Мақолалар

Саҳобалар розияллоҳу анҳум томонидан тўпланган ҳадис тўпламлари (17-қисм)

Юқорида сўз юритилганидек Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга ҳадисларни ёзишга изн берибгина қолмай, уларни ундаганлар ҳам. Саҳобалар шу сабабли кўп ҳадисларни ёздилар ва ҳатто ёзганларини китоб шаклига келтирдилар. Қуйида булар ҳақида айрим намуналарни келтирамиз. 

АБУ ҲУРАЙРА РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУНИНГ ҚЎЛЁЗМАСИ

Маълумки, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис ривоят қилишда бошқа барча саҳобалардан ўзиб кетган. Унинг ривоят қилган ҳадислари сони 5374 та эканига иттифоқ қилинган.

Бунинг сабаби шуки, Исломни қабул қилгандан сўнг унинг асосий мақсади Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам ҳадисларини ўрганиб, уларни сақлаш бўлди. Бошқа машҳур саҳобалар каби ўзини иқтисодий юмушлар билан машғул қилмади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларини эшитиш ва у зот атрофида содир бўлаётган ҳар бир воқеадан хабардор бўлиш учун доимо у зотнинг масжидларида қоларди. Оч қолса ҳам, хатто бу очлик уни ўлимга олиб келиши мумкин бўлган ҳолларда ҳам танлаган вазифасидан воз кечмади.

Унинг ҳадисларни ёзувли ҳолда сақлагани борасида аниқ маълумотлар учрайди. Унинг талабаларидан бири Ҳасан ибн Амрнинг хабар беришича, бир марта Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу уни ўз уйига олиб боради ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларини ёзиб қўйган “куплаб китоблар”ини кўрсатади.

Бундан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳадисларни ёзиб қўйган қўлёзмалари бўлгани маълум бўлади. Қолаверса, унинг кўплаб шогирдлари унинг ривоятларини ўша қўлёзмалардан ёзиб олишган. 

АБДУЛЛОҲ ИБН АМР РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУНИНГ ҚЎЛЁЗМАСИ

Абдуллоҳ ибн Амр ҳадисларни ёзиб олиш учун Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламдан кўрсатма олганлари ҳақида юқорида таъкидлаб ўтилди. Шу сабабли, саҳоба катта нусхада ҳадислар жамлади ва унинг номини “Ас-Саҳифа ас-Содиқа” (Тўғри саҳифа) деб номлади. Абдуллоҳ ибн Амр бу саҳифаларни жуда эҳтиёт қиларди. Унинг севимли шогирдларидан бири Мужоҳид бундай дейди: Устозим Абдуллоҳ ибн Амрнинг олдига бордим ва унинг ёстиғи остида турган қўлёзмани олдим. Уни мени унга тегишдан қайтарди. Мен:“Илгари мендан ҳеч нарсани беркитмас эдингиз, дедим. У бундай жавоб берди:

هذه الصادقة ما سمعت من رسول الله ﷺ ليس بيني و بينه أحد. إذا سلمت لي هذه و كتاب الله و الوهظ فلا أبالي على ما كانت عليه الدنيا

Бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганим “Ас-саҳифа ас-содиқа”дир. Мен ва у зотнинг орасида бошқа ҳеч қандай ровийлар йўқдир. Бу саҳифа, Аллоҳнинг Китоби ва Аллоҳнинг Ери хавфсизликда бўлса дунёдаги бошқа ҳеч бир нарса билан ишим бўлмайди[1].

Бу саҳифалар кейинроқ унинг фарзандларида қолди. Унинг жияни Амр ибн Шуайб ундаги ҳадислардан дарс берарди. Яҳё ибн Маъин ва Али ибн ал-Маданий айтади: "Бирорта ҳадис тўпламларида Амр ибн Шуъайбдан ривоят қилинган ҳадис бўлса, у албатта “Ас-саҳифа ас-содиқа” қўлёзмасидан олинган бўлади[2]. Ибн ал-Асир ушбу саҳифада мингта ҳадис жамланганини айтган[3]. 

АНАС ИБН МОЛИК РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУНИНГ ҚЎЛЁЗМАСИ

Анас ибн Молик Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёзувни пухта биладиган саҳобаларидан бири эди. Онаси уни ўн ёшида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бориб, хизматларига топширган. У ўн йил давомида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларида бўлди. Бу вақт мобайнида жуда кўп ҳадислар эшитди ва уларни ёзиб олди. Унинг ўқувчиларидан бири Саид ибн Ҳилол бундай дейди:

“Биз Анас ибн Моликдан кўп илтимос қилганимиздан айрим ёзув дафтарларини кўрсатиб: “Буларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганман, уларни ёзиб қўйганман ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга тасдиқлатиш учун кўрсатганман”, деган[4].

Демак, Анас розияллоҳу анҳу фақатгина ҳадисларни ёзмай, балки уларни тасдиқлаш учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатиб ҳам олганлар. 

ҲАЗРАТ АЛИ РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУНИНГ ҚЎЛЁЗМАСИ

Маълумки, Ҳазрат Али розияллоҳу анҳуда ҳам ҳадис тўплами бўлган. У зот бундай деганлар:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръони карим ва бу саҳифа ўз ичига олганлардан бошқа ҳеч нарса ёзмадим”.

Имом Бухорий “Саҳиҳ” асарининг олти ерида бу саҳифани зикр этади. Бу қўлёзма тадқиқ этилса, у катта ҳажда бўлгани, унда қасос, хун, фидя, Ислом давлатида мусулмон бўлмаганларнинг ҳақлари, мерос илмининг айрим муҳим қисмлари, турли ёшдаги туяларнинг закот нисоби ва Мадина шаҳрининг муқаддаслиги ҳақидаги ҳадисларни ўз ичга олганини билиш мумкин.

