Мақолалар

Тинч ва осойишта юртда яшаш — бебаҳо неъмат

Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолиси халқчил ислоҳотларга хайрихоҳлик ва қатъий ишонч билан қараб, бу ўзгаришларнинг самарасидан хурсанд бўляпти. Аҳоли фаровонлиги, халқ розилиги ҳар қачонгидан ҳам долзарб масалага айланди.

Давлатимиз томонидан 2022­2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ишлаб чиқилди. Шу асосда “Инсон қадри учун” деган улуғвор ғояни амалга ошириш вазифа қилиб белгиланди.

“Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш — одамийликнинг энг олий мезонидир” шиори остида кечаётган хайрли ислоҳотлар ижобий натижаларини бераётганини ҳар қадамда кўряпмиз. Аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш, таълим, маданият, илм-фан, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, кексаларни эъзозлаш, ёшларга оид давлат сиёсати, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш каби қатор масалаларда юксак ютуқлар қўлга киритилди. Иқтисод ҳам, маънавият ҳам, юртимиз равнақи ҳам кенг кўламда ривож топди. Тараққиётимизнинг янги даврида инсонларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқини таъминлашга эътибор кучайди.

Соҳада мутахассис кадрлар захирасини яратиш мақсадида Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми олий мактаби, 10 та ўрта махсус ислом билим юрти, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолият кўрсатяпти. Уларда ҳадис, калом, фиқҳ ва тасаввуф сирлари ўргатилаётгани бу борадаги ишлар кўлами нечоғлиқ кенг эканидан далолат бериб турибди.

Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказига тамал тоши қўйилди. Марказ ўз ғояси ва аҳамиятига кўра бетакрор лойиҳа бўлиб, ислом динининг илмий-маънавий бойлиги, бунёдкорлик салоҳиятини намойиш этишга қаратилган. Муҳим жиҳати, у халқнинг бунёдкорлик қудрати жўш урган ҳозирги замонда Учинчи Ренессанснинг илмий-маънавий пойдеворини мустаҳкамлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, мамлакатнинг ислом цивилизациясини ривожлантириш борасидаги ролини янада оширади ҳамда буюк алломаларнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасини миллий ва халқаро миқёсда оммалаштиради.

Марказ “Учинчи Ренессанс — Янги Ўзбекистон” ғоясини кенг тарғиб қилувчи, мамлакат тарихининг янги юксалиш давридаги ютуқларини илмий асосда ўрганувчи, уни кенг жамоатчиликка етказиб берувчи, моддий-маданий мерос намуналарини, ислом дини билан боғлиқ қадимий ва бой анъаналарни тарғиб қилувчи илмий-маърифий билим масканидир.

Юртимизда биринчи ва иккинчи Ренессансларга сабабчи бўлган буюк алломаларимизнинг муборак номлари абадийлаштирилди. Шунингдек, илк бор Президентимиз ташаббуси билан “Имом Бухорий” ордени таъсис этилди.

Алломаларнинг илмий меросларини тадқиқ қилишга кенг эътибор қаратилмоқда. Сўзимизнинг далили сифатида сўнгги йилларда Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий, Ҳаким Термизий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд, Сузук ота каби алломаларимиз номлари билан боғлиқ қадамжолар, зиёратгоҳлар тарихда кузатилмаган даражада гўзал лойиҳалар билан ободонлаштирилганини келтириш мумкин.

Биргина Наманган вилоятидаги Султон Увайс Қараний масжид-мажмуасининг янги биноси очилиши, Исҳоқхон Ибрат номидаги музей, илмий мактаб ва боғ барпо қилиниши ҳамда Ўн бир Аҳмад зиёратгоҳи қайтадан бунёд этилиши юртдошларимизнинг қувончига янада қувонч қўшди.

Мўмин-мусулмонларнинг умра ва ҳаж зиёратларини адо этиши учун қулай шарт-шароитлар яратилди. 2017 йилда зиёратчилар кўрсаткичи 7200 нафарни ташкил этган бўлса, бу йил рақамлар салмоғи анча ортган. Қарийб 12 минг юртдошимиз ҳаж қилишга мушарраф бўлди.

Абдулҳай ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилояти вакили,
Наманган вилояти бош имом-хатиби
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2022 йил 28 август, 176(698) сон
Read 1503 times

Мақолалар

Top