Мақолалар

Оилавий ажримларнинг сабаблари нимада?

Оилавий ажримлар бугунги кунда долзарб муаммо, жамиятимизнинг оғриқли нуқтасига айланиб улгурди. Юртимизда жар ёқасига келиб қолган оилаларни асраб қолишга, болаларни тирик етим, оналарни тўл қилмасликка жиддий эътибор қаратиляпти.Маҳалла фаоллари, диний уламолар, маънавият ва маърифат тарғиботига дахлдор ташкилотлар ва кенг жамоатчилик саъй-ҳаракатларига қарамай, афсуски, оилавий ажримлар сони кескин камаймаяпти. Шу ўринда бир савол туғилади: Хўш, нега ажримлар, оилада низоли ҳолатлар вужудга келяпти? Оқибатлари ўрганилганда, оилаларнинг ажралиб кетишига моддий етишмовчилик, учинчи шахс аралашуви, бефарзандлик, жуфти ҳалолига хиёнат, узоқ вақт бирга яшамаслик, ўзаро бир-бирини тушунмаслик сабаб бўлаётгани ойдинлашади. Тан олиш керак, оилаларнинг бузилиб кетишига қайнона-келин муносабатларининг ёмонлашуви, ачинарлиси, жаҳл устида айтилган биргина аччиқ гап ҳам сабаб бўлмоқда.

Қолаверса, ажрашиш ҳолатлари оилалардаги келишмовчиликлар, ўзаро муҳаббатнинг йўқлиги, феъл-атворнинг тўғри келмаслиги, эр ёки хотиннинг касаллиги, ачинарлиси, айрим йигитларнинг ичкиликбозлик, гиёҳвандликка берилиб кетиши ёки бошқа аёллар билан ҳаёт кечириши натижасида ҳам келиб чиқмоқда.

Оила деб аталмиш муқаддас қўрғоннинг бузилишига кўпинча шу қўрғоннинг устуни бўлган эркакларнинг ичкиликка берилиб кетаётганлиги, рўзғорнинг кам-кўстини тўғрилаш масъулияти ва падарлик бурчини унутиб қўяётганлиги ҳам сабаб бўлмоқда. Ажрим ёқасига келиб қолган оилалардаги вазият ўрганилганда рўзғордаги етишмовчиликка, эркакларнинг оиласидаги ўз ўрни ва мавқеини йўқотишларига айнан ичкилик сабаб бўлаётгани ойдинлашади.

Икки-уч болали ота ва оналарнинг “Характеримиз тўғри келмади” деган важ-баҳона билан ажрашиш ҳақида қарор қабул қилишаётгани, вояга етмаган фарзандларининг келгусидаги тақдирини ўйлаб ҳам кўришмаётгани, ҳаётнинг кичик бир зарбасидан гангиб қолиб, зиммасидаги юксак масъулиятни унутишаётгани қалбларни ларзага солади. Мана шундай вазиятларда азал-азалдан оила кексалари, маҳалла нуронийлари томонидан учқуннинг аланга олмаслиги чоралари кўрилган. Яъни ёшларга панд-насиҳатлар, ибратли воқеалар сўзлаб берилган. Ўйланмай ташланган қадамларнинг оғир оқибатлари ва асоратлари ҳақида огоҳлантирилган. Хўш, бугун-чи? Ё ёшлар кекса ота-оналари, маҳалла оқсоқоллари гапларига қулоқ солишмаяпти ёки ҳаётий тажрибаси бой нуронийларимиз ёшларга панд-насиҳатлар қилишни унутиб қўйишган.Ажримларнинг яна бир жиддий сабаби ўткинчи ҳою-ҳаваслар ортидан қарзга ботиб қолиш ҳисобланади.

“Шоҳона” яшаш, қиммат машина миниш, данғиллама тўйлару зиёфатлар қилиш ниятида бемақсад, режасиз қарз ва кредитлар олиш, сўнгра уни қайтаролмагани учун юзага келадиган нохуш вазиятлар оилавий ажримларнинг сабабларидан бирига айланаётгани ҳам бор гап. Наҳотки қарзга ботишдан олдин уларнинг атрофида “Кўрпангга қараб оёқ узат” деган нақлнинг мағзини чақиб берадиган бирорта нуроний ҳозир бўлмаган бўлса?! Ҳар бир оилавий ажримга жамиятнинг катта фожиаси сифатида қараладиган фурсат етиб келди. Ҳар бир инсоннинг оилавий бахт топишга, ҳаётини тинчлик-тотувликда кечиришга ҳаққи бор.

Ҳурматли маҳалла фаоллари, пиру бадавлат нуронийлар, имом-хатиб ва отинойилар! Хонадонларда бақир-чақирлар эмас, фарзандларнинг қувноқ кулгуси янграб туриши йўлида фидойи ва фаолроқ бўлайлик. Зеро, бу бизнинг маънавий бурчимиздир.

Насиба Хусенова, “Сардоба” МФЙ отинойиси.

Read 3582 times
Tagged under

Мақолалар

Top