Мақолалар

Оила мустаҳкамлиги омиллари

Муқаддас динимиз оила мустаҳкамлигига катта эътибор қаратган. Чунки оила жамият асоси ва ҳаёт давомчиси бўлган фарзандлар камол топадиган тарбия масканидир. Шу маънода қачон оилалар салоҳиятли бўлса, бундай оилалардан ташкил топган жамият ҳам салоҳиятли бўлади. Шунинг учун динимиз оилага иймон, муҳаббат, таълим-тарбия ва бахтли ҳаёт сари йўлловчи маскан сифатида қарашни вожиб қилган.

Динимиз кўрсатмаларига мувофиқ қурилган оила мустаҳкам қонун-қоидалар устига қурилган бўлади. Ҳаётда учрайдиган турли муаммолар  бундай асос устига қурилган оила мустаҳкамлигига асло раҳна сола олмайди. Чунки бу оила Аллоҳнинг китобига, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига, инсониятнинг энг улуғи бўлган саҳобалар ва тобеинларнинг тутган йўлларига ҳамда азиз уламоларимизнинг кўрсатмаларига таянган бўлади.

Шу маънода муқаддас динимизда ҳали оила қурилмасдан олдин уни қандай ташкил қилишга яъни бутун ҳаёти давомида ўзига шерик бўладиган инсонни танлашда нимага эътибор бериш лозимлиги ҳақида тегишли кўрсатмалар бор. Қуйидаги ҳадиси шариф бунга далилдир:     

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ: تُنْكَحُ الْمَرْأَةُ لِأَرْبَعٍ: لِمَالِهَا، وَلِحَسَبِهَا، وَلِجَمَالِهَا، وَلِدِيْنِهَا، فَاظْفَرْ بِذَاتِ الدِّيْنِ تَرِبَتْ يَدَاك. مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аёлга тўрт нарса учун уйланилади: Мол-дунёси, насл-насаби, ҳусни-жамоли ва дини учун. Сен диндорини танлагин, барака топасан”, дедилар )Муттафақун алайҳ(.

Ушбу ҳадиси шарифда уйланадиган йигитларга турмушдан барака топиш учун аёлнинг фақатгина ё мол-дунёсига ё насл-насабига ёки ҳусни жамолига эмас, балки дини кўрсатмаларига риоя қиладиган гўзал хулқига эътибор бериш лозимлиги уқтирилган. Албатта, динига ихлос билан риоя қиладиган аёлда юқоридаги сифатлар ҳам топилса, янада яхшироқ бўлади.

Шунингдек иккинчи тарафга ҳам яъни аёл тарафга ҳам куёвнинг қайси жиҳатига эътибор бериш лозимлиги баён қилинган:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إذَا خَطَبَ إلَيْكُمْ مَنْ تَرْضَوْنَ دِينَهُ وَخُلُقَهُ، فَزَوِّجُوهُ، إِلاَّ تَفْعَلُوا تَكُنْ فِتْنَةٌ فِي الْأَرْضِ وَفَسَادٌ عَرِيْضٌ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга дини ва хулқига рози бўладиган киши совчи қўйса, унга турмушга беринглар. Агар шундай қилмасангиз, ер юзида фитна ва катта бузғунчилик бўлади”, дедилар (Имом Термизий ривоят қилган).

Демак, қиз тараф ҳам дини кўрсатмаларига риоя қиладиган гўзал хулқли йигитга турмушга беришлари керак экан.

Бир киши Ҳасан ибн Алининг ҳузурларига келиб: “Менинг қизимга бир қанча йигитлардан совчилар келди. Уларнинг қайси бирига берай? деб сўрабди. Шунда у зот: “Қизингни тақводорига бергин. Агар у қизингни яхши кўрса иззат-икром қилади, яхши кўрмаган тақдирда ҳам унга зулм қилмайди”, деб жавоб берганлар.

  Динимиздаги мазкур кўрсатмалар асосида қурилган оила муқаддас динимиздаги буйруқ ва қайтариқларга риоя қиладиган тартибли маскан бўлади. Бу маскан раҳбарлари бўлмиш ота-оналар фарзандларини соғлом эътиқодли, одоб-ахлоқли  ва илм-маърифатли бўлиб вояга етказишни зиммаларидаги бурч деб  биладилар. Зеро бу бурч Қуръони каримда келган буйруқдир:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا قُوا أَنْفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَارًا

“Эй иймон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни дўзахдан сақланг!” (Таҳрим сураси, 6-оят).

Фарзандлар ота-оналарнинг навниҳоллари ва қалб меваларидир. Агар улар навниҳолларини парваришлаб турли офатлардан ҳимоя қилсалар бу ниҳоллар тўғри ўсиб мева берадилар. Агар қаровсиз қолдирсалар кўпинча қинғир-қийшиқ ўсиб, ота-оналарига ҳам, бошқа жамият вакилларига ҳам фақат ташвиш туғдирадиган манфаатсиз нарсага айланадилар.

Шунга кўра фарзанд тарбиясини энг муҳим вазифа деб билиб, бу вазифани сидқидилдан адо этишдан ота-оналарнинг ўзлари ҳам жамият вакиллари ҳам манфаат кўрадилар.  

Оила мустаҳкамлигининг энг муҳим омилларидан бири оилада эр раҳбар бўлишидир. Яъни оилада эр раҳбар бўлсагина бу оила рисоладагидек оила бўлади. Бу ҳақида қуйидаги ҳадиси шарифда бундай хабар берилган:

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ: كُلُّكُمْ رَاعٍ، وَكُلُّكُمْ مَسْؤُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ، وَالْأَمِيْرُ رَاعٍ، وَالرَّجُلُ رَاعٍ عَلَى أَهْلِ بَيْتِهِ، وَالْمَرْأةُ رَاعِيَةٌ عَلَى بَيْتِ زَوْجِهَا وَوَلَدِهِ، فَكُلُّكُمْ رَاعٍ، وَكُلُّكُمْ مَسْؤُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Барчангиз раҳбардирсиз ва барчангиз қўл остингиздагилардан сўралурсиз. Амир раҳбардир. Эркак ўз оиласига раҳбардир, аёл эса эрининг уйига ҳамда унинг фарзандларига раҳбардир. Шундай экан, барчангиз раҳбардирсиз ва барчангиз қўл остингиздагилардан сўралурсиз”, дедилар ( Муттафақун алайҳ).

Оила мустаҳкамлигининг муҳим омилларидан бўлган аёлнинг эрига итоатли бўлиши лозимлиги ҳам динимиз талабидир. Бу талаб ҳадиси шарифда  қаттиқ таъкидлаб баён қилинган:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ: لَوْ كُنْتُ آمِراً أَحَداً أَنْ يَسْجُدَ لِأَحَدٍ لَأمَرْتُ الْمَرْأَةَ أَنْ تَسْجُدَ لِزَوْجِهَا. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар бирор кишини бошқа бир кишига сажда қилишга буюрганимда, албатта аёлни эрига сажда қилишга буюрар эдим”, дедилар (Имом  Термизий ривоят қилган).

Яъни аёлнинг эрига итоат қилиши ниҳоятда муҳим бўлганидан шу тарзда қаттиқ таъкидлаб баён қилинган. Шунга кўра аёл учун гуноҳ бўлмаган барча ишларда эрига итоат қилиши вожиб бўлади. 

Шунингдек оила мустаҳкамлигининг яна муҳим омилларидан бири аёлнинг эри учун зийнатланишидир. Кўчага пардоз-андоз қилиб эрига бепардоз кўринадиган аёл динимиз одобларига риоя қилмаган ва бунинг натижасида оила мустаҳкамлигига путур етказаётган аёл ҳисобланади. Уйида эрига чиройли кўринадиган ва эри ёқтирмайдиган нарсалардан сақланадиган аёлни ҳадиси шарифда энг яхши аёл дейилган:

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ، قَالَ: قِيلَ لِرَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَىُّ النِّسَاءِ خَيْرٌ قَالَ: الَّتِى تَسُرُّهُ إِذَا نَظَرَ وَتُطِيعُهُ إِذَا أَمَرَ وَلاَ تُخَالِفُهُ فِى نَفْسِهَا وَمَالِهَا بِمَا يَكْرَهُ. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Аёлларнинг энг яхшиси қайси?”, дейилди. У зот: “(Эри унга) қараса, хурсанд қиладиган, буюрса, итоат қиладиган ва ўз нафсида ва молида эри ёқтирмайдиган нарсалар билан унга қарши бормайдиган аёл”, дедилар ( Насоий ривоят қилган).

“Таёқнинг икки учи бор” деганларидек, эр аёлини ўзига ёқадиган кўринишда бўлишини хоҳлагани каби, ўзи ҳам аёли учун зийнатланиши лозим бўлади.  Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Аёлимнинг мен учун зийнатланишини хоҳлаганимдек мен ҳам у учун зийнатланишни яхши кўраман”, деган.

Оила мустаҳкамлигининг энг асосий муҳим омилларидан яна бири  оиланинг барча таъминотлари эркак томонидан бўлишидир. Чунки эрнинг раҳбарлиги тўлиқ бўлиши учун оиланинг барча сарф харажатлари эр томонидан таъминланиши лозим бўлади. Бу ҳақида Қуръони каримда бундай дейилган:

الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى النِّسَاءِ بِمَا فَضَّلَ اللَّهُ بَعْضَهُمْ عَلَى بَعْضٍ وَبِمَا أَنْفَقُوا مِنْ أَمْوَالِهِمْ

Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир(Нисо сураси, 34-оят).

Ушбу оятда эркакнинг оилани ҳимоя қиладиган қувватли бўлиши каби хусусиятлари туфайли ҳамда оила харажатлари учун ўз мол-мулкидан сарф қилиши сабабли аёли устидан бошлиқ бўлиши хабар берилган.   

Хулоса қилиб айтганда динимиз кўрсатмаларига риоя қилинган оилада эр-хотин ўртасида келишмовчиликлар кам бўлади. Чунки бу оила ҳаётда учрайдиган ташвишлар уни қимирлата олмайдиган мустаҳкам асос устига қурилган бўлади. Агар бирор тушунмовчилик бўлган тақдирда ҳам эр-хотин дарҳол уни бартараф этишга шошиладилар. Натижада бу оила меҳр-оқибат ва тинч-тотувлик ҳукм сурадиган фароғат масканига айланади. Чунки Аллоҳ таоло бу оиладаги эр хотин ўртасида иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилган бўлади:  

وَمِنْ آيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا لِتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُمْ مَوَدَّةً وَرَحْمَةً

“Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир”  (Рум сураси, 21-оят).

Яъни бу оилада аёл эрининг кўз қувончи бўлганидек, эр ҳам аёлининг кўзини қувонтирадиган бўлади. Улар ўзаро меҳр муҳаббат асосида ҳаёт кечирадилар.

 

Жалолиддин Ҳамроқулов

ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,

”Новза” жоме масжиди имом хатиби

 

 

 

 

 

 

 

Read 7904 times

Мақолалар

Top