Бу саҳифа Пайғамабаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик вақтларида ёзилган. Али розияллоҳу анҳу ҳукмронлик қилган кунларида, исломий илм чегараларини кенгайтириш ва одамларни тўғри йўлдан адаштирувчи фитначилардан огоҳ этиш учун ҳадисни одамлар орасида тарқатиш кераклигини тушундилар. Машҳур тарихчи Ибн Саъд айтади: "Али розияллоҳу анҳу масжидда ўрнидан туриб маъруза қилди. Сўнг инсонлардан бир савол сўради:

من يشترى علما بدرهم

“Бир дирҳам эвазига ким илм сотиб олишни истайди?”.

Яъни, ҳадис ўрганмоқчи бўлганлар бир дирҳамга ёзув қоғозини сотиб олсин ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларини ёзиб олиш учун унинг олдига келсин.

Ривоят қилинишича, Ҳарис ал-Авар Ҳазрат Али розияллоҳу анҳунинг ҳузурига бир қанча қоғоз олиб боради ва Али розияллоҳу анҳу унга кўп илмлар ёзиб берадилар.

Маълумот ўрнида, Исломнинг илк йилларида “илм” сўзи фақатгина ҳадис илми учун ишлатилган[5]

ЖОБИР ИБН АБДУЛЛОҲ РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ ҚЎЛЁЗМАСИ

Жобир ибн Абдуллоҳ – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўп ҳадис ривоят қилган саҳобалардан бири. Эшитган ҳадисларини икки тўпламга жамлаган.

Улардан бири Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўнгги бор қилган ҳаж ибодатлари ҳақидаги тўплам саналади. Ушбу ҳажнинг тўлиқ, батафсил тафсилотлари Имом Муслимнинг "Саҳиҳ"ида келтирилган[6].

Иккинчи тўпламда турли мавзуларга оид ҳадисларни ўз ичига олган. Жобирнинг шогирди Қатода бундай дейди:

“Мен Жобирнинг саҳифа (қўлёзма)сини Қуръони каримнинг Бақара сурасидан кўра яхшироқ ёддан биламан”[7].

Абдураззоқнинг "Мусаннаф" асарида бу саҳифалардан олинган ҳадислар ишора қилинган шаклда келтирилади[8].

 

АБДУЛЛОҲ ИБН АББОС РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУНИНГ ҚЎЛЁЗМАСИ

Ибн Аббос Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиваччалари эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида ҳали жуда ёш бола эди. Ҳадисларни сақлаш мақсадида у бошқа саҳобалардан тинганлари билан бирга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганларини ҳам тўплади. Агар бирор саҳобанинг ҳадис билишини эшитса дарҳол унинг олдига борарди. У эшитган ҳадисларининг барчасини тўплади. Улар ҳатто туяга юк бўладиган даражада жуда кўп эди. Бу саҳифалар унинг талабаси Курайбда қолди. Бу ҳақда тарихчи Мусо ибн Уқба бундай ёзади:

“Курайб бизга Ибн Аббоснинг бир туя келадиган китобларини қолдирди. Али ибн Абдуллоҳ ибн Аббос бу китобларнинг бирортасига эҳтиёж сезса, Курайбга бундай ёзарди: “Менга шу, шу китобларни юбор”. У эса сўралган китобдан нусха олар ва иккисидан бирини унга жўнатар эди”.

Ибн Аббоснинг шогирдлари бу саҳифалардан нусха кўчирар ва уларнинг тўғрилигини тасдиқлаш учун Ибн Аббосга ўқиб беришар эди. Баъзан Ибн Аббос ўқувчиларига ҳадисларни айтиб берар ва ўқувчилари уни ёзиб олишарди.

Ушбу мисоллар ҳадисларни тўплаш борасида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларининг саъй-ҳаракатларининг бир намунасидир. Биз бу каби мисолларнинг муфассал тадқиқотини олиб боришни мақсад қилмаганмиз. Аммо бошқа китобларга мурожаат қилиш мумкин. Бизнинг мақсадимиз фақатгина баъзи бир намуналарни келтириш билан чекланиш. Бу аниқ намуналар “Ҳадислар пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалари даврларида ёзилмаган”, деган ёлғон бир иддаони йўққа чиқариш учун кифоя қилади.

 

[1] Жомеъ баянул илм. Ж. 1. – Б. 72; Асадул ғоба фий маърифати саҳоба. Ж. 3. – Б. 233-234.

[2] Таҳзиб ат-таҳзиб. – Б. 49.

[3] Асадул ғоба фий маърифати саҳоба. Ж. 3. – Б. 233.

[4] Имом Ҳоким. Мустадрак. –Б. 573-574.

[5] Ибн Саъд. Табақот. Ж.5. – Б. 169.

 

[6] Қаранг: Саҳиҳ Муслим. Китаб ал-ҳаж. – Б. 294.

[7] Таҳзиб ат-таҳзиб. Ж. 8. – Б. 353.

[8] Абдураззоқ. Мусаннаф. Ж. 11.

 

Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг

"Ислом шариатида суннатнинг ўрни" китобидан

Таржимон: Даврон НУРМУҲАММАД

 

1-қисм2-қисм3-қисм4-қисм, 5-қисм, 6-қисм, 7-қисм8-қисм9-қисм10-қисм11-қисм12-қисм13-қисм14-қисм15-қисм, 16-қисм Давоми бор...

Read 1674 times

Мақолалар

Top