Мақолалар

“Баракалла”да савоб бор

 “Баракалла”, дейиш миллатимиз орасида кенг тарқалган. Зеро, Биз шундай халқмизки, миллий ва диний қадриятларимиз чамбарчас боғланиб кетган. “Баракалла” ибораси ҳам айнан шундай одатларимиздан биридир. Чунки унинг келиб чиқиши айнан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига боғлиқ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга ким бирор яхшилик  қилса уни мукофотлангиз. Агар мукофотлашга бирор нарса тополмасангиз унинг ҳаққига дуо қилинг”, деганлар (Абу Довуд ривоят қилган). Яна бир ривоятда Оиша розияллоҳу анҳо бундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир қўй ҳадя қилинди. У зот менга: “Уни тарқатиб юборинг”, дедилар. Тарқатиб қайтган ходимадан ҳадяни олганлар нима деганларини сўрадим. У: “Аллоҳ сизга барака берсин”, дедилар, деди. Мен ҳам уларнинг ҳаққига “Аллоҳ уларга ҳам барака берсин”, деб улар каби дуо қилдим ва шу билан ҳадямиз беғараз бўлди”.

Демак, кимдандир яхшилик кўрсак уни мукофотлашимиз керак экан, агар бирор нарса тополмасак унинг ҳақига дуо қилишимиз зарур бўларкан. Қўни-қўшнилар бир-бирларига тансиқ овқат чиқарганда товоғига бошқа нарса солиб қайтариш одати ҳам ушбу ҳадисдан келиб чиққан.

“Баракалла” сўзи аслида арабча “Баарака Аллоҳу фикум” деган жумла бўлиб, маъноси “Аллоҳ сизларга барака берсин”, “Аллоҳ сизларга баракотли қилсин” каби маъноларни англатади.

Демак, бирор яхшилик қилган одамнинг ҳақига дуо қилишимиз Пайғамбаримизнинг юқоридаги сўзларидан, айнан “баракалла” дейишимиз эса саҳобаларнинг бир-бирлари ҳақларига қилган дуоларидан келиб чиққан экан.

Яхши иш қилган кишига “молодцы” демасдан, “баракалла” десак, бу билан ҳам урф-одатимизга ҳамда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига амал қилган бўламиз.

Ш.ЧЎЛПОНОВ,

Тошкент ислом институтининг “Тиллар” кафедраси ўқитувчиси

 

Read 7286 times

Мақолалар

Top