Мақолалар

Инсон – ҳаёт гултожи

Аллоҳ таоло инсонни барча маҳлуқотлар ичида энг улуғи ва афзали қилиб яратган.

 Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:  

   “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”. (Исро сураси 70-оят).

Демак, инсоннинг ёши ҳам, қариси ҳам; эркаги ҳам, аёли ҳам Аллоҳ таоло ўзи азиз ва мукаррам қилган зотлардандир.

  Аллоҳ таоло  инсонни азиз ва мукаррам қилиши билан уни ўзининг ер юзидаги ўринбосари қилиб қўйди.

  Бу ҳақида Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Эсла, вақтики Роббинг фаришталарга: «Мен (одамни) ер юзида халифа қилмоқчиман», – деди» (30-оят)

Демак,  Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Одамни ер юзида ўзининг халифаси -ўринбосари бўлишини ирода қилган.

Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида: “Мўмин киши Аллоҳ таоло наздида фаришталардан ҳам мукаррам ва афзалдир” – деган эканлар. Бу ҳадиснинг шарҳида шундай дейилади,  “Фаришталарни Аллоҳ таоло фақат тоат-ибодат ва баъзи махсус вазифаларни адо этиш учунгина яратган. Шунинг учун уларда ақл бору, лекин нафсу шаҳват йўқ. Ҳайвонотда эса, нафсу  шаҳват бору, лекин ақл йўқ. Аммо одамзодда ақл ҳам бор, нафсу шаҳват ҳам бор. Ақл уни тўғри йўлга, савобли ишларга бошласа, нафсу шаҳват фақат нафсни қондириш, шаҳвоний ҳирсни қониқтиришга ва бунинг учун ҳар қандай гуноҳу маъсият ишларидан қайтмасликка бошлайди. Агар инсоннинг ақли нафсу шаҳватидан ғолиб келиб, унинг амрига мувофиқ ҳаракат қилса, демак у фаришталардан ҳам улуғ мақомда юрган бўлади.  Бордию нафсу шаҳвати ақлидан ғолиб келиб, уларнинг амрига мувофиқ ҳаракат қилса, демак у ҳайвонлардан ҳам паст мартабада қолган бўлади.”

Аллоҳ таоло инсонни ўзи яратиб, уни ўз ихтиёрига ташлаб қўймади , балки инсонни ўзига ибодат , солиҳ амаллар қилиш ҳамда инсонларни бир бирларига яхшиликлар қилишга буюди.

 Бу ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг  “Зориёт” сурасида шундай марҳамат қилади:  

«Жин ва инсни фақатгина Менга ибодат қилишлари учун яратдим.» (56--оят).

Одамлар ва жинларнинг яратилишидан ягона мақсад уларнинг Аллоҳга ибодат қилишлари экан.

«Ибодат» сўзи араб тилида бўйсуниш, ўзини паст тутиш, итоат этиш ва амрни бажариш маъноларини англатади. Демак, ҳар бир ишда Аллоҳга бўйсуниш, итоат қилиш, Аллоҳнинг амрларини бажариш, ҳузурида ўзини паст олиш Аллоҳга ибодат қилишни англатар экан.

 Солиҳ амал қилиш - кишини икки дунёда ёқимли ҳаёт кечириш бахт- саодатига сабаб бўлади . Аллоҳ таоло бу хақда шундай марҳамат қилади:  "эркакми ёки аёлми— кимда ким мўмин бўлган ҳолида бирор эзгу иш қилса , бас , биз унга ёқимли ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз." ( Наҳл сураси 97- оят ) . 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳадиси шарифларида ўз умматларига уларнинг бир-бирларидаги ҳақларини ўргатдилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи олтитадир», дедилар.

«Улар қайсилар, эй Аллоҳнинг Расули!? » дейилди.

«Қачон учратсанг, унга салом беришинг, қачон сени даъват (таклиф) қилса, унга ижобат қилишинг, қачон сендан насиҳат сўраса, унга насиҳат қилишинг, қачон акса урса ва Аллоҳга ҳамд айтса, унга яхшилик тилашинг, қачон бемор бўлса, уни бориб, кўришинг ва қачон вафот этса, жаноза намозида ҳозир бўлишинг », дедилар».

Шундай экан, ҳар бир инсон буни ҳис қилиб , Аллоҳ таоло азиз қилган инсонларни ҳурмат қилиши, яна ўз қадрини билиши, Аллоҳ таолога кўп шукроналар қилиб, унинг буйруқларини бажариб  яшаши лозимдир.

Айни кунларда жаннатмакон Ватанимизда инсон омилига бўлган эътибор ва ғамхўрлик янги босқичга кўтарилди. Ҳурмат-эътибор, меҳр-мурувват, икром-эъзоз борасида эса асрларга тенг ўзгаришларга эга бўлинмоқда. Бунга кейинги йиллардаги мамлакатимизда инсон ва унинг қадр-қимматини юксалтириш борасида очиқлик ҳамда шаффофликка асосланган ислоҳотлар амалга оширилаётгани яққол мисол бўла олади. Хусусан, аҳолининг кам таъминланган қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар кўлами кун сайин кенгайиб бормоқда. Яна шуни таъкидлаш ўринлики, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг  Ўзбекистонимизда олиб бораётган тарихий аҳамиятга молик   ислоҳотларии қаторида, Инсон ҳуқуқлари кафолатлари кучайтирилди, мажбурий меҳнат, шу жумладан, болалар меҳнати тугатилганлигини алоҳида айтиб ўтиш жоиз.

Ажойиб юртда, тинчлик-омонликда яшаяпмиз. Кўз тегмасин, бунга ҳар қанча шукрона қилсак арзийди. Аввало, инсон қадри улуғ. Давлатимиз кексаю ёшга бирдек эътиборда.Бугунги кунда «Инсон манфаатлари — ҳамма нарсадан устун» тамойиллари асосида фуқароларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, ҳуқуқий ва қонуний манфаатлари таъминланаётгани Янги Ўзбекистонимизда кейинги йилларда олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсати дунё ҳамжамиятида эътироф этилаётгани барчамизни бирдай қувонтиради ва барчамизнинг ғайратимизга ғайрат, шижоат қўшади.

Тошкент шаҳар Чилонзор тумани “Бўта бува” масжиди имом хатиби Мирсодиқов З.

 

Read 1689 times

Мақолалар

Top