Мақолалар

Ўз нафсига алданиш (2-қисм)

Нафснинг касалликларидан бири бу – инсонни Аллоҳнинг азобидан омонда ва жаннатга кириши кафолатланган деб тўла ишонч ҳосил қилиши. Бундай одам барча дуо, ибодатлари, зикру тасбиҳлари Аллоҳ таоло томонидан қабул бўлишига ишониб, нажот ва абадий розилик эшигини ишонч билан тақиллатади. Бироқ, унинг гуноҳлари ва камчиликлари туфайли, бу эшик унинг учун маҳкам ёпиқ ва минг афсуски у бундан шубҳаланмайди ҳам.

Ҳусайн ибн Яҳё менга Масрукдан эшитган бир воқеани айтиб берди. "Кунларнинг бирида Робия Адавийя илм мажлиси ёнидан ўтиб кетаётганида, Солиҳ ал-Муррий раҳимаҳуллоҳ йиғилганларга: "Ким эшикни астойдил тақиллатса, эшик албатта очилади", деди. Бу сўзларни эшитган Робия ал-Адавийя Солиҳга: “Эшик очиқ, лекин сиз ундан қочиб кетяпсиз! Биринчи қадамдан кейин адашсанг, мақсадингизга қандай эришмоқчисиз?" деди.

Агар банда нафсини шаҳват ва унинг ортидан югуришга йўл берса, унинг касалликларини даволай оладими?

Агар у ўзини эҳтирослардан ҳимоя қила олмаса, у қандай қилиб фойдасиз ва бекорчи истаклардан халос бўлишни хоҳлайди?

Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳамдоний бир донишманднинг Муҳаммад ибн Исҳоқ ас-Сақафийдан, Ибн Абу ад-Дунёдан занжир бўйлаб келган сўзларини менга айтганди. Бу гўзал сўзлар бундай янграйди: “Сизда бор экан камчилик (қусур)лар, руҳингиз топади деб ўйламанг сокинлик. Агар сиз гуноҳ юкини кўтариб юрар экансиз, ҳеч қачон жазодан қочиб қутулишга ва жаннатга тушишга бўлган ишончингиз комил бўлмасин!”.

 

Муолажа услуби

Машҳур олим Сирри ас-Сақатий (772-867) таъкидлашича, бу касалликни даволаш усули – тўғри йўлга эргашиб, фақат ва фақат ҳалол луқма билан таомланиш ва Аллоҳ таолога тақво ҳамда яхши амаллар билан интилиш.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мўмин банда токи жаҳаннам устидаги кўприкдан ўтиб кетмагунча ва уни ортда қолдирмагунча Аллоҳнинг азобидан қўрқишдан халос бўлмайди ҳамда унинг қалби тинчланмайди”.

Бу ўринда Ҳорис ал-Муҳосибий раҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги сўзларини ҳам келтириш ўринли бўлади: “Биз ўзимизни тақводор ва (гуноҳлардан) пок деб биламиз. Бироқ, эҳтимол, биз гуноҳкор ва гуноҳлардан ҳоли эмасмиз. Ахир қандай қилиб биз бундай эмаслигимизга ишонч ҳосил қилишимиз мумкин? Зеро, биз ҳар куни такаббурли ва худбинлигимиз сабабли ўтмишда қилган гуноҳларимизга яна гуноҳларга қўшиб борамизку”.

 

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг

"Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси" китобидан

Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

Read 1716 times

Мақолалар

Top