Мақолалар

ДАРАХТ ЭКИБ, БОҒ ЯРАТИБ  амаллар дафтарини безайлик!

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Ислом дини атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий бойликларни асраб-авайлаш ва экологик муаммоларни бартараф этишга даъват қилади. Айниқса, дини мубинимизда экин экиш савобли амаллиги, қаровсиз ерларни обод қилишга улкан ажру мукофот берилиши ваъда қилинган.

Баҳор келиши билан кўнгиллардан бошланган ободлик хонадонларимизга, кўчаю хиёбонларимизга, маҳаллаларимизга, қишлоғу гўшаларимизга, бутун заминимизга кўчади. Бунинг натижасида ҳар бир киши ерга ниҳол қадашга киришади. Бу эса табиат билан инсоният ҳамоҳанглигини ифода этади.

Сўнгги йилларда жаҳонда кузатилаётган иқлим ўзгариши билан боғлиқ глобал муаммолар, афсуски, юртимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Рўй бераётган чанг-тўзонлар, шунингдек, ёғингарчиликларнинг кескин камайиб кетаётгани каби табиат инжиқлари бизга жиддий огоҳлик қўнғироғи бўлмоқда.

Шуларни эътиборга олиб, жорий йил 2 февраль куни Президентимиз раислигида экологик ҳолатни яхшилаш ва “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди.

Йиғилишда қайд этилган муҳим масалалар ижросини изчил таъминлаш мақсадида шу йил 1 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг баёноти қабул қилинди. Баёнотда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг ҳаётимизда тутган ўрни ҳақида сўз юритилиб, динимиз таълимоти асосида барча юртдошларимизни ушбу тадбирда фаол иштирок этишга чақириш баробарида, қишлоқ-овуллармиз, маҳалла-кўйларимизни обод қилиш орқали юртимизни боғу бўстонга айлантириш назарда тутилди.

Таъкидлаш жоизки, динимиз табиатни асраб-авайлашга, ундан оқилона фойдаланишга буюради. Нафас олиб турган жон, тирик организм борки, унга азият етказишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинган: “Ерни яроқли қилиб қўйгандан кейин унда бузғунчилик қилмангиз!” (Аъроф сураси, 56-оят).

Ислом кўчат ўтқазишга, экин-тикин ишларига доимо тарғиб қилади. Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ким бирор ўлик ерни тирилтирса, яъни обод этса, унга шунда ажр бордир. Шунингдек, ундан бирор жонзот еган нарсада унга садақа (савоби) бордир”, дедилар (Имом Доримий ривояти).

Бошқа бир ҳадиси шарифда эса, Ким Аллоҳга ишониб, савоб умид қилган ҳолда қаровсиз ерни обод қилса, унга ёрдам ва барака бериш Аллоҳга лозим бўлди”, дейилган (Имом Байҳақий ва Имом Табароний ривоятлари). Ҳадисдаги “Аллоҳга лозим бўлди”, деган жумла мазкур бандага Аллоҳнинг фазл-карами бўлди, деганидир.

Саҳобалардан бир қанчаси экин экиш билан шуғулланган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу саҳобалар орасида зоҳидлардан бўлса-да, деҳқончилик қилар эди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу мўл ҳосил олиш учун ўз ерига ўғитлар билан ишлов берар эди. Зеро, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида “Ерда экин-тикин қилиб ризқ-рўзингизни талаб қилингиз”, деган эдилар (Имом Табароний ривояти).

Бошқа бир ҳадиси шарифда эса, “Албатта, фаришталар экин ёки кўчат экувчининг ҳаққига, модомики, эккан нарсаси кўкариб тураркан, истиғфор айтиб туришади”, дейилган.

Ривоят қилинишича, саҳоба Хузайма ибн Собитнинг бўш ери бор эди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу у кишининг ёнларига келиб “Эй Хузайма! Бу ерингизга кўчат экиб қўйинг”, дедилар. Шунда саҳоба “Мен кексайиб қолдим”, деди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Йўқ, ундай деманг, бўш турган бу ерингизга, албатта, кўчат экинг”, деб ўзлари бирга ўша ерга кўчат экди.

