Мақолалар

Динда саволим бор: Турмушга чиқмаган аёл кишининг фарзанд асраб олишига рухсат бор-ми?

— Шариатимизда турмушга чиқмаган аёл кишининг фарзанд асраб олишига рухсат бор-ми? 

Исломда бола асраб олишга маълум шарт ва талаблар асосида рухсат қилинган. Болани қарамоғига олиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида ҳам бўлган. У зот Зайд ибн Хорисани ўзларига ўғил қилиб олганлар. Кейинроқ, “Аҳзоб” сурасининг 5-ояти нозил бўлди ва бола асраб олишни тартибга солди. Яъни энди пушти камаридан бўлмаган болани тарбиясига олиш мумкин, фақат шарти шуки, ўша болани насабини асраб олувчи ҳам ўзини пушти камаридан бўлган деб даъво қилмасин, асранди бола ҳам боқиб олган ота ёки онани ҳақиқий насабдаги ота-она деб даъво қилмасин. Турмушга чиқмаган аёл бўладими ёки бошқасими, агар бола асраб олмоқчи бўлса, аввало ўзига маҳрам бўладиган болани асраб олсин. Яъни ўзининг жияни каби никоҳи абадий ҳаром бўлганлардан бирини олсин. Агар бунинг имкони бўлмаса, бегона болани боқиб олмоқчи бўлса, опаси ёки синглиси ўша болани икки ёшга етгунича бир марта эмизсин. Шунда у ҳукман жиян бўлади ва маҳрам ҳисобланади. Келажакда бола катта бўлиб, ақли етилганида ҳақиқий ота-онасини билдириб қўйиш шарт.

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Read 1755 times

Мақолалар

Top