Мақолалар

“Оҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди!”

Дунёдаги энг осон иш – ёшларга панд-насиҳат қилиш. Энг қийин юмуш эса уларни юксак ахлоқий руҳда тарбиялаш ҳамда бунёдкор бир ғоя атрофида, Ватан равнақи йўлида жипслаштиришдир. Шу боисдан кишилик жамияти шакллангандан бери инсоният ёшлар тарбияси билан шуғулланиб, уларни тарбияли, илмли, одоб-ахлоқли бўлиб улғайишлари учун таълим-тарбиянинг янгидан янги усулларини яратиб, эскирди деб ҳисоблаганларидан воз кечиб келаётир.

Муқаддас Китобимиз Одам алайҳиссаломнинг Қобил деган фарзанди ноқобил чиққанидан бошлаб тарбия ғоят нозик масала сифатида ўртага чиққанидан хабар беради. Бундан тўрт минг йил бурун ёзилган “Калила ва Димна”да ҳам ёшлар тарбияси ўта мураккаб ва ҳар доим ҳушёрликни талаб этадиган масъулиятли вазифа экани айтилган. Чунки тарбияда ота-она, мактаб, боғчадан ташқари атроф-муҳитнинг ҳам таъсири кучли бўлади.

Ҳосили калом, Одам алайҳиссалом авлодлари неча юксалишларни, гуллаб-яшнашларни-ю, талотўпларни бошидан кечирган бўлса, уларнинг аксарида ёш авлод бош бўлган, бош бўлмаганларида ҳам асосий ҳаракатлантирувчи куч вазифасини бажарган.

Нега шундай? Чунки ёш вужудда қон жуда тез айланади. Шунинг ҳисобига улар чаққон ҳаракат қилади, тез фикрлайди, жадал қарор қабул қилади, янгиликларга ўч, жозибадор нарсаларга берилувчан бўлади, шунинг билан бирга, уларнинг табиати озгина тақлидчиликдан ҳам мустасно бўлмайди. Энг муҳими, ёшлар чарчоқ нималигини билмайди... Шу боисдан улар ҳамиша ҳамманинг, ҳар турли кучларнинг эътиборида бўлади...

Юртимизни ишғол қилган босқинчилар, улардан кейинги мустабид тузум ўта фаол равишда халқнинг, хусусан, ёшларнинг тарбиясини издан чиқариш билан шуғулланди. Ана шу бузғунчи мафкуранинг оқаваси собиқ Иттифоқдан қолган “мерос”лар сирасида ўтиб келди. Шунингдек, мамлакатимиз истиқлолга эришган йиллар шундай даврга тўғри келдики, ўша кезларда социалистик тузум инқирозга учраб дунёнинг қиёфаси буткул ўзгариб кетди. Ёшларнинг тарбиясига жиддий таъсир кўрсатадиган воқеа-ҳодисалар ривожи жадаллашиб кетгани боис муайян вақт мафкуравий бўшлиқ пайдо бўлиб ёшларнинг орасида тарқоқлик юз бергандек бўлди.

Ана шундай ҳолатларга йўл қўймасдан ёшларни жамиятнинг фаол аъзоларидан бўлиб ўзларининг ёрқин истеъдодини, изланувчанлик, ишчанлик ва ташкилотчилик қобилиятини намоён этсин, катта ютуқларни қўлга киритиб юртимиз шарафини янада юксалтирсин деган яхши ниятларда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ташкил этилган эди. Бу ҳаракат ўз олдига қўйилган мақсад, вазифаларни имконияти ва лаёқати даражасида бажариб келди. Аммо Ҳаракатнинг IV қурултойида муҳтарам президентимизнинг “Жисмоний ва маънавий етук ёшлар – эзгу мақсадларимизга етишда таянчимиз ва суянчимиздир” сарлавҳали нутқи ушбу ташкилот фаолиятига тийрак кўз билан қарашга ундади. Жумладан. давлатимиз раҳбари бундай деди: “Бу борада жаҳон тажрибасини узоқ-яқиндаги турли давлатлар тажрибасини ўргандик. Дунёдаги ривожланган, демократик давлатларда ёшлар ташкилотлари дабдабали, баландпарвоз тадбирлар ўтказиш эмас, балки ёшлар билан бевосита ишлаш, улар билан амалий мулоқот қилиш, уларни ўйлантираётган, ҳаётий муаммоларни ҳал этишга асосий эътибор қаратади”.

Бу гапларни эшитган кишининг кўз ўнгига дарҳол ёшлар учун ўтказилган ниҳоятда умумий мавзудаги тадбирлар ва ўша тадбирларда сўзланган умумий нутқлар, ундан кейин эса қўлбола юлдузлар ижросидаги тарбияга зид бўлган қўшиқнома шовқин-суронлар ёдига келади. Шундай эмасми? Бу ҳол ҳозир ҳам давом этаётганини президентимиз нутқининг давомида: “Масалан, “Камолот” радиосини, “Камолот”нинг Интернет сайтини оладиган бўлсак, юзаки тадбирлар, енгил-елпи қўшиқлар, ўзини-ўзи мақташ, чиройли қиёфалардан бошқа нарсани деярли кўрмаймиз”, дея очиқ-ойдин баён қилиб берди.

Президентимиз ўша кунги қурултойда “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи” ташкил этиш ҳақида таклиф билдирар экан, нима учун бундай фикрга келинганини еттита бандга бўлиб тушунтириб берди. Улардан бирида Ёшлар  ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази билан ишлашга масъул шахслар ҳақида гапирганда ўйланиб қолдим: масалан, мен ҳам отаман. Ёш авлод тарбиячиларидан бириман, айни кучга тўлган фарзандларим бор. Улар кун оша янги ғоялар, таклифлар айтади. Хўш, ўша ташаббусларнинг бирортасини қўллаб-қувватладимми? Уларнинг ўзлари ўйлаб топган ғояларини маъқуллаб, руҳлантириб қўйдимми?  Сиз-чи?

Фикримиз-ча, бу жиддий ўйлайдиган мавзу. Фарзандларининг ташаббусларни қўллашнинг ўрнига уларнинг ҳар тарафдан олдини қайтариб турган ота-оналар боласининг ҳам руҳини синдиради, жамиятга  ҳам катта зарар етказади. Иккинчи томондан боланинг режаси келажакка, яъни ўзининг замонига дахлдор. Биз ота-оналар эса бугуннинг одамимиз. Инсонларнинг тарбия борасидаги ана шу камчилигини тузатмоқ учун ҳазрати Али розияллоҳ анҳу: “Болангизни ўзингизнинг замонингизга эмас, ўзининг замонига қараб тарбияланг”, деган эди.  Зеро, тобора жадаллаб бораётган техника тараққиёти асри инсонлар олдига турли-туман муаммоларни кўндаланг қилиб қўймоқдаки, уларнинг ечимини навқирон авлод иштирокисиз топишнинг сира ҳам илож йўқ. Ана шундай масалалардан бири бевосита ёшларнинг ўзи билан боғлиқ. Президентимиз ўз нутқида ана шу масалага ҳам эътибор қаратиб, жумладан бундай деди: “Мактабда, лицей-коллеж ёки маҳаллада бир бола адашиб, нотўғри йўлга кириб кетар экан, бундан аввало унинг тенгдошлари, ёшлар ташкилоти хабардор бўлиши, ҳеч кимни тинч қолдирмасдан бонг уриши керак эмасми?”

Дарҳақиқат, бола бир кунда бир оқимга аъзо бўлиб қолмайди, бир неча кунда кайфкашликка ҳам ўрганмайди. У бундан олдин кимлар биландир танишади, ош-қатиқ бўлади. Кейин-кейин унинг гап-сўзларида уларнинг таъсири сезила бошлайди  ва ҳоказолар.  Ушбу жараёнлардан энг аввал унинг тенгдоши ва сафдоши хабардор бўлади. Ана шу бола тенгдошининг ҳолидан бошқаларни хабардор этиб, уни муқаррар фалокатдан сақлаб қолиш чорасини қилмаса ким қилади!..

Шунингдек, юртбошимиз ўша кунги нутқида хорижда ишлаб юрган ёшларимизни террорчилик ва экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолишдан асраш борасида ҳам амалий ишларни бажариш масаласига эътибор қаратди. Чет элларда ўқиётган, меҳнат қилаётган ёшлар билан иш олиб борадиган, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиладиган бир ташкилот тузиш кераклиги хусусида гапирар экан, “Ўзимизнинг болаларимиз ҳақида ўзимиз ўйламасак ким ўйлайди”, деди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг хабар беришича, биргина Россия федерациясининг ўзида 1.7 миллион Ўзбекистон фуқароси бор экан. Бошқа давлатларда яна қанча ватандошларимиз илм талабида, ризқ талабида юрибди. Мусофирчилик машаққатларини тортиб юрган юртдошларимиз президентимизнинг ана гапларини эшитиб қанчалар хурсанд бўлганини тасаввур қилинг.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Иқтидорли, тарбияли болалар билан ишлаш осон, лекин ҳаётда қоқилган ёки ёмон муҳитга тушиб қолган ёшларни тўғри йўлга, эзгу мақсадга даъват қилиш, ишонтириш қийин. Янги ташкилот мана шу оғир, лекин ўта зарур вазифани ўз зиммасига олиши айни муддао бўлади”.

Кеча Адлия вазири М.Икромов Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раиси Қ.Қуронбоевга Иттифоқнинг вазирликдан давлат рўйхатидан ўтказилган гувоҳномасини топширди.

Ёшларимизга жуда катта имкониятлар эшиги очилди. Ана энди уларга ҳавас қилиб, истиқболини тилаб дуолар қиламиз ва ортидан ғайратимиз жўшиб: “Оҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди!” деб қўямиз.

Дамин ЖУМАҚУЛ,

журналист

Read 5646 times

Мақолалар

Top