Мақолалар

Мадҳия – ватан  васфи

Мадҳия - қалбида ўз Ватанига муҳаббат ва садоқат туйғуси бор ҳар қандай кишида миллий ғурур,ўзига хос фахр ва юртга меҳр уйғотади.Бу миллий тимсолда халқнинг ўтмиши,бугуни ва келажаги,шунингдек,маслак ва мақсади мужассамдир. Давлат рамзлари ҳар бир мамлакатнинг суверенитети ва мустақиллигини ифодаловчи муқаддас тимсоллардир. Ўзбекистоннинг Давлат рамзлари ҳалқимизнинг шон-шарафи, тарихий ҳотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, шу юртда яшовчи ҳар бир фуқарога ғурур, фаҳр ифтиҳор бағишлайди. Улар маънавиятнинг энг муҳим тимсолларидир. Шу боис, мадҳиямиз янграганда биз руҳан жўшқинликни, азму шижоатимиз ошганини қалбимизда ғурур ва буюк истиқболга ишонч туйғусини ҳис этамиз.

Ўзбекистонда мустақиллик йилларида ҳалқимизнинг маънавиятини юксалтириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Мадҳияси ёшларда Ватанга муҳаббат, бой тариҳимизга, миллий ўзлигимизга чуқур ҳурматни шакллантиришда, фарзандларимизнинг ҳар томонлама баркамол ва етук инсонлар бўлиб вояга етишида муҳим тарбиявий восита бўлиб ҳизмат қилмоқда. Мадҳияда мардона ва шарафларга бой ўтмишимиз, миллий анъана ва қадриятларимиз, тинчлик, осойишталик, миллатлараро тотувлик ва биродарлик каби умуминсоний туйғуллар тараннум этилган.

Миллий мадҳиямизнинг муаззам садолари  Давлатимиз Раҳбарининг турли мамлакатларга расмий ташрифлари чоғида, Ўзбекистонга келган хорижий мамлакатларнинг раҳбарларини кутиб олиш маросимларида, йирик ҳалқаро анжуманлар, спорт мусобақаларида ва спортчиларимизнинг халқаро мусобақаларида энг баланд шохсупага кўтарилган пайтида баралла янграмоқда.

Юксак ватанпарварлик туйғусини мужассам этган мадҳиямиз бугун таълим масканларида ёш авлоднинг Ватанга муҳаббат руҳида камол топишига хизмат қилмоқда. Энди ҳарф таний бошлаган жажжи фарзандларимиз миллатимизнинг бош қўшиғини куйлай бошлаганида севинчдан ҳаяжонга тушамиз. Бундай лаҳзаларда халқ ва Ватан улуғланган қўшиқ инсонлар қалбига юксак ва беғубор туйғуларни жо этишга, бу ёруғ оламни янада мунаввар кўрсатадиган илоҳий мўъжиза эканлигига яна бир бор амин бўламиз. Юртнинг энг улуғ қўшиғини эъзозлаш, ёд олиш ва баралла куйлаш ҳар бир юртдошимизнинг бурчидир.

 Истиқлолимизни, юртимизнинг куч-қудрати, халқимизнинг ақл-заковати, аждодларимизнинг шон-шуҳрати ва авлодларимизнинг ёруғ келажагини шарафловчи бу тарона асрлар оша баралла янграйверади.

 

 

Одилжон Нарзуллаев 

Янгийўл туман

«Имом Султон» жоме

масжиди Имом хатиби.

Read 1824 times

Мақолалар

Top