Аллоҳ таоло Мўминун сурасининг 17-оятида: “Биз устингизда етти йўлни пайдо қилдик. Биз (яратишда) махлуқотдан ғофил бўлган эмасмиз”, деб марҳамат қилган. Муфассирлар бу оятдаги “етти йўл” иборасига етти қават осмон деб маъно беришади. Тариқат машойихлари эса уларга маънавий камолотга эришиш йўллари, босқичлари сифатида изоҳ берадилар. Жумладан, мазкур йўллардан бешинчиси “ториқи амсалукум”, яъни мўминларга намуна бўладиган солиҳлар йўли деб айтилади. Яъни, мусулмонлар имон-эътиқодда, тоат-ибодатда бошқаларга намуна бўладиган (солиҳлар)дан ибрат олишлари лозимдир.
Солиҳлар аввало фойдали илм эгаллаганлари, илмларига ихлос ва самимият, яхши хулқ билан амал қилганлари фазилатлидир. Демак, мусулмонлар илм талаб қилишда, чиройли хулқ касб этишда солиҳ кишиларга эргашмоқлари, улардан ўрганмоқлари керак. “Билмаганларингизни зикр аҳлидан сўранг”, деган мазмундаги ояти каримада ана шу маъно назарда тутилган (Анбиё сураси, 7-оят). Солиҳ зотларнинг энг юксак фазилати тақводорликдир. Оддий мусулмонлар тақводорларга эргашишлари керак. Ояти каримада: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳга ҳақиқий тақво ила тақво қилинг. Ва фақат мусулмон ҳолингиздагина бу дунёдан ўтинг". Улуғларга кўра, ушбу оятни: “То ҳаёт экансиз, албатта тақводор бўлишга интилинг, тақводор бўлмасдан ўлманг” (Оли Имрон сураси, 102-оят), деб таъвил қилиш жоиздир. Кейинги оятда эса: Ҳаммаларингиз Аллоҳнинг арқонига боғланингиз”, дейилган. (Оли Имрон сураси, 103-оят). Яъни, оятга тақводор бўлиб, “Аллоҳнинг арқонини (Қуръонни) маҳкам тутсангиз, ҳалокатдан сақланиб қоласиз”, деб маъно бериш мумкин. Бу оятлар замирида тақводорларга берилган ваъда ҳам яширин.
Ушбу оятлар таъкидланган амр-буйруқлардир. Уларни бажарсаларингиз, жазоланмайсизлар. Бу маъно оятдаги ваъдадир. Аллоҳу таоло ваъдасини ҳеч қачон бузмайди. Ушбу “арқон”нинг асосида Аллоҳ таолонинг илми, охирида инсонлар, ўртасида эса пайғамбарлар турибди.
Муддассир сурасида зикр этилишича, бузғунчи Муғийра Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга зўравонлик қилиб, у зот ушлаб турган арқонни узишга уриниб кўради. Шунда Аллоҳ таоло унинг шох томирларидан бирини узишининг хабарини беради. Шунинг учун кимки бу арқонни узаман деса, унинг шох томирларидан бири узилади.
Абдулҳаким БОТИРОВ,
Чироқчи тумани