҳ).

*   *   *

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Бир динор Аллоҳ йўлида инфоқ қилдинг. Бир динор қул озод қилиш учун инфоқ қилдинг. Бир динор мискинга инфоқ қилдинг. Ва бир динор ўз аҳлингга инфоқ қилдинг. Буларнинг ичида энг савоби улуғи ўз аҳлингга инфоқ қилганингдир”, дедилар» (Имом Муслим).

*   *   *

Саъд ибн Абу Ваққос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бирор нарсани инфоқ қилиб Аллоҳнинг розилигини талаб қилсанг, савобга эришасан. Ҳаттоки, хотинингнинг оғзига солган луқмангга ҳам савоб оласан”, дедилар» (Муттафақун алайҳ).

*   *   *

Абу Масъуд ал-Бадрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар киши Аллоҳнинг розилиги учун аҳли аёлига бирор нарсани инфоқ қилса, ўша нарсаси у учун садақа бўлади”, дедилар» (Муттафақун алайҳ). 

 

ОИЛА ҲАҚИДА ҲИКМАТЛАР 

Дунёнинг роҳати ҳақиқий дўст, меҳрибон хотин, қобил фарзанд ва саломатликдир. Негаки, фақат шуларгина кишига хотиржамлик келтира олади.

Суқрот

*   *   * 

Эй аёл, рашкдан эҳтиёт бўл, рашк талоқ калити саналади. Сенга насиҳатим шуки, эрингга таъна қилаверма, чунки таъна нафратни келтириб чиқаради.

Абдуллоҳ ибн Жаъфар

*   *   * 

Яхши хотин – жон малҳами

Қобус

*   *   * 

Дили бузуқ, ўзгаларнинг покдомон ва иффатли қиз-жувонларига кўз олайтирувчи нопок кишилар ҳақиқий разил ва ифлос кишилардир.

Муҳаммад Жавҳар Заминдор

*   *   *

Ким ота-онасига яхшилик қилса, силаи раҳм ришталарини боғласа, аҳли-аёли ва фарзандлари билан ҳам хулқини яхши қилса, динини сақласа, молини ҳаромдан ислоҳ қилса, унинг ортиғидан инфоқ-эҳсон берса, тилини сақласа, ўз уйини лозим тутса, яъни ишидан вақтида келса, ўша эркакларнинг комилидир.

Фузайл ибн Иёз

*   *   * 

Киши аҳли аёлига ишлатиш учун қарз сўраб, кейин уни узишга ҳаракат қилса-ю, шу қарз билан вафот этиб қолса, Аллоҳ таоло унинг даъвогарларини рози қилади.

Ҳасан Басрий

*   *   * 

Оилавий масалада эр билан хотин ўртасида тотувлик ва маслаҳатлашиб иш тутиш бўлмаса, бундай оила азоб ва машаққат масканига айланади.

Олимат ал-Банот

*   *   * 

Эркак зоти аёлга эҳтиромсиз қарай бошладими, билингки, бу ҳурматсизликни биринчи бўлиб аёл бошлаган.

Дидро 

 

Мунира АБУБАКИРОВА

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

Read 11939 times

Мақолалар

Top