Мақолалар

Қуръони каримда баён қилинган савдо турлари

Савдо бир неча қисмга бўлинади. Сотиладиган товарга нисбатан байъ қуйидаги турларга бўлинади:

  1. Мутлақ байъ – бунда пулга маълум бир нарса алмаштирилади, яъни сотиб олинади. Бу савдонинг энг машҳур ва кенг тарқалган навидир. Ушбу навда инсон пулига эҳтиёжи тушган нарсаларнинг барчасини сотиб олиши мумкин. Бу байъда бошқа навларда бўладиган қайдлар учрамайди.
  2. Салам байъи – бу навда маълум бир нарсага пул алмаштирилади. Ёки бунинахт пулга нахт бўлмаган, насия нарсани сотиб олиш, деб таърифлаш ҳам мумкин. Масалан, деҳқон пули бор кишининг олдига келиб, фалон вақтда тайёр бўладиган сифати бундай буғдойни сизга сотдим дейди. У одам ҳам қабул қилдим, деб жавоб қидади. Шу зайлда улар ўртасида салам байъи боғланади. Бу байъ ўзига хос рукнларга шартларга эга бўлиб, фиқҳ китобларида бу борада батафси тўхталинган

“Салам” луғатда бериш, тарк қилиш ва топшириш деган маъноларни англатади[1]. Масалан: “Кийимни тикувчига салам қилди” яъни “берди”, дейилади. Мутризий айтадиларки: “Буғдойда салам қилди”, дейилади. Аслида эса, “Буғдойни нарх эвазига топширди”, деган маънони англатади. Бунда мафъулун фийҳ (воситали тўлдирувчи) бўлган “нарх”ни тушириб юборилган[2].

Шариатда эса, зиммадаги васф қилинган молнинг қийматини олдиндин беришга айтилади. Фақиҳлар унинг таърифи ва шартлари борасида ихтилоф қилишган. Ҳанафий ва Ҳанбалийлар “Нарх учун бериладиган дастмояни (раъсулмол) савдо шартномаси тузилган жойда берилиши, молни  топширишни  эса, кечиктирилиши  шарт”, дейишади.  Шундай қилинса, нархи олдиндан белгиланган молни савдо пайтида хозир бўлишини олдини олинади. Чунки, мол савдо пайтида хозир бўлса, салам савдоси бузилади. Бунда, молни айни савдо билан сотиб олса ҳам бўлади.- Мана шундай маъно билан салам савдосига таъриф беришади. Ибн Обидин “У насияни нақд билан сотиб олиш[3]”, дейдилар. “Иқноъ”да “ У, зиммадаги васф қилинган, маълум муддатга белгиланган нарсани савдо пайтида нархини олиш йўли билан сотишдур”, дейилади.

Шофеийлар  ҳам салам савдосида раъсулмолни савдо пайтида қўлга тутқазишни шарт  қиладилар. Лекин, нархи белгиланган молни кечиктириш ва савдо пайтида бериш жоиз дейдилар. Унга “Зиммадаги васф қилинган молнинг қийматини олдиндан бериш”, деб таъриф берадилар. Уларнинг наздида  савдо пайтида молни топшириш жоизлиги учун  “ маълум муддатга белгиланган”, деб қайд қилмайдилар.

Моликийлар савдо вақтида молни топшириш жоиз эмас дейдилар. Лекин, савдо қилинган мажлисда дастмояни топширишни саламнинг шартларидан деб ҳисобламайдилар. Уни икки, уч кунга кечиктириш жоиз дейдилар. Салам савдосига қуйидагича таъриф беришади. “ салам зиммадаги васф билан чегараланган, дастмояни ҳозир бўлиши ёки унинг ҳукмида бўлиши билан маълум муддатга белгиланган савдодир[4]”. Таърифдаги “унинг ҳукмида бўлган” деган сўзлари раъсулмолни бирозга кечиктириш жоиз эканига ишора қилади. “Маълум муддатга белгиланган” деган сўзлари эса, нархи белгиланган молни кечиктириш лозим эканини баён қилади. Бу  таърифдан  Моликийларда  савдо пайтида молни топшириш жоиз эмаслиги маълум бўлади.

Фиқҳ уламолари салам шартномасида сотиб олувчини “роббуссалам” (салам эгаси) ёки “ал-муслим (салам қилувчи)”, сотувчини “ал-муслам илайҳи (унга топширилган)”, сотилаётган молни  “ал- муслам фийҳи”, молга бериладиган қийматни эса “раъсулмол” деб номлашади[5].

