Мақолалар

Она ҳам ваҳший бўладими? Ёхуд ваҳшийнинг олдига боласини улоқтирган “она”

 

Халқимиз матонатли, иродали. Ҳар қандай ҳолатда ҳам имонига, динига, виждонига содиқ қолган. Қаҳатчилик қилич қайраб турган йилларда ҳам, урушнинг азоб-уқубатли даврларида ҳам, очлик, йўқчилик суяк-суякларгача зирқиратган, ҳар томондан ажал ўқлари тинмай кишилар кўксларига санчилаётган кунларда ҳам миллийлигимиз, азалий қадриятларимизга ёт бўлган ҳар қандай иллатларга муросасиз бўлган.

Бир неча йиллар олдин ота-онаси тирик бўла туриб етимхоналарда тарбияланаётган болалар мавзуси жамиятимиз учун, халқимиз учун оғриқли масала эди. Фарзандларини гоҳ яширин, гоҳ ошкора болалар уйига ташлаб кетаётган ота-оналар жуда қаттиқ қораланарди.

Турмушимиз фаровон, ҳаётимиз тўкин, маъмурчиликда яшаётган бир пайтда ҳали у ерда, ҳали бу ерда ўз боласини сотибди, урибди, калтаклабди, бўғибди, ахлатхонага ташлаб кетибди, деган ғайриинсоний хатти-ҳаракатлар, ҳолатлар кузатиляпти. Кўп ҳолларда бу каби қабиҳ ишларни аёллар, оналар қилаётгани кишини ташвишга солади.

Ахир, “она” дейилганда, инсон кўз ўнгида меҳрибон, мушфиқ, муҳтарама, муниса, маъсума аёл сиймоси гавдаланади. Она – авлодлар узвийлигини таъминлашга ҳисса қўшувчи зот. Шу боис она мудом эъзозда, эътиборда, эҳтиромда. Ҳатто унинг оёқлари остида жаннат борлигини коинот султони Муҳаммад солаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар: “Жаннат оналар оёғи остидадир” (Имом Қузоъий ривояти).

Лекин...

Лекин куни кеча Тошкент ҳайвонот боғида содир бўлган воқеани кўрган, эшитган киши борки, наҳотки, аёл зоти, боз устига, она ўз фарзандини айиқнинг қафасига улоқтирган бўлса-а, дея ҳайрат, хавотир ва ҳадик ила ёқа ушлаши табиий. Чунки бундай ҳолат тарихда кузатилмаган.

Ўз жигарбандини мўмай даромад эвазига пуллаётган, маъсум боласини ураётган ва бошқа турли инсонийликка зид жазолар билан қийнаётган ота ёки оналар ҳақида тарқатилган хабарларни кечаги воқеанинг олдида ҳеч нарса бўлмай қолди, гўё. Чунки бола сотилса ҳам, урилса ҳам, сўкилса ҳам тирик қолади-ку. Аммо ваҳший ҳайвоннинг олдига болани улоқтириш эса...

Одамларга ўзи нима бўляпти?! “Эрим чет элга ишлашга кетган, рўзғордаги етишмовчилик туфайли депрессияга тушиб қолиб, шундай қилдим...” деб ўзини оқламоқчи бўлаёган ўша онада заррача меҳр, шафқат, муҳаббат бормикин?! Яна ҳам жиддийроқ айтганда, наҳотки ўша аёл ҳам ўзини инсон деб ҳисобласа?! Акс ҳолда уч яшар қизини айиқнинг олдига улоқтирмас эди.

Ҳатто барча жониворлар – сигир, қўй, от, туя, фил ва ҳоказолар ҳам ўзи туғган боласини, паррандалар ўз полапонини йиртқичлардан ҳимоя қилади. Керак бўлса жонини тикиб, ваҳшийни ҳайдайди, қувиб солади, тирнайди, тишлайди, хуллас, нима қилиб бўлса ҳам, боласини қутқаришга тиш-тирноғи билан ёпишади.

Тошкент ҳайвонот боғида содир бўлган воқеани интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлар орқали кўриб, кузатиб, қайсидир йили Арманистонда бўлиб ўтган кучли зилзила ва унинг даҳшатли оқибатлари кўз олдимдан худди магнит тасмасидек ўта бошлади.

Спитак шаҳрида вайрон бўлган иморатлар остида бир аёл ёш боласи билан 12 кун жон сақлаган. Қутқарувчилар уларни олиб чиқишганида, она ўлим билан олишаётган бўлган, унинг 3 яшар (!) қизчаси эса анча тетик бўлган.

Она ва болага тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, жонлантириш бўлимига олинган, дори-дармонлар берилгач, она ўзига келиб, бўлган воқеани айтиб берган. Маълум бўлишича, она ўз томирини тишлари билан кесиб, қонини боласига ичирган, шу йўл билан унинг жонини сақлаб қолган. Арман аёлининг жасоратидан ҳайратга тушган, буни қаҳрамонлик, дея атаган халқаро жамоатчилик ва ОАВларига берган интервьюсида “Менинг ўрнимда бошқа аёл бўлганида ҳам шу ишни қилар эди. Мен оналар қилиши лозим бўлган ишни бажардим, холос”, деган.

Шунга ўхшаш воқеа 2009 йил кунчиқар юрт – Японияда кузатилган цунами оқибатида вайронага айланган кўпқаватли уйлар остида қолиб кетган бир оила ҳаётида ҳам кузатилган.

Қаранг-а, табиий офат туфайли ўзини ўйламасдан, 3 яшар фарзандининг ҳаётда қолиши учун курашган она билан кечагина уст-боши бут, қорни тўқ, тинч-фаровон юртда яшаётган, лекин арзимас важлар туфайли боласини йиртқичнинг олдига улоқтирган “аёл”ни бир-бирига таққослаб бўладими?

Наҳотки, жиноятчи она боласини айиқнинг олдига ташлаётганда қачонлардир ўзига ҳам онаси кўрсатган меҳрни, муҳаббатни, шафқатни, марҳаматни ўйламаган бўлса?!

Онасини ваҳший ҳайвоннинг олдига улоқтирган, сотган, урган, бўғган оналар, албатта, қонун олдида жавоб берар: қилмишларига яраша жазолар ҳам олишар. Лекин ҳар бир нарсани кузатиб турувчи, эшитувчи ва кўрувчи, адолатли зот Аллоҳ таолонинг олдида бу қилмишларининг ҳисобини қандай беришади?

“Билмай шу ишга қўл урдим, эрим чет элда эди, пулим қолмади...” деган баҳоналар, важу карсонлар Олий маҳкамада асло ўтмайди. Ҳар ким қилганининг ё мукофотини, ёжазосини олиши муқаррар. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Бас, кимки (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар. Кимки зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса ҳам, уни кўрар» (Залзала сураси, 7-оятлар), деб марҳамат қилган.

 

Толибжон НИЗОМ

Read 2227 times

Мақолалар

Top