Мақолалар

Бахт сари 4 қадам
  1. Ҳаётингизни кимдир яхши томонга ўзгартирмайди.

Инсон ҳамиша ўзининг хатти-ҳаракати учун масъулдир. «Ҳар бир жон (инсон) фақат ўзи учун иш қилади. (Ҳеч бир) кўтарувчи (гуноҳкор) ўзга (жон)нинг юки (гуноҳи)ни кўтармайди» (Анъом, 164).

Инсон қалбидан ўтган кечинмаларни ўзидан ўзга ҳеч ким билмайди. Инсоннинг қанчалик бахтли бўлишида ўзининг ихтиёри ҳамда ҳаракати муҳим аҳамият касб этади. Роббимиз қилаётган амалларимиздаги ниятимизга кўра савоб ёки жазо беради. Аллоҳ таоло ҳар бир банданинг дунёда қилган савоб ва гуноҳ ишларини охиратда ҳисоб-китоб учун мукаммал ҳолда муҳайё қилади. «(Барчангиз) Аллоҳга қайтариладиган кундан (қиёматдан) қўрқингиз! Сўнгра ҳар бир жон (эгаси)га қилган амалларига яраша нарса (мукофот ёки жазо) берилур ва уларга адолатсизлик қилинмас» (Бақара, 281).

Шундай экан, кимдир келиб сизни бахт сари етаклашини кутманг, балки Аллоҳ берган неъматлардан унумли фойдаланиб, холис ниятлар билан солиҳ амалларга мушарраф этишини сўранг. Зеро, Аллоҳ сизга ҳам бу ёруғ оламга келиб, Ҳабиби Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг уммати бўлишдек улуғ неъматини ато этди.

  1. Ўша куннинг “йўли”га қараманг.

Савобли ишлар қилишда ҳали ёшман, ишим кўп, фарзандларнинг ташвишидан қутулиб олай, нафақага чиқиб олай, деб ўзингизга-ўзингиз таскин беришни тарк этинг.

«Бирор нарса ҳақида: Мен, албатта, эртага шуни қилувчиман, дея кўрманг!» (Каҳф, 23).

Умар ибн Абдулазиз (раҳматуллоҳи алайҳ) кўп ишлагани боис сал ҳорғин қўринганда яқинлари ачинганидан: “Бу ишингизни эртага қолдира қолинг”, дейишибди. Шунда у зот: “Бир куннинг иши оғир келмоқда-ку, икки куннинг иши тўпланиб қолса, қандай бажараман”, деб жавоб берган экан.

Аслида биз ҳамиша рўкач қиладиган муаммолар ёки ишларимизнинг кўплиги ўз вақтида бажарилмаган вазифаларнинг йиғиндисидир. Шундай экан, хайрли ишлар қилишга ҳозирданоқ бел боғланг. Ҳар бир кунни Аллоҳни рози қиладиган амаллар билан ўтказишга ҳаракат қилинг.

  1. Ҳамма бирдек яхши кўришига уринманг.

Ҳаммага ёқишга уриниш. Ожиз кишилар шундай йўл тутади. Лекин ақлли одамлар ҳаммага бирдек ёқишнинг иложи йўқлигини яхши билади.

Киши ўзини бошқалардан юқори тутиб, одамлар мақташлари учун ҳаракат қилса, инсонлар кўзига яхши кўринишга уринса, бу – ўта кетган манманликдир. Одамларнинг муҳаббатига эришишга ҳаракат қилгандан кўра, Аллоҳнинг севган бандаларидан бўлишга интилинг. Шунда одамларнинг ўзи сизга меҳр қўядилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар Аллоҳ бир бандани яхши кўриб қолса, Жаброил алайҳиссаломга: Аллоҳ фалончини яхши кўради, сен ҳам уни яхши кўр, дейди. Жаброил алайҳиссалом ҳам уни яхши кўради. Жаброил алайҳиссалом осмон аҳли орасида: Аллоҳ фалончини яхши кўради, сизлар ҳам уни яхши кўринглар, деб нидо қилади. Шунда осмон аҳли ҳам у бандани яхши кўриб қолади. Кейин ер юзидаги ҳамма одамлар у банданинг сўзини қабул қиладиган бўлиб қолади”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

  1. Ҳаётингиз силлиқ кечишини кутманг.

Умуман, бу дунё – синов майдони. Ундаги синовлар бири ортидан тўхтамай иккинчиси, учинчиси..... етиб келади. Ҳаёт аслида ана шундай битмас-туганмас имтиҳонлар занжиридир. Зеро, Аллоҳ таоло: «Биз (одамларни) синовчидирмиз» (Муъминун,30), деб марҳамат қилган.

 Шундай экан, ҳаётнинг барча яхши ва ёмон кунларини сабр ҳамда шукр билан енгишга ҳаракат қилинг. Аслида инсониятнинг яратилишидан кўзланган бош мақсад ҳам айнан синовли дунёдан қандай ўтишни аниқлашдир. Аллоҳ таоло «(У) сизларнинг қайси бирингиз чиройлироқ (савоблироқ) амал қилувчи эканингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган Зотдир» (Мулк, 2).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади.

 

Read 5483 times

Мақолалар

Top