Мақолалар

Барчамиз бирдек масъулмиз

Жорий 2017-йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланиши инсонларнинг моддий-маънавий манфаатларини мақсад қилиб, халқ ўртасида ўзаро ҳурмат эҳтиромни янада ривожлантириш, пировардида давлат ва жамиятнинг равнақ топиши, халқнинг бой бўлиши давлатнинг бой бўлишига асос экани кўзда тутилиб, жамиятнинг ҳар бир аъзосига ушбу шиорнинг тақдим этилиши айни муддоадир. Раҳбарларда аҳолининг ҳол-аҳволидан хабардорлик ҳиссини зиёда қилиш ва халқ манфаатини биринчи ўринга қўйиш кўзланган асосий мақсад.

Мана шундай олий ва юксак ишларда муҳтарам юртбошимиз  Шавкат Мирзиёев ўзлари бош бўлмоқдалар. Муҳтарам юртбошимиз ҳар бир соҳа раҳбарларидан бошлаб, оддий халқ билан ҳам учрашиб, мулоқот қилишга вақт ва имконият топмоқдалар.

15 июнь куни Тошкентда бўлиб ўтган “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжуман Президентимиз ва имом-хатиблар иштирокида бўлиб ўтди.

Бу анжуман катта тайёргарлик ва ўзига хос кўтаринки руҳ бўлиб, унда иштирок этган барча инсонлар ўзларининг қиладиган ишларини ва бажарадиган вазифалари яна ҳам англаб, тушуниб етди. Бу анжуман барча имом-хатибларга масъулият юклади. Имом-хатибларнинг доим халқ билан мулоқот қилиши ва яна кўпроқ масълият билан ўз вазифасига ёндашиши мантиқан тўғри ҳисобланади. Бундан бу ёғига имом-домлаларда ғайрат, шиддат билан фаол ишламоқлари лозим бўлади. Улар ўз қавмидаги ҳар бир хонадон, ҳар бир оила, ҳар бир кимсанинг диний савиясига, дин тўғрисида олаётган маълумотларига масъулиятни сезиб, ҳар бир оилага соф исломни етказишда жонбозлик кўрсатишлари керак. Зотан, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Биз барча одамларни ўз имомлари ила чақирадиган кунни эсла”, деб марҳамат қилган.

Бошқача қилиб айтганда, имом-хатиб жамият билан диннинг кесим нуқтасида турувчи жамият пешқадамидир. Демак, имом-хатиб ҳар жиҳатдан намуна бўлиб, элу халққа меҳр-муҳаббат кўрсатиши ва ўз навбатида жамоъатнинг иззат-икромига эга бўлиши лозим. Шундагина ҳақиқий пешқадам бўлади.

Биринчи навбатда ҳар бир имом-хатиб ўз вазифасига Расулуллоҳнинг мероси сифатида, ҳис-ҳаяжон ва мусулият билан қарамоғи лозим. Имом-хатибликни Пайғамбар алайҳиссалом мақомининг тамсоли эканлигини ўзига сингдириши керак. Шунда имом-хатибликни бошқа касблар сифатида талқин қилмайди. Зеро, имомлик мансаб ҳам эмас, ловозим ҳам эмас, у юксак мартабадир.

Имом-хатиб меҳробни ва минбарни севиши билан бирга, муомала ва гўзал одоб-ахлоқ билан масжид жамоасининг қалбига йўл топиб, ўзининг муҳаббатини кўрсатиш лозим. Жамоат ундан кўнгли қоладиган ишларнинг барчасидан узоқ бўлиши керак. Хусусан, жамоат ичида тортишиш ва қизишиш ҳеч қачон тавсия этилмайди.

Масжид ҳар доим жамоатни ўзаро бир-бирига боғлайдиган, сукунат ва муҳаббат тўла маскан бўлиши лозим бўлган улуғ даргоҳ. Унинг учун имом-хатибда кенг миқёсда билим ва тажриба талаб қилинади. Имом-хатиб ўрганган илмини такрорлаши, зиёда қилиши ва ўз устида ишлаши бугун яна ҳам аҳамиятлидир. Имом-хатибни китобга бўлган муҳаббати илмга бўлган муҳаббатини кўрсатади. Китоб мутолаасида бардавом бўлиш имом-хатибни ипак қурти пилла тўқигани каби камолотга етиштириб боради.  Илм – доимо барча инсоннинг зийнати.

Имом-хатиб ўзининг ана шу илми билан бутун масжид жамоасини мўтатабар ва мўътадил бўлган  Мотуридий эътиқодида ва Ҳанафий фиқҳида жамласа, уларнинг орасини жамлаган бўлади. Ҳар қандай жамоатнинг бир эътиқод ва бир мазҳабда бўлиши, улар орасида меҳр-муҳаббат, ўзаро ҳурмат ва эҳтиром бўлишини таъминлайди. Зотан, диннинг мақсади ҳам, имом-хатибнинг вазифаси ҳам шундан иборат. Ўз навбатида вазифасини бажарувчи имом-хатибни масжид жамоъси ҳам яхши кўради ва ардоқлайди.

Масжидда ўзаро меҳр-муҳаббат бўлиши, унда қилинадиган ибодатларнинг қабул бўлишига далолат қилади.

عَن أبي أُمَامَة رَضِيَ اللَّهُ عَنْه ، قَالَ رَسُول الله صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم َ : « ثلاثةٌ لا تُجَاوِزُ صلاتُهم آذانَهم: العبدُ الآبقُ حتى يرجعَ، وامرأةٌ بَاتَتْ وزوجُها عليها سَاخِطٌ، وإمامُ قومٍ وهم له كارهون»  رَوَاهُ التِّرْمِذِيّ

Абу Умомадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч (тоифа)   киши борки, уларнинг намози қулоқларидан юқорига кўтарилмайди:  қабул бўлмайди. (Хўжасига итоатсиз) қочган қул, эрини ғазаблантирган ҳолда кечани ўтказган аёл, қавми ёқтирмаган имом” – дедилар (Имом Термизий ривоят қилган).

Фақиҳларимиз: “Қавм имомни бузғунчи эканлигидан ёки илмига амал қилмайдиган фосиқлиги сабабдан ёки  илмни пухта эгалламаган жаласавод бўлганлигидан ёмон кўрса, ушбу имомни имомлик қилиб жамоатга намоз ўқиб бериши макруҳ бўлади. Яъни имом имомликка ҳақдор бўлмаса, жамоъатнинг ёмон ҳақ сабаб билан бўлса, макруҳ бўлади. Аммо, имом имомликка ҳақдор бўлиб, қавм дунёнинг бир ғаразларидан бир ғараз сабабли ёқтирмаса, унинг имомлиги макруҳ бўлмайди”, дейдилар.

Шуни қайд қилиш керак, ҳар бир мусулмон Аллоҳ таоло ва унинг Расулига муҳаббат қўйгандан кейин, ўз имомига муҳаббат қўйиши вожиб бўлади. Ҳеч бир сабабсиз шаръий илм эгаси бўлган имом-хатиб ёки имом-ноибни ёмон кўриш қалбдаги имонга катта хавф-хатари бор. Имомни ёмон кўриш, динни ёмон кўриш деб баҳоланади.

Хуллас, солиҳ инсонда қандай яхши хусусиятлар бўлиши талаб қилинса, барчаси имом-хатибда топилиши керак. Жамият “Сен яхши инсонни қидиряпсанми?, мана”, деб имом-хатибни кўрсата олсин. 

Президентимиз анжуманда сўзлаган нутқида: “Бизни ҳамиша ўйлантириб келадиган яна бир муҳим масала – бу ёшларимизнинг одоб-ахлоқи, юриш-туриши, бир сўз билан айтганда, дунёқараши билан боғлиқ. Бугун замон шиддат билан ўзгаряпти. Бу ўзгаришларни ҳаммадан ҳам кўпроқ ҳис этадиган ким – ёшлар. Майли, ёшлар ўз даврининг талаблари билан уйғун бўлсин. Лекин айни пайтда ўзлигини ҳам унутмасин. Биз киммиз, қандай улуғ зотларнинг авлодимиз, деган даъват уларнинг қалбида доимо акс-садо бериб, ўзлигига содиқ қолишга ундаб турсин. Бунга ниманинг ҳисобидан эришамиз? Тарбия, тарбия ва фақат тарбия ҳисобидан”, дейди.

Бугунги кунда ён-атрофимизда диний экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси, ноқонуний миграция, “оммавий маданият” деган турли бало-қазоларнинг хавфи тобора кучайиб бораётганини ҳисобга оладиган бўлсак, бу сўзларнинг чуқур маъноси ва аҳамияти янада яққол аён бўлади.

Ҳақиқатан ҳам, ҳозирги вақтда ёшлар тарбияси биз учун ўз долзарблиги ва аҳамиятини ҳеч қачон йўқотмайдиган масала бўлиб қолмоқда.

Бугунги тез ўзгараётган дунё инсоният олдида, ёшлар олдида янги-янги, буюк имкониятлар очмоқда. Шу билан бирга, уларни илгари кўрилмаган турли ёвуз хавф-хатарларга ҳам дучор қилмоқда. Ғаразли кучлар содда, ғўр болаларни ўз ота-онасига, ўз юртига қарши қайраб, уларнинг ҳаётига, умрига зомин бўлмоқда.

Бундай кескин ва таҳликали шароитда биз ота-оналар, устоз-мураббийлар, жамоатчилик, маҳалла-кўй бу масалада ҳушёрлик ва огоҳликни янада оширишимиз керак.

Инсон манфаатларини юрт тинчлиги, жамиятимиздаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитидан ажратган ҳолда тасаввур этолмаймиз. Буларнинг барчаси бизнинг бебаҳо бойлигимиз ва уни кўз қорачиғидек сақлаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.

ЎМИ ахборот хизмати

Read 5465 times

Мақолалар

Top