Мақолалар

Юртимизда инсон қадри улуғ

Айни кунларда инсон омилига бўлган эътибор ва ғамхўрлик янги босқичга кўтарилди. Ҳурмат-эътибор, меҳр-мурувват, икром-эъзоз борасида эса асрларга тенг ўзгаришларга эга бўлинмоқда.
Дарҳақиқат, инсон манфаати йўлида фидокорлик кўрсатиб, бугун қарилик палласида турган ота-боболаримиз меҳнати ва жонбозлигини қадрлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш кенжа авлодларнинг шарафли бурчидир.
Қадимдан юртимизда катталарга ирқи, миллати, динидан қатъий назар ҳамиша иззат кўрсатиш, улар ҳолидан хабардор бўлиш, меҳр-оқибат кўрсатишга сидқидилдан ёндошиб келинади. Шу маънода ҳурмат эвазига инсон ўзи ҳам келажак ҳаётида эъзоз-эҳтиромга эга бўлиши муқаррарлиги таъкидланган. Зеро, ҳадиси шарифда “Ҳурмат қилган кишига ҳурмат насиб бўлади” дейилган.


Бу мазмунни қувватлаб доно халқимиз “Олтин олма дуо ол” дея инсонпарварлик руҳиятига чақиради. Айни пайтда ҳадиси шарифлар талаби, доно халқимизнинг ҳикматли сўзининг ижроси хотира ва қадрлаш куни муносабати билан юртимизда амалга ошмоқда. Хусусан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини Ватан учун қилган фидоийликларига таъзим этиш, уларнинг барча ҳаётий юмушларига малҳам бўлишдек хайрли хусусиятлар ота-боболаримиздан бизларга мерос бўлиб қолган қадриятларимизнинг намунаси саналади.


Айни пайтда нуроний отахон ва онахонларга чуқур ҳурмат-эҳтиром, хотира ва қадрлаш тушунчалари билан ўзаро уйғунлик касб этади. Ёшларимиз ушбу айём тимсолида ёши улуғларни қадрлаш, саховатга муҳтож кишиларга кўмаклашиш каби олийжаноб фазилатларни ўз қалбига сингдириб боришининг асосларидан бири бўлиб шаклланади. Қаранг, бундай олийжаноб ахлоқий инсонпарварлик, одамийлик тўғрисида динимизда: “Ҳар бир яхшилик эҳсондир. Хайрли ишга далолат қилишлик, гўё уни қилгандек бўлишликдир...”, ¬дейилган.


Хотира ва қадрлаш кунини нишонлаш бой анъаналаримиз бўлмиш миллий урф-одат ва қадриятларимизни ижро этиш демакдир. Уларнинг сарасидан бўлган катталарга эҳтиром, пиру бадавлат ёшига етганларни эъзозлаш тўғрисида муборак ўгитларда “Кичикларимизга раҳм-шафқат қилмаган ва катталаримиз қадрини билмаганлар бизлардан эмасдир”. дейилган инсонпарварлик тамоилини таъкидланган.
Тараққиётимизнинг янги босқичида инсон ҳар доим ўтмиш аждодларини, муҳтарам устозларини, азиз авлиёларни хотиралар экан, халқ ва жамият олдидаги бурч ва вазифаларини яна бир бор масъулият билан хис этади, ўзидан яхши ном қолдириш ва эзгу ишларни қилишга шошилади, ўзгаларни ҳам шунга чорлайди.


Дарҳақиқат, инсон – ҳаёт гултожи. Демак, айни ҳақиқат, Яратганнинг инъоми – онгу тафаккурнинг фақатгина одамзодга берилгани ҳақиқатга моликдир. Албатта, биз ҳамиша марҳумларимизни ёдга олиб, уларнинг руҳларини шод қилиш учун савобли амалларни ижро этамиз. Зеро, ўтганларни эслаш ва улар учун раҳматлар айтиш, қабрларини зиёрат қилиш барчамизнинг диний ва инсоний бурчимиздир.

Абдулҳай ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакили

Read 1977 times

Мақолалар

Top