Одам алайҳиссалом жаннатдан Ер юзига туширилганида Жаброил алайҳиссалом буғдой олиб келиб, ерга экишга буюради. Одам алайҳиссалом буғдойни ерга эккан, суғорган ва ҳосилни йиғиштириб олган эди.

Отамиз Одам алайҳиссаломдан қолган мана шу эзгу анъана асрлар оша сайқалланиб, алоҳида қадрият сифатида шаклланди. Бугун эса бу юртимизда умуммиллий ҳаракат – “Яшил макон” лойиҳасига айланди.

Айни кунларда ушбу ташаббус юртимиздаги барча масжид, мадраса ва зиёратгоҳларда кенг кўламда амалга оширилиб, дин пешволари томонидан ҳудудларда яшил майдонлар барпо этилмоқда.

Сўз исботи билан гўзал. Самарқанд вилояти Пайариқ тумани Хўжа Исмоил шаҳарчасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан 1500 тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчати ўтқазилди. Шу анъана юртимизнинг ҳар бир ҳудудида кенг кўламда давом этяпти.

Табиат мусаффолигини асраш, уни келажак авлодга бекаму кўст етказиш – ҳаётий вазифа. Айниқса, ёш авлодда она табиатга ҳурмат, унинг бебаҳо неъматларини ардоқлаш туйғусини ошириш орқали экологик маданиятни, тозаликка риоя қилиш кўникмасини шакллантиришга эришамиз. Шу боис, уламолар баёнотида уй-хонадонларда, маҳалла-гўшаларда, масжид-мадрасаларда кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ишларини кенг кўламда олиб бориш бугунги кундаги асосий вазифа экани яққол намоён бўлмоқда.

ХХI асрда саноатнинг жадал ривожланиши, табиий бойликлардан ўринсиз фойдаланиш оқибатида экологик мувозанат бузилиб, дунёда кўплаб иқлим муаммолари юзага келмоқда. БМТ маълумотига кўра, иқлим ўзгаришлари сабаб ҳозир дунёнинг 110 дан ортиқ мамлакати чўлланишу қурғоқчиликдан азият чекмоқда. Агар ҳар йили жаҳонда 4,7 миллион гектар ўрмон йўқ бўлиб бораётганини инобатга олсак, келгусида бу каби муаммолар янада ортиши табиий.

Дарахтлар эса ҳавони фильтрловчи энг самарали восита бўлиб, ўртача катталикдаги бир туп дарахт тахминан 20 килограмм карбонад ангидридни ютиши мумкин. Бу эса кўпгина замонавий фильтрлардан ҳам яхшироқдир.

Шунинг учун ҳам ота-боболаримиз ерга, табиатга ўта эҳтиёткорона муносабатда бўлиб, доим уни асраб-авайлашга, “бирни кессанг, ўнни эк”, дея боғу роғлар барпо этишга интилган.

Шу азиз юртнинг фуқароси бўлган ҳар бир мўмин-мусулмон киши дарахт экиб, кўчат ўтқазиб, ўзи яшаб турган шаҳару қишлоғини, маҳалласини обод қилиши шарт. Бу бизга икки карра ютуқдир. Аввало, юртимиз обод бўлади, шаҳару қишлоқларимиз қиёфаси кўркамлашади. Иккинчидан, бундай хайрли ишларимизнинг савоби садақаи жория сифатида то қиёматгача амал дафтаримизга тўхтовсиз савоб бўлиб ёзилиб туради, Аллоҳ насиб.

Мухтасар айтганда, бугун юртимиз бўйлаб амалга оширилаётган шундай хайрли ишларга ҳар бир инсон камарбаста бўлиши фаровон келажагимиз кафолатидир. Яшил майдонларни ҳосил қилиш ишларида фаол бўлиб, хонадонларимиз атрофига, маҳалла-кўйларимизга, кўчаларимизга бир тупдан кўчат ўтқазсак, бутун мамлакатимиз боғу бўстонга айланади.

Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗАРОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Read 2213 times

Мақолалар

Top