Мақолалар

Қиёмат кунининг 16 номи

Қуръони каримда қиёмат сўзи бир қанча номлар билан аталган. Уларни қуйида келтириб ўтамиз:  

  1. Соат (Ас-саъат).

«Айтинг: “Агар ростгўй бўлсангиз, ўйладингизми, агар сизларга Аллоҳнинг азоби келса ёки сизларга қиёмат келса, Аллоҳдан ўзгага илтижо қилган бўлармидингиз?”» (Анъом сураси, 40-оят).

  1. Қайта тирилиш куни (Явмул-баъс).

«(Ўша куни) илм ва имон берилган зотлар айтурлар: “Аниқки, сизлар Аллоҳ (Лавҳул-маҳфузда) ёзиб қўйганидек, тирилиш кунигача турдингиз. Бас, мана шу тирилиш кунидир. Лекин сизлар (қизиқмаганингиз сабабли бунинг ҳақ эканини) билмас эдингиз”» (Рум сураси, 56-оят).

  1. Ҳисоб-китоб куни (Явмуд-дийн).

«“Ҳолимизга вой! Бу жазо куни-ку!” – деб қолурлар» (Саффот сураси, 20-оят).

  1. Ҳасрат куни (Явмул-ҳасроти):

(Эй Муҳаммад!) Уларни (Макка мушрикларини) барча иш битирилган ҳасрат куни – (Қиёмат)дан қўрқитинг! Улар (бугун) ғафлатдадирлар, (шу сабабдан) улар имон келтирмайдилар” (Марям сураси, 39-оят).

  1. Нидолашув куни (Явмут-танаад).

“Эй, қавмим! Ҳақиқатан, мен сизларга нидолашув кунидан (қиёмат кунидан) қўрқаман” (Ғофир сураси, 32-оят).

  1. Ажрим куни (Явмул фасли).

“Мана шу сизлар (дунёда) ёлғон деб ўтган Ажрим кунидир” (Соффот сураси, 21-оят).

  1. Жамланиш куни (Явмул-жамъи).

«(Барча) шаҳарлар онаси (Макка аҳлини) ва унинг атрофидаги кишиларни огоҳлантиришингиз учун ва шубҳаси йўқ “тўпланиш куни” (қиёмат куни)дан огоҳлантиришингиз учун Биз Сизга мана шундай араб тилидаги Қуръонни ваҳий қилдик. (У кунда) бир гуруҳ жаннатда бўлса, бир гуруҳ дўзахдадир» (Шўро сураси, 7-оят).

  1. Қўрқитилган кун (Явмул-ваъийд).

(Тасаввур қилинг) Сур ҳам чалинди. Бу (кофирларга азоб) ваъда қилинган кундир (Қоф сураси, 20-оят).

  1. Ҳисоб куни (Явмул-ҳисаб).

«“Улар (Макка мушриклари масхара қилишиб): “Парвардигоро, бизларга (ваъда қилинган азобдан) насибамизни Ҳисоб кунидан илгари тезроқ келтира қолгин!” дедилар» (Сод сураси, 16-оят).

  1. Мангулик куни (Явмул-хулууд).

«“Унга (жаннатга) саломат кирингиз! Бу (кун) мангулик кунидир” (дейилур)» (Қоф сураси, 34-оят).

  1. Чиқиш куни (Явмул-хуруж).

“У кунда улар (барча халойиқ) у (даҳшатли) қичқириқни чинакамига эшитурлар. Бу (қабрлардан) чиқиш кунидир” (Қоф сураси, 42-оят).

  1. Воқеа (воқеъа).

“Ана ўша кунда Воқеа содир бўлур (қиёмат қойим бўлур)!” (Ҳааққо сураси, 15-оят).

  1. Ҳақиқатда рўй берувчи (Ал-ҳааққо).

(У) ҳақиқатан рўй берувчидир. (Ўша) ҳақиқатан рўй берувчи нимадир? (Эй Муҳаммад!) Ҳақиқатан рўй берувчининг нима эканини қаердан (ҳам) билар эдингиз?! (У қиёматдир) (Ҳааққо сураси, 1-3-оятлар).

  1. Катта бало (Ат-тооматул-кубро).

“Бас, қачон балойи азим (қиёмат) келганида” (Назиъат сураси, 34-оят).  

  1. Яқин кун (Явмул-азифа).

(Эй, Муҳаммад!) Сиз уларни яқин кундан (қиёматдан) огоҳлантиринг! Ўшанда улар юраклари ҳалқумларига тиқилиб, қайғуларини ютиб турурлар. Золим (кофир) кимсалар учун (у кунда) бирор дўст ҳам, маъқулланадиган шафоатчи ҳам бўлмас” (Ғофир сураси, 18-оят).

  1. Қаттиқ зарба берувчи (Ал-Қориаъ).

«Самуд ва Од (қабилалари) “қаттиқ зарба берувчи”ни (қиёмат кунини) инкор этдилар» (Ҳааққо сураси, 4-оят).

Манбалар асосида

Баҳриддин ХУШБОҚОВ таржимаси

Read 1169 times

Мақолалар

Top