Мақолалар

Устоз, аллома, шайх Юсуф Қаразовий раҳимаҳуллоҳни хотиралаб

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг энг яхшиларингиз умри узун ва амали гўзал бўлганидир” деганлар.
Роббисининг розилиги ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйиш ва тирилтиришга ҳамда умматни фитналардан узоқ қилиб, уларни ислоҳ қилишга умрини бағшида қилган, шиори: “Осон қилинглар, қийинлаштирманглар. Башорат беринглар, нафратлантирманглар” бўлган буюк мужтаҳид олим Шайх Юсуф Қаразовий ҳам Суйганларининг ҳузурига кетди.
Ўзидан фойдали илмлар, ортидан дуолар ва қилган ишларини давом эттирадиган солиҳ фарзандлар ва то қиёмат савоби бориб турадиган садақаи жорияларни қолдириб, охират роҳатига жўнаб кетти.
У зот билганидек билмаганлар ва тушунганидек тушунмаганлар чиқарган фатволарию, хулосалари сабаб қанчалик тош отмасинлар, фитна қилмасинлар “агар улар мен билгандек билганларида эди”, дея кечириб, амалларининг мукофотини олгани кетди.
Камина устознинг бир қанча китобларини мутолаа қилар эканман, ҳақиқатда устоз Аллоҳ таолонинг суюкли бандаси эканлигини англаб етганман.
Аллоҳ таоло каминага устоздан рухсат сўраб, “ТАВАККУЛ” номли асарларини таржима қилиб, юртимиздаги мўмин-мусулмонларга етказиш неъматини насиб қилди.
“УСТОЗ” сизга хавасим келди. Чунки сиз “Сизларнинг энг яхшиларингиз умри узун ва амали гўзал бўлганидир” дейилган ҳадисдаги буюк неъматга эришдингиз.
“УСТОЗ” сизга хавасим келди. Чунки Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган, у зотга нубувват келган, Маккадан Мадинага ҳижрат қилган, у зот Мадинага кирган, ҳажарул асвадни кўтарган, Қуръондаги охирги оят нозил бўлган ва Роббисининг ҳузурига риҳлат қилган муборак душанба кунида сизнинг руҳингиз Роббисига қовушмоқда.
“УСТОЗ” сизга хавасим келди...
Аллоҳ таоло барча аҳли илмларга устознинг қолдирган асарларидан фойдаланишларини ва олган илмларини ўзгаларга етказиб, уларни ҳам ҳидоятига сабаб бўлишларини насиб қилсин. Биз фақир бандаларига эса сиз каби баракали умр ва манфаъатли илмларни ато қилсин.
Устоз Аллоҳ таоло жаннатда сиз билан кўришишни насиб қилсин.

 Яҳё домла Убайдуллоҳ ўғли,
“Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби.

Read 1635 times

Мақолалар

Top