Мақолалар

Адаб илмининг муҳимлиги

Бугун, яъни XXI-аср вақт ўтиши тезлашган, ахборот алмашинуви энг чўққисига чиққан, ҳар-хил турдаги бидъат-хурофотлар кўпайиб бораётган асрдир. Шу билан бирга инсонларнинг ташвиши, аниқроғи дунё ташвишлари ортиб энг зарурий масалаларга вақт йўқдек гўё. Баъзан илм аҳлларидан эшитамиз, ёки ўзимизга ҳам мурожаат қилган вақтлар, ҳолатлар учраб турибди. Гап шундаки, дуппа-дуруст, зиёли, мол-мулки етарли кишилар болам телефонга, интернет ўйинларига муккасидан кетган, сал нарсага жаҳли тез бўлиб қолган, ичкиликка ружуъ қўймоқда, арзимаган муаммолар, ҳолатлар билан фарзандларимиз ажрашиши, ота-оналарни гапини олмаслик каби муаммолар ва уларнинг ечимини  излаётганларнинг сони кўпайиб бормоқда.

Бу муаммоларнинг ечими муқаддас динимизда аниқ ва равшан қилиб баён қилиб ўтилган, керагича кўрсатма ва тавсиялар берилган. Фарзандни камолга етакловчи, уни чинакам комил инсон даражасига олиб чиқувчи, умуман олганда икки дунё саодатига элтувчи, ота-онасини юзини икки дунёда ёруғ бўлишига сабаб бўладиган илм - адаб илмидир. Сўзимиз исботи ўлароқ, шуни айтиш мумкинки, Қуръони каримдаги ҳар бир сура ёки оят замирида одобга даъват бор. Қуръони карим жами 23 йил давомида нозил бўлган бўлса, шундан 13 йил Маккада нозил қилинган оятлар инсониятга Аллоҳнинг бирлиги-борлиги, умуман олганда инсонларни эътиқодини, одобини тўғрилашга чорловчи оятлардан иборат бўлди. Мавлоно Жалолиддин Румий “Мен Қуръонни ўқидим, ўргандим ва шунга амин бўлдимки, Қуръон одобдан иборат экан” деганлар. Мавлоно ҳазратлари демишларки, Қуръон карим оятларининг асоси адабдир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) “Мен гўзал хулқларни мукаммал қилиш учун юборилдим” деб марҳамат қилганлар. Яъни, пайғамбарлигимнинг энг асосий вазифаси, инсонларни одобга чақириш деганидир.

Мўминлар амири деб номланган, энг забардаст халифалардан ҳазрати Умар (р.а) “Фарзандларингизга олдин одобни, сўнг илмни ўргатинглардеб тавсия берганлар.

Муҳаддислар амири лақабини олган ватандошимиз, буюк имом, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий (р.а) шоҳ асарлари “Ал-Жомеъус Саҳиҳ” да “Одоб китоби”га ўрин берганларига қарамай, одоб масаласи ўта аҳамиятли бўлганидан бу борада алоҳида китоб таълиф қилишга ўтганлар. У киши “Ал- Адабул Муфрад” китобини тузиб, бу китобларига турли одобларга оид бир минг уч юз йигирма иккита ҳадиси шарифни олти юз қирқ тўртта бобда келтирганлар.

Математик олим Хоразмийдан инсон ҳақидаги фикрини сўради. Олим қуйидагича жавоб қилди:

Агар инсон гўзал ахлоқ (одоб) эгаси бўлса у бирга тенгдир, яъни ахлоқли инсон = 1.

Бунинг устига у хуш сурат бўлса, бирнинг ёнига нол рақамини қўйинг яъни, ахлоқ + хушсурат инсон = 10

Боз устига у бадавлат бўлса, ҳосил бўлган сонга яна битта нолни қўйинг яъни, ахлоқ  + хушсурат + бадавлат инсон =100

Агар унинг насли  насаби тоза бўлса, сонга яна бир нолни қўйинг яъни, ахлоқли + хушсурат + бадавлат + насли насаби тоза инсон = 1000

Бироқ ушбу сондан ахлоқни ифода этувчи бир (1) тушуб қолса, билингки инсоннинг қиймати йўқолади.

Сақланиб қолган нолларнинг ҳеч қандай қадри йўқ деб жавоб берган экан.

Замонамизнинг энг етук уламоларидан, дунё уламолари эътироф этган ватандошимиз марҳум устоз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари “Энг кучли даъват – мўминнинг муносиб ва гўзал хулқидир” деб айтган эдилар.

Инсонни баланд чўққиларга олиб чиқадиган энг муҳим омил одобдир. Киши нимадан пастга қулаган бўлса, бу ҳам одобсизлигидандир. Муқаддас манбааларда шундай иборалар бор. “Киши одоби билан жаннатнинг олий мартабаларига эришади гарчи ибодатгўй бўлмаса ҳам. Ибодатгўй инсон ҳам дўзахнинг энг  тубидан жой эгаллайди, агар унда одоб бўлмаса”.

Муқаддас динимизда кишининг ҳаётидаги ҳар бир нарсанинг ўз одоби бор. Масалан, Ватанни севиш одоби, юриш-туриш одоби, кийиниш одоби, саломлашиш одоби, овқатланиш одоби, ота-онага нисбатан, катта кишиларга нисбатан одоб, муомала одоби ва бошқалар. Агар бу одоб турларини санайдиган бўлсак, унинг охирига етиш мушкил. Аммо мақсад бу эмас. Мақсад бугун айни вақтда ҳар бир масъул шахс ўз қўли остидагиларга адаб илмини ўргатиш кечиктириб бўлмас ҳақиқат эканлигини эслатишдир. Чунки, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ўзларининг муборак ҳадисларидан бирида “Ҳар бирларингиз раҳбардир. Раҳбар ўз қўли остидагилардан сўралур” деб марҳамат қилганлар. Яъни, ота-она ўз фарзандидан, ташкилот раҳбари ўз ишчиларидан ва ҳакозо. Ота-оналар ўз фарзандларини мактабга, ишга ёки бошқа юмуш билан ўйидан кузатиш асносида ёки эрталабги нонушта атрофида саломни унутмаслик, катталарни ҳурмат қилиш, қарияларга ёрдам бериш, вақтнинг қадрига етиш, йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш каби энг зарурий кундалик масалалар юзасидан эслатма бериши кони фойдадир.

Биргина “Ассалому алайкум” деган оддий жумлани олайлик, бунда ҳикмат кўп. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)дан: “Қайси амал энг яхши амалдир?” деб сўралганда, у зот: “Таниган ва танимаган одамингга таом ва салом бермоғинг” деб жавоб берганлар. Келинг энди ўзимизга савол берайлик, ким ўз фарзандига шу нарсалар ҳақида таълим беради?.  Бугунлик кунда ўз ватанини тарк этиб, ўзга юртларда саргардон, ватангадо бўлиб, ақл бовар қилмас вайронкор ғояларга алданиб юрган ёшлар, аслида куни кеча тарбиясига эътибор берилмаган болалардир. Адаб илми фарзанд ҳали дунёга келмасдан бурун бошланади. Фарзандим ақлини танисин, оқ қорани фарқига борсин, ёшликда ўйнаб қолсин деган ўйда юрганлар, адаб илмини беришда анча кечиккан бўладилар. Биз бир нарсани унутмаслигимиз керак. Биз дунёда илмда, одобда намуна бўлган аждодларга авлодмиз. Шунга муносиб бўлиш ва фарзандларимизни ҳам муносиб қилиб тарбиялаш муҳимдир.

 

Ўткир Маҳмудов

Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим

  юрти ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари

                                                                                             

Read 6878 times

Мақолалар

Top