Мақолалар

Маҳалла – улуғ қадриятларимиз бешиги

"Маҳалла халқ билан давлат ўртасидаги кўприк бўлиши керак.

Одамларнинг қувончу ташвишидан доимо хабардор бўлиш маҳалланинг асосий вазифасидир"

Шавкат Мирзиёев.

 

"Маҳалла» атамаси арабча бўлиб, «ўрин-жой», қавм ёки жамоат иттифоқликда, ўзаро бир-бирларини қўллаб – қувватлаб яшайдиган жойни англатади. Адабиётларда Маҳаллаларнинг кўп минг йиллик тарихга эга эканлиги ҳақида маълумотлар учрайди. Алишер Навоий ўзининг «Ҳайратул аброр» асарида Маҳаллани «маҳалла шаҳар ичидаги шаҳарча»дир деб таърифлайди. 

Маҳалла кичик маъмурий ҳудуд бўлиши билан бирга, турмуш тарзи, қадриятлар, анъаналар, урф-одатлар умумийлиги билан боғланган кишилар жамоаси бирлигидир. Тарихнинг турли босқичларида даврлар, тузумлар ўзгаришига қараб Маҳалланинг вазифалари ҳам ўзгариб турган. 

Маҳалланинг асосий вазифалари: маросимларни биргаликда ўтказиш, ўз ҳудудини батартиб сақлаш ва ободонлаштириш, ёш авлодни ижтимоий руҳда тарбиялаш, жамият ҳаётида тартиб сақланишини таъминлаш, барча анъанавий меъёрларнинг бажарилиши устидан назорат ўрнатиш, урф-одатларга риоя қилиш ва уларни бузган, жамоат мажбуриятларидан бўйин товлаганларни жазолашдан иборат бўлган. Маҳалла раҳбарияти ариқ-ҳовузларни тозалаш, кўчалар, йўллар қуриш ва Маҳалла ободончилиги билан боғлиқ бошқа жамоат ишларини уюштирганлар. Бу ишларнинг барчаси биргаликда ҳашар йўли билан амалга оширилган.

Маҳалла тизими жамиятимизнинг энг муҳим ва таянч бўғини ҳисобланади.

Маҳалла-кўй, қўни-қўшнилар яхши-ёмон кунларда, қувончли тўйларда, бошга ўлим мусибати тушган оғир дамларда кунингизга биринчи бўлиб ярайдилар.

Маҳаллаларда турли тоифа инсонлар яшайди. Уларнинг орасида ўзига тўқ, бой-бадавлат оилалар қаторида, орзу-умидлари бошқалардан кам бўлмаган, аммо уларни амалга ошириш учун қўллари калталик қиладиган, ўғил-қизлари аллақачон вояга етган, аммо уларни уйлаш ёки узатиш учун тўй харажати ўйлантириб қўядиган оилалар ҳам бор. Ислом ана шундай муҳтожлар ҳолидан хабар олиб, уларга иктисодий ёрдам бериш мажбуриятини ўзига тўқ, бадавлат инсонлар зиммасига юклаган. Бундай кишилар ўз ихтиёрлари ва ислом мажбурияти асосида фарзандлари вояга етган маҳалладошлари ҳузурига киришлари ва уларнинг қандай камчиликлари бўлса, имкон даражасида ёрдам беришлари керак.

Маълумки, маҳаллада яхши қўни-қўшничиликнинг аҳамияти катта. Бўлажак келин ёки куёвларнинг кимлигини ота-оналар маҳалла катталаридан суриштиради. Совчилар ҳам бўлажак келин ёки куёв уйига боришдан олдин қўшниларига учрашади, уларнинг берган холис баҳосига қараб иш тутишади. Холислик муҳим аҳамиятга эга. Қўшнилар бундай ишонч ва имкониятдан ўз қўшнисидан қасос олиш, бўладиган хайрли ишларни орқага суриш, қачонлардир тасодифан бўлиб ўтган, аммо барчанинг ёдидан кўтарилиб кетган аразларни эслаш, бўладиган ишни чакимчилик билан тўхтатиш каби ғайриинсоний одатлар йўлида фойдаланмасликлари керак. "Ҳар ким экканини ўради", деган мақолга асосан, ҳаётда ким бировга яхшилик қилса, ўзи ҳам яхшилик кўради. Ким бировга ёмонлик килса, шубҳасиз, ёмонлик кўради.

 Маҳаллада табиат мухофазасига ҳисса қўшиш керак. Аллоҳ таоло инсонни яратиб, унга руҳ билан бирга ақлу идрок бахш этган, Ерни, ундаги барча яратилган нарсаларни инсонга омонат топшириб, уни эҳтиёт қилиш, барча нарсаларни: махлуқлар, мавжудотлар, сув, ҳавони авайлаб-асрашдек катта масъулиятни юклаган. Бу масъулиятни эса инсон олдиндан бажариб келади. Табиатни муҳофаза қилиш Ислом динининг асосий таъли-мотларидан бири ҳисобланиб, барчамизга яшаётган жой-ларимизнинг тоза, озода бўлиши, ичимлик сувимизнинг бегуборлиги, ўзимизнинг эса покиза юришимизни бую-ради. Асрлар бўйи одамлар ариқ, дарё ва денгиз сувларини покиза сақлашни бурчлари деб билишган: "У сизлар учун Ерни пойандоз, осмонни "бино" қилиб қўйди ва осмондан сув тушириб, у сабабли сизларга ризқ сифа-тида мевалар ундирди..." (Бакара, 22).

Теварак-атроф, ер, сув, хаво бирмунча ифлосланиб инсон саломатлигига зарар етказмоқда. Бунинг олдини олиш, табиатни мухофаза қилиб соғлом авлод учун курашиш эса барча мўмин – муслмонларнинг вазифаси бўлмоғи лозим. Махалладаги дарахтларни синдиришларига, ховли супуриндиларини анхорга ташлашлар, ичимлик сувини исроф қилиш, махалла кўчаларида дарахт барглари ва чиқинди-ахлатлар ёндирилишига йўл қўймаслиги учун бутун махалла ахли курашиши керак. Махаллада қўшнилар билан инсонийлик нуқтаи назаридан муомала қилиш керак. Махалладош қўшнилар орасида қариндошлари, бегоналари ва бошқа дин вакиллари хам бўлиши мумкин. Махалланинг кучи бирликда, хушёрликда, огохликдадир. Шундай экан юртимиз обод, махаллаларимиз фаравон бўлсин.

Одилжон Нарзуллаев

Янгийўл тумани Имом Султон жоме масжиди имом хатиби.

 

Read 3461 times

Мақолалар

Top