Мақолалар

Сажда – Раббимизга қурбат, танамизга даво

Бугун Рамазон байрамининг учинчи куни. Фараҳли саҳарликлар, шодиёна ифторликлар, тароватли таровеҳлар, хамтлар, қадр кечалари, дуолар,.. ўн бир ойда қайтиш шарти билан биздан узоқлашди. Ваъдалашган вақтда  Рамазон-ку қайтади. Аммо биз-чи, муборак ойни кейинги йилда ҳам кутиб олиш қай бирларимизга насиб этади. Раббимиз ўша кунга сафимизни камайтирмасин, иншааллоҳ! дея  доимо қўлимизни дуога очиб ёлвориб турибмиз.

Не бахтки, шундай ажойиб ойдан биз мискин бандалар ҳам насибамизни олиб қолайлик деган илинжда саъй-ҳаракатлар қилдик, камини меҳрибон Парвардигоримизнинг Ўзи тўлдирсин.

Савобталаб кишиларимиз Шаввол ойида ҳам олти кун рўза тутиб қўйиш ниятида шу кунларда ниятли бўлиб юрибди. Аллоҳ зиёда қилсин!

 Парвардигоримизнинг меҳрибончилигини қарангки, бизга буюрган ибодатлари эвазига икки дунёмиз учун саодат бериш билан бирга, танамизга ҳам сиҳат етказиб қўйибди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига ўз суннатлари ила ана шу фойдаларни янада зиёда қилганлар.

Рўза тутиш ва таровеҳ намозини ўқишнинг фойдалари ҳақида Рамазон ойида анча нарсани ўрганиб олдик. Ҳурмати баланд олимларимиз Шаввол ойининг рўзаси ҳақида ҳам тушунчалар бердилар. Биз эса ушбу мўъжаз машқимизда намозимиздаги муҳим нуқта – сажда ҳақида сўз юритиб сиз билан имонлашмоқни ният қилдик.

Сажда бу – намоз ўқиётган банданинг Аллоҳ таолога энг яқин бўлган вақти. Саждага борганда биз ерга яқинлашгандек бўлсак-да, аслида Раббимизнинг раҳматига ва мағфиратига яқинлашган бўламиз. Аллоҳнинг раҳмати қамраб олувчидир. Шу жиҳатдан, олдинроқ айтганимиздек, намоздан асосий мақсад руҳият билан боғлиқ ҳодиса бўлса-да, бундан инсоннинг танасининг саломатлиги учун ҳам жуда кўп фойдалар бор. Ҳадисларда “Намоз – барча хасталиклар давосидир”; “Банда саждага борган вақтида Аллоҳга энг яқин келган бўлади”, дейилган.

Қуръони каримда сажда ҳақида: “Эй имон келтирганлар! Рукуъ қилингиз, сажда қилингиз ва Раббингизга ибодат қилиб эзгу иш қилингиз – шоядки нажот топсангиз!” (Ҳаж сурасининг 77-ояти). “...Бас, кимки Парвардигори билан мулоқотда бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда эзгу амал қилсин ва Парвардигорига ибодат қилишда ҳеч кимни (Унга) шерик қилмасин!” (Каҳф сурасининг 110-ояти), деб марҳамат қилинган.

Саждага бепарво бўлмасликнинг қанчалик муҳим экани ҳадиси шарифда қуйидагича таъкидланган: “Аллоҳ таоло банданинг руку ва саждаси комил бўлмаган намозига боқмайди” (Имом Аҳмад ривояти). “Агар инсон намозининг руку ва саждасини жойига келтирса, намоз ўша одамга: “Сен мени асраганинг каби Аллоҳ ҳам сени асрасин!”, дейди. Кейин намоз юқорига олиб чиқиб кетилади (қабул бўлади). Агар одам намозда руку ва саждани жой қўя олмаса, намоз унга: “Сен мени вайрон қилганинг каби Аллоҳ ҳам сени вайрон қилсин”, дейди. Кейин намоз латтага ўхшатиб ғижимланиб ўша одамнинг бетига қараб отиб юборилади”. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи  васаллам: “Руку ва саждани мукаммал қилинг. Энг бемаза ўғри бу – ўзининг намозига ўғрилик қиладиган ўғридир”, дедилар. Саҳобалар: “Ё Аллоҳнинг Расули намоздан нимани ўғирлаш мумкин?”, деб сўрадилар. Расули Акрам: “Қачонки одам намоз ўқиганда руку ва саждасини ўрнига келтирмаса, ана ўша унинг ўғирлиги бўлади”, дедилар.

Инсон саждага борган вақтида хавотир ва сиқилишлардан енгил тортиб тинчланади. Шу ҳолатида  хотиржамлик ва осойишталикни ҳис қилади.  Сажда – инсоннинг мияси юрагидан пастга келадиган ажойиб ҳолати. Шу вазиятда мияга қон ва кислород одатдагидан кўпроқ келиб, мия зарурий моддалар билан тўйинади. Натижада хотира, кўриш ва эшитиш қобилияти кучаяди ҳамда бошқа қобилиятлар эшиги очилади. Ҳар доим намоз ўқиб юрган кишиларнинг иродаси мустаҳкам бўлади. Уларнинг руҳий касалликларга ва бош оғриқларига қарши иммунитети кучли бўлади. Саждага бориш бўйин мушаклари учун ёқимли ва фойдали машқ ҳисобланади. Сиз сажда ҳрлатида, айниқса, саждадан бош кўтарганда бўйин мушакларингизнинг зўриққандек бўлганини ҳис қиласиз. Намозхонлар бўйин қисмидаги миалгия (мушаклар уюшиши) ёки бўйин спондилезасидан (суякларнинг нотўғри ривожланиши) камроқ азият чекади. Чунки намоздаги доимий машқлар натижасида бўйин мушаклари кучли ва қувватли бўлади.

Саждага бориш ва ундан туриш белдаги мушакларни ҳам мустаҳкам қилади. Шу боисдан муттасил намоз ўқиб юрадиган кишиларда бел оғриғи бошқаларга нисбатан камроқ учрайди.

Сажда – инсоннинг танасида пайдо бўладиган электромагнит нурланишни камайтирувчи жуда яхши восита. Олимлар ернинг тортиш кучи инсон саждага борган вақтда унинг танасидаги жамики нур ва тўлқинларни тортиб олишини аниқлади. Мусулмонлар бир кунги намозларида 64 марта саждага боради. Бунинг ҳар бири уларга хурсандчилик, саломатлик, хотиржамлик, энг муҳими, Аллоҳ таолога  яқинлик туйғусини бахшида этади.

Донишманд оқсоқоллардан бири масжидга ҳар сафар намозга келганда бошқа-бошқа ерга ўтирар эди. У кишидан ҳадеб жойини алмаштираверишининг сабабини сўрашганида, “Қиёматда бошим саждага теккан жойлар гувоҳлик берганда улар кўпроқ бўлсин деган умидда шундаЙ қиляпман”, деб жавоб берган эди (Аллоҳ таоло раҳматига олган бўлсин). Унинг ана шу жавобининг ўзи ҳам сажда қилишнинг фойдаси жуда катта эканига далолат қилади.

Буюк Раббимиз барчамизнинг манглайимизни сажда нурлари билан мунаввар қилиб, имону ихлос ила қилган саждаларимиз шарофатидан икки дунёмизни обод айласин.

Дамин ЖУМАҚУЛ

Read 5618 times

Мақолалар

Top