Маълумки, саламнинг луғавий ва истилоҳий маънолари ўртасида боғлиқлик бор. Чунки, унинг луғавий маъноси бериш, тарк қилиш, топшириш деган маъноларни англатади. Фақиҳларнинг истилоҳида эса,  савдо мажлисида раъсулмолни сотиб олувчи тарафидан  сотувчига  беришни тақозо қиладиган битимдур. Бу битим сотувчига зиммадаги васф қилинган, маълум муддатга белгиланган молни сотиб олувчига топширишни лозим қилади. Шунга кўра, саламнинг истилоҳий маъноси луғавий маъносидан истифода қилиб олинган. Ибн Форис “Ҳулят ул-фуқаҳо” асарида “Салам “бир нарсани топширдим”, деган сўздан олинган. Шунинг учун, раъсулмолни қўлга ушламай ажрашиш мумкин эмас. Агар қийматни қўлга ушламай ажрашилса салам шартномаси бўлмайди. Чунки, у ерда ҳеч нарса топширилгани  йўқ”, - дейдилар.

Салам шартномасининг қонунийлиги Қуръон, суннат, ижмоъ билан собит бўлган.  Аллоҳ таъоло бақара сурасида: “Эй, иймон келтирганлар, қачон маълум муддатга қарз олди берди қилсангиз, уни ёзинг”, деган. (282 оят) Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Шоҳидлик бераманки, зиммадаги васф қилинган, маълум муддатга келишилган салафни Аллоҳ ўз китобида ҳалол қилиб изн берган ”, деб туриб юқоридаги оятни тиловат қилар эканлар[6].

Оятнинг  далиллик жиҳати: Бу оят қарзни мубоҳ эканига далолат қилади. Салам эса қарзнинг бир кўриниши. Қози Ибн Арабий: “Қарз икки келишувчининг бирида нақд, иккинчисининг зиммасида насия бўлган ҳар бир муомаладир. Арабларнинг наздида айн ҳозир бўлган, қарз эса йўқ бўлган нарсадир[7]”, деган. Шундай экан, оят  умумий  қарз олди  бердиларини ҳалол эканига далолат қилади. Салам қарзни бир тури экани эътиборидан уни ҳам ўз ичига олади. Зеро, сотиладиган мол белгиланган вақтига қадар сотувчининг зиммасида бўлади.

  1. Истисноъ байъи – бу ҳунарманддан махсус кўринишдаги махсус нарсани ясаб беришини талаб қилишдир. Яъни, ушбусавдодабайъҳунармандясаганнарсанисотиболишгабоғланади. Бунда хомашё, асбоб - ускуналарнинг барчаси ҳунарманд тарафидан бўлади. Агар, хомашё буюртмачи томонидан бўладиган бўлса, бу ҳолда битим ижара келишувига айланади, истисноъ дейилмайди[8].

 

  1. Сарф байъи – бу савдода пулга пул айрбош қилинади. Яъни, тиллага тилла, кумушга кумуш алмаштирилади. Ёки бирини бошқасига: тиллага кумуш, кумушга тилла алмашилади.[9] Ҳозирда долларга сум алмаштириш ёки бунинг акси ҳам ушбу савдо сирасидандир.

5.Жизоф (чамалаш) байъи – бу бир нарсани кайлий, вазний, ададий ўлчовларсиз, фақатгина, кўришлик сўнгидан тахмин ва чамалаш йўли билансотиш ёки сотиб олишдир[10]. Ушбу турдаги савдонинг жоиз бўлиши учун  сотилаётган нарсанинг ажратиб қўйилган ва ишора қилинган бўлиши ва яна бадал бошқа жинсдан тўланиши шарт қилинади.

  1. Рибоъ байъи – молни молга айирбош қилишда эвазсиз ортиқча молга эга бўлиш, яъни, шаръий ўлчовлар билан бир жинсдаги нарсаларда қилинган байъда бир жинснинг бошқасидан ортиқ бўлишидир.Ушбу савдо турининг ҳаромлиги Қуръон, суннат ва ижмо билан собит бўлган
  2. Муқояза байъи (бартер) – тайин бир нарсага тайин бошқа бир нарсани айирбошлаш. Яъни, пул кўринишида бўлмаган молга худди шундай бошқа бир молни алмаштириш.Агар, бадалларнинг иккаласи ҳам пул бўлса, бу сарф савдоси бўлиб қолади. Икковидан биттаси пул бўлса мутлақ ёки салам байъларига айланади[11].
  3. Музораба – музораба сўзи “зарбун” ўзагидан олинган бўлиб, луғатда ҳисса қўшиш, сафар қилиш маъноларини билдиради. Истилоҳда музораба деб, фойдада маълум бир фойдага шерик бўлиш учун сармоя эгаси бирортасига ўз молини тижорат қилиш мақсадида беришлигидир. Шунинг учун музорабада, томонлардан биридан меҳнат, иккинчисидан дастмоя бўлади[12].

Таърифдан кўринмоқдаки, музораба икки киши ўртасида шерикликка биноан тузилган ақддир, савдо битими эмас ва бу битим узоқ муддатга тузилади. Муробаҳа  эса сотувчи ва олувчи ўртасида қилинган савдо битимидир.   Бу битим ақд мажлиси тугаши билан ниҳоясига етади. Музораба каби узоқ муддат давом этмайди ва кўриладиган фойда сотувчига бўлади, музораба каби томонлар ўртасида тақсимланмайди.

Музорабада иккинчи тараф, яъни музориб мол эгасининг вакили ҳисобланади. Муробаҳада эса иккинчи тараф оддий харидор бўлади.

Музораба икки қисмга бўлинади:

  1. Мутлоқ музораба;
  2. Қайдланган музораба.

Мутлоқ музорабадан мурод музорибга бирор бир хос иш ёки унинг кайфияти, иш юритиш жойи, иш юритиш вақти, кимлар билан иш юритиши чегараланмай сармоя унга ҳавола қилинади.

Қайдланган музораба юқоридаги мутлоқ музорабанинг акси бўлиб, унда хос иш юритиш, маълум жой, вақт ва бошқаларда қайдлар белгилаб қўйилади. Муробаҳада эса бунадай қисмлар йўқ.

Музорабада ҳам омонатнинг эътибори бор. Чунки, музориб молни ниманингдир бадалига эмас, балки роббул молнинг буйруғи билан олади, ва унинг вакилига айланади. Муробаҳа ҳам айни омонат байъидир.  Лекин музораба ақди фосид бўладиган бўлса, ўз-ўзидан, токи омил ажри мислини олмагунча, ижира ақдига ўтиб туради[13]. Муробаҳада фосидлик юзага келса ақд шу ернинг ўзида тўхтайди. Байъ фосидлик кўтарилса амалга ошади, бўлмаса ошмайди.

Тошкент ислом институти

Модуль таълим шакли

3-курс талабаси Муҳаммад Нуритдинов

 

[1] Ибн Манзур. Лисон ал-араб. Дор содир. Байрут. 12 ж. 295.   

[2] Мутризий. ал-Мағриб. Ҳалаб. 1402 ҳ. 1 ж.412 б.  

[3] Аллома Муҳаммад Амин ибн Умар ибн Абдулазиз Обидин ад-Дамашқий. Радд ал-мухтор ала ад-дурр ал- мухтор. 4 ж. 203 б.

[4] Қуртубий. ал-Жомиъ лиаҳкам ал-қуръон. Дор аш-шаъб. Қаҳира. 1186 б.   

[5] Қунавий. Анийс ал-фуқаҳо. Дор ал-вафо. Жидда. 1406 ҳ. 220 б. 

[6] Бу ҳадисни Имом Ҳоким, Байҳақий, Абдраззоқ, Ибн Абу Шайбалар тахриж қилганлар. Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. ад-Дироя фий тахрижи аҳадис ал-ҳидоя. ал-Фажала ал-жадийда. Миср. 1384 ҳ. 2 ж. 159 б.

[7] Ибн ал-Арабий. Аҳком ал-қуръон. Ийсо ал-Бобий ал-Ҳалабий. 1376 ҳ. 1 ж. 247 б.   

[8]Зуҳайлий Ваҳба. Ал-фиқҳ ал-исламий ва адиллатуҳу (Ислом фиқҳи ва унинг далиллари). - Дамашқ, Сурия: Дору-л-фикр. 2006.T.V. -Б. 301

[9] Муаллифлар гуруҳи. Фиқҳул муомалот (Муомалотлар фиқҳи) Т.V. -Б.791

[10]Ибн Обидин Муҳаммад Амин. Радду-л-муҳтор ала ад-дурри-л-мухтор. -Жидда: Дору олами-л-кутуб. 2000. Т.V. -Б. 556

[11]Ал-мавсуъа ал-фиқҳийя ал-кувайтийя (кувайт фиқҳий энциклопедияси). - Кувайт: Вазаротул авқоф ва-ш-шуъун ал-исламийя (вақф ва диний ишлар вазирлиги). 1404-1427ҳ. Ж.XXVI.-Б.349

[12] Қаранг: Бурҳониддин Абаулҳасан Али ибн Абубакр ибн Абдулжалил Марғиноний. Ал-Ҳидоя шарҳи Бидаяти-л-мубтади.- Маккат-л-мукаррама. Т. II. -Б 221

[13] Қаранг: ўша китоб. Т. II. -Б 221

Read 2257 times

Мақолалар

Top