Мақолалар

Самарқандда эзгулик сари яна бир қадам

 

Алҳамдулиллаҳ, вассолату вассаламу ала росулиллаҳ. Аммо баъд:

Барчаларимизга маълумки қўҳна Самарқанд бугун Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларига мезбонлик қилмоқда.  Нафақат ташкилотга аъзо давлатлар, балки кўплаб кузатувчи давлатлар вакилларига ҳам мезбонлик қилмоқда. Барча жароёнлар тезлашган бугунлик кунимизда, дунёнинг турли нуқталарида давом этаётган қуролли можаролар, савдо ва инвестиция оқимларини издан чиқариб, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш борасидаги муаммоларини янада кескинлаштирмоқда ҳамда  давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончнинг йўқолишига сабаб бўлмоқда. Бунинг оқибатлари нафақат саноқли давлатлар, балки бутун дунё аҳолисига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмасдан қолмайди.

Ишонч ва тинчлик бўлмаган жойда, ҳеч қандай ҳамкорлик ҳам, ривожланиш ҳам, ўсиш ҳам бўлмайди.  Самарқандимиз бугун катта ижобий натижалар кутилаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитига мезбон бўлиб турибди. Бугунги кунга келиб Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ҳамжамияти – улкан географик маконни қамраб олган ва сайёрамиз аҳолисининг қарийб ярмини бирлаштирган, дунёдаги энг йирик минтақавий ташкилот саналади. Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг бўлажак саммитида қабул қилинадиган қарорлар минтақавий даражада ҳам, глобал миқёсда ҳам мулоқот, ўзаро англашув
ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшади.

Барча халқлар учун энг долзарб ва бирламчи масала бўлган тинчлик масаласи,  улардан бошқа озиқ овқат, энергетика, ўзаро товар айрибошлаш, ҳамкорлик каби муҳим  масалалар мазкур йиғилишда муҳокама қилинади. Юртбоши таъкидлаганларидек: “Тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга хавф туғдираётган, ҳар қайси мамлакатга раҳна соладиган таҳдид ва хатарларга қарши умумий саъй-ҳаракат ва имкониятларни бирлаштириш ва сафарбар этиш барчамиз учун бирдек манфаатлидир”.

Тинчликнинг қадрига етмоқ, уни асраб авайламоқ бизнинг зиммамиздаги бурчимиздир. Бу барча пайғамбарларнинг суннатидир. Қуръони каримда Иброҳим (а.с.)нинг Макка ҳақига қилган дуоларида бунинг тасдиғини кўрамиз.  У оятда Маккага тинчлик ва унинг аҳлига ризқ сўраганликлари зикр қилинган. Бу ҳақда шундай дейилади:

وَإِذْ قَالَ إِبْرَاهِيمُ رَبِّ اجْعَلْ هَذَا بَلَدًا آمِنًا وَارْزُقْ أَهْلَهُ مِنَ الثَّمَرَاتِ مَنْ آمَنَ مِنْهُمْ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ

“Эслaнг: Ибрoҳим: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин” (Бақара;126)

Ўша пайтда ҳам Макка шаҳри тинч эди. Тинч бўлиб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш “шу жойда тинчлик бардавом бўлсин” дейишни ифодалайди. Демак, тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш мақсадга мувофиқ амаллардан экан. Шу билан бирга, оятда аввал тинчлик, сўнгра ризқ сўралганидан тинчликнинг ризқдан-да муҳимроқ, улуғроқ неъмат эканлиги маълум бўлади.

Ҳар бир инсоннинг яшаётган ватани тинч бўлса, яшаш учун энг қулай маскан ҳисобланади.  Демак, ҳар бир жон, у ким бўлишидан қатъий назар, қайси касб, қандай мартаба, қанча обрўли бўлмасин, тинчликда ҳаёт кечиришга муҳтождир. Чунки хавфсираган кишининг кечаси хотиржам ўтмайди, тонгини хотиржам кута олмайди ва хотиржам яшай олмайди. Доим қалби қалқиб, безовта бўлади. Ўз моли, жони, оиласи ва касбидан хавфсираб юради.

Бундан ташқари, берилган неъматларга шукр қилиш ҳам ўша неъматнинг бардавом бўлишини таъминлайди. Аллоҳ таоло Қуръон Каримда шундай марҳамат қилади:

مَا يَفْعَلُ اللَّهُ بِعَذَابِكُمْ إِنْ شَكَرْتُمْ وَآمَنْتُمْ وَكَانَ اللَّهُ شَاكِرًا عَلِيمًا

“Агар шукр қилсангиз ва имон келтирсангиз, Аллоҳ сизларни азоблаб нима ҳам қилади?! Аллоҳ шукрни қабул этувчи ва билувчи зотдир.” (Нисо;147)

Демак, иймон ва шукр тинч ҳаёт учун асосий омиллардан экан. Бу неъматни сақлашни истасак, доим тинч ва хотиржам ҳаёт кечирайлик десак, Раббимизга иймон келтириб, ана шу иймон тақозо қилган ишлар яъни Аллоҳ таоло буюрган амалларни бажариб, У қайтарганлардан қаймоғимиз лозим бўлади.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси тасарруфидаги барча масжидлар ва таълим муассасаларида Қуръон Карим ва Жомеъ ас Саҳиҳ китобларининг хатми амалга оширилмоқда. Зеро Аллоҳнинг оятлари ва Пайғамбаримиз (сав) ҳадислари ўқилган юртда хайр баракалар ва яхшиликлар нозил бўлади. Аллоҳ таоло мана шу анжуманни ҳам бутун дунё халқлари учун тинчлик, хотиржамлик ва яхшиликка сабаб бўладиган, юртимиз шарафини янада юксалтирадиган анжуман бўлишини насиб қилсин. Ва ахиру даъвана анил ҳамдулиллаҳи роббил аламийн!

                          Ҳадис илми мактаби ректори 

Олимхон ЮСУПОВ

                                                                                         15.09.2022 йил

Read 1384 times

Мақолалар

Top