Мақолалар

Унутилмас совға бўлди

Эътироф

Ижодкор учун энг катта мукофот – халқнинг эътибори, эътирофи. Чунки қаламкашнинг мақсади – қалбларга йўл топиш, яхшиликларга элнинг муҳаббатини орттириш, хато ва камчиликларга муросасизлик уйғотиш йўли билан ҳаётнинг гўзал, фаровон, мазмунли бўлишига, жамият тараққиёти, юрт ободлигига ҳисса қўшиш. Хайрли ниятларини Аллоҳнинг неъматларидан бири – сўз воситасида одамларга “юқтира” олса, ижодкор албатта, бахтли бўлади-да!

Яқинда пойтахтимизнинг муҳташам Анжуманлар саройида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарлари, дин арбоблари, "Нуроний" ва "Маҳалла" жамғармалари, Хотин-қизлар қўмитаси, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоллари, ҳокимликлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, илм-фан ва маданият намояндалари, исломий таълим муассасалари мутасаддилари ва талабалари, жамоатчилик вакиллари иштирокида "Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби" мавзусида бўлиб ўтган катта анжуманда сўзлаган нутқида Президентимиз Шавкат Мирзиёев бир қатор муҳим масалалар юзасидан фикр билдириб, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Ҳидоят” журнали ва “Ислом нури” газетаси,  “Ўзбекистон” телеканали орқали бериладиган “Ҳидоят сари” маърифий дастури ва “Зиё” студияси кўрсатувлари ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтганлари, ўйлаймизки, бу нашр ва дастурларнинг ҳаётимиздаги ўрнини эътироф этиш, шу билан бирга, улар олдига қўйилган вазифалар қанчалар масъулиятли эканини таъкидлашдир. Юртбошимиз таклифлари билан мамлакатимизда маърифий йўналишдаги нашрларга берилган имтиёзларни “Ҳидоят” журнали ва “Ислом нури” газетаси  учун ҳам жорий этиб, уларга ҳам солиқ ва мажбурий ижтимоий тўловлар бўйича белгиланган имтиёзлар берилиши, шубҳасиз, “Мовароуннаҳр” нашриётини моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашдир, унда тайёрланадиган нашрларнинг сифатли, мазмунли бўлиши учун янги имкониятлар очади. 

Юртбошимиз юксак минбардан эътироф этиб, меҳнат ва ижодимизга кўрсатган эътибор, ғамхўрликлари кўнглимизни тоғдек кўтарди. Бу воқеа муборак Рамазон ҳайити, Республика оммавий ахборот воситалари ходимларининг анъанавий байрами арафасида бизга унутилмас совға бўлди.  Бундай эҳтиром, ишончни мамлакатимиз ва жаҳондаги  воқеа-ҳодисаларни зийрак нигоҳ билан кузатиб, уйғоқ қалб ҳис этиб, самимий ва холис сўзда халқимизга етказиш билан оқламоқ ниятимизни Аллоҳ қўллаб-қувватласин.

“МОВАРОУННАҲР” нашриёти

 

Read 6362 times

Мақолалар